Рафиқ Мўмин (1900–1951)

0
129
марта кўрилган.

Рафиқ Мўмин 1900 йилнинг 7 февралида Наманганда фақир ва серфарзанд оилада таваллуд топган. Унинг отаси Мулла Мўмин косибчилик қилиб ночор ҳаёт кечирса ҳам, аммо маънавий соғлом, бой турмуш кечирган, десак хато бўлмас. Нега деганда, у ўз хонадонида қишнинг узоқ тунларида ҳаммаслак дўстлари билан сандал атрофида навоийхонлик, фузулийхонлик, машрабхонлик гашти билан очлик, ночорликни ҳам унутиб яшаганлар. Табиатан иқтидорли, сезгир бўлган ёш Рафиқ ана шу ғазалхон муҳитда тарбия топди.

Мадрасада таҳсил кўрди, хусусий мутолаага берилди. Шу йўсинда у мумтоз адабиётимиз намояндалари ижодини ўрганди, эргашди, баъзан тақлид ҳам қилди. Айниқса, Машраб ижоди уни ўзига ром этди. Машрабнинг кўпгина шеърларини ёдлаб улгурди, ёдлабгина қолмай, ундаги асл маънолар мағзини, шеърий шаклларни ҳам ўзича таҳлилдан ўтказа борди. Ўзи ҳам ижод билан шуғулланган дастлабки кезларда “Машраб” тахаллуси билан шеърлар ҳам ёзди.

Дунёнинг паст-баландини англаган ота ўғли Рафиқнинг келажагини ўйлаб рус-тузем мактабида ўқитади. Шу баҳона у Шарқ мумтоз адабиёти қаторида А. С. Пушкин, Л. Н. Толстой каби рус адабиёти намояндалари ижоди билан танишиш, ўрганиш имкониятига эга бўлади. Хуллас, оқ-қорани эрта англаган йигит октябр тўнтариши кезларида большевикларга катта умид тутди. Шунинг оқибатида маҳаллий инқилобчиларнинг кўзга кўринган намояндаларига эргашиб янги мактаблар, янги маданият ўчоқларини ташкил этиш ишларига ҳам аралашди. Асли касби ўқитувчилик бўлган Рафиқ Мўмин дастлаб Намангандаги болалар уйларида тарбиячи ва ўқитувчи бўлиб ишлади. Айниқса, ота-онасиз қолган етим-есирларнинг бошини силади, ўқитди.

Шулардан айримлари, жумладан Раззоқ Ҳамроев, Санжар Тилла, Учқун Раҳмон ва бошқалар ўз илмий-ижодий ишлари билан халқимиз орасида машҳур бўлиб кетишган. Унинг ташаббуси билан 1925–1927 йилларда Наманганда тўртта янги мактаб бунёд этилган.

Раззоқ Ҳамроевнинг кейинчалик эслашича, “Рафиқ Мўмин фақат қалбдангина шоир бўлмай, ташқи қиёфаси, хатти-ҳаракати билан ҳам шоирона одам эди. Рафиқ аканинг Навоий, Лутфий, Фурқат ижоди ҳақидаги ҳикоялари жуда мароқли бўларди… Рафиқ ака яхши хонанда ва бастакор ҳам эди. У ўз шеърларига куй басталаб, болаларга ўргатар эди”.

Рафиқ Мўмин ўқитувчи, шоир ва публицист сифатида 20-30 йиллардаёқ Ғайратий, Ҳ. Олимжон, Миртемир каби машҳур адиблар эътиборига тушган. У ўз даврида лирик шеърлар қатори, сиёсий лирика намуналари ҳамда қиличдек кескир ҳажвий асарлари билан ҳам машҳур бўлган. Унинг кўпгина асарлари “Муштум”, “Машраб” каби журналларда тез-тез босилиб турган. Унда олғир, текинхўр ва порахўрлар, ландавур, ишёқмас, такасалтанглар, шунингдек, эски урф-одат ва бидъат ишлар кескин танқид қилинган. Айни чоғда ўнлаб лирик шеърларида баҳор, гул, булбул образларининг ёрқин бир гулдастасини ўз ўқувчисига совға этади. Жумладан, “Эй, гўзал ғунча”, “Гул капалаклари”, “Яна баҳор” каби шеърларида ўзининг ҳаёт ва одамлар, табиат ҳақидаги нозик туйғуларини омухта ифодалайди. “Эй, гўзал ғунча” шеърида:

 

Ҳасратда йиғлама, эй гўзал ғунча,

Йиғласанг йиғларман сенга ҳам шунча,

 

дея лирик қаҳрамоннинг руҳий ҳолатига яхлитлик бағишлайди. “Яна баҳор” шеърида:

 

Яна баҳор… яна ҳаёт қайнайди.

Мудраб ётган табиатга жон кириб.

Яшил ўтлар… себаргалар тирилиб

Яна борлиқ, нурга тўлиб яшнайди, –

 

каби халқона, бахшиёна мисралар яратади. Рафиқ Мўмин лирик ва ҳажвий шеърлар қатори “Иброҳим”, “Қапчиғай”, “Қизил қиз”, “Занглаган пичоқ”, “Болақўр”, “Тиёншон қизи” каби ажойиб достонлар, “Ёрилтош”, “Ишчи бобо”, “Ойдин” каби пьесалар ҳам яратди. У ана шундай ижодий камолот сари парвоз этаётганда қатағон занжири унинг ҳам елкасидан тортди.

У 1937 йилнинг 25 майида ҳибсга олиниб, ўн йилга Куйбишевдаги қамоқ лагерига сургун қилинди. Ўн йиллик қийноқлардан сўнг 1947 йилнинг ёзида ўз ватанига қайтиб келди. 1951 йилнинг 5 майида орттириб келган оғир касаллиги туфайли вафот этди. Истиқлол йилларида Рафиқ Мўминнинг “Қапчиғай” (1998) номли шеърлар ва достонлар китоби босилиб чиқди.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти 2016) китобидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.