Салим Ашур (1964)

0
587
марта кўрилган.

Салим Ашур 1964 йил 16 декабрда Тожикистон Республикаси Қўрғонтепа вилояти Қўрғонтепа туманида туғилди. 1974 йилда уларнинг оиласи Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманига кўчиб келишади.

Салим Ашур Қизириқ туманидаги 17-мактабни тугатиб (1982), Тошкент давлат университетининг журналистика факультетида таҳсил олди (1982–1989).

Илк шеърлари 6-синфда ўқиётган кезларида туман газетасида, республика матбуотидаги биринчи шеъри эса 1979 йили “Гулхан” журналида босилди.

Салим Ашур меҳнат фаолиятини Маданият ишлари вазирлиги Халқ ижодиёти республика марказида муҳаррирликдан бошлади (1989–1990). “Саодат” журналида (1990–1994), “Ўзбекистон овози” (1994–1996), “Ёзувчи” (1996–1997) газеталарида турли вазифаларда, “Туркистон” ва “Молодёжь Узбекистана” газеталари бош муҳаррири (2010–2014) лавозимида хизмат қилди. 2014 йилдан Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонида масъул вазифада ишлаб келмоқда.

Салим Ашурнинг “Яшил гиёҳ” номли биринчи китоби 1994 йилда чоп этилди. Шундан сўнг “Атиргул” (1994), “Сиз эртага келасиз” (1999), “Аталган кунлар” (2002), “Сенсиз” (2003), “Дарз” (2006), “Она тилим” (2008), “Келажакка қадам” (публицистик мақолалар, 2008), “Машиналар карвони” (болалар учун шеърлар, 2010) китоблари чоп этилди.

Матбуотдаги фаолияти қаламини чархлади, ҳаётни кенгроқ, чуқурроқ ўрганишда, воқелик психологиясини нозик илғаш ва туйишда катта омил бўлиб хизмат қилди. Ушбу йўналишлар шоир ижодига янги бадиий-эстетик ғоялар олиб кирди. Ижтимоий мазмун билан бойитди, поэтик образларнинг ҳаётийлигини, самимий ва таъсирчанлигини таъминлади. Шоир ижодидаги мавжуд сифат ўзгаришлари кетма-кет эълон қилинган мажмуаларида ўз аксини топди.

Салим Ашур 2012 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони билан тақдирланди.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.