Қутлибека Раҳимбоева (1952)

0
806
марта кўрилган.

Қутлибека Раҳимбоева 1952 йил 9 февралда Тошовузда туғилди. Фарғона давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетида таҳсил олди. Ўрта мактабда, Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида ишлади. Айни чоқда “Саодат” журналида хизмат қилади.

Ўзбекистон халқ шоири Зулфияхоним Қутлибеканинг илк шеърий туркумига “Саодат” журналида (1976) “Оқ йўл” тилаб, машқларида жамиятни, инсон ва ижтимоий воқелик руҳиятини англашга, уни таҳлил этишга интилиш устувор эканлигини қайд қилган эди. Қутлибеканинг “Юрагимда кўрганларим” (1981), “Узун кундузлар” (1984), “Уйғониш фасли” (1989) каби шеърий тўпламларидаги, “Чиройлисан, муҳаббат” ҳикоялар китобидаги қаҳрамонлар ўзбекнинг дарду қувончлари билан куюниб-суюниб яшаётган армонли, ғурурли, ориятли шахс, қуллик, қарамликка муросасиз, эрк учун курашчи, ўз миллатига садоқати чексиз, кечиримли инсонлардир.

Кейинги йилларда республика газета-журналларида шоиранинг “Ҳамма биладиган сир”, “Султон суягини хор этмас”, “Тил учидаги сўз” каби бугунги кун воқелигига муносабат билдирувчи, мунозарага чорловчи туркум публицистик мақолалари эълон қилинди. Унинг “Қишнинг охирлари” достонида “ўзбеклар иши” фожиалари умумлаштирилган; “Тавба” достонида умр бўйи икки хил ҳаёт кечирган, икки хил қиёфада яшаб, жамият манфаатлари йўлида ўзини қурбон қилган мажруҳ бир инсон ҳақида, унинг руҳий азобларию фожиали тақдири ҳақида баҳс боради. Шоира “Тоҳирнинг Зуҳроси” номли драматик асар ҳам ёзди. У таржимон сифатида Леся Украинка, Марина Цветаева каби шоираларнинг асарларини она тилимизга ўгирди.

Қутлибека Раҳимбоева сўнгги йилларда яратилган бир қатор шеърий туркумлари учун “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “Шарқ юлдузи” журнали ҳамда Москвада чоп этиладиган “Смена” ойномасининг мукофотларига сазовор бўлган.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Қутлибека Раҳимбоева 1999 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.