Қўчқор Норқобил (1968)

0
1862
марта кўрилган.

Қўчқор Норқобил 1968 йилнинг 5 март куни Сурхондарё вилояти, Олтинсой туманидаги Мўминқул қишлоғида таваллуд топди. Ўрта мактабни тугатиб, 1986–1988 йилларда афғон урушида қатнашди. 1992 йилда Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини тамомлади. Меҳнат фаолиятини “Туркистон”, газетасида бошлаб, кейинчалик “Ўзбекистон овози”, “Халқ сўзи” газеталари ва “Саодат” журналида ишлади. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги муассислигидаги “Инсон ва қонун” газетаси бош муҳаррири вазифасида хизмат қилади.

Қўчқор Норқобилнинг ижоди ўтган асрнинг 80-йилларда бошланди. “Босинқираш”, “Асорат”, “Хун” ҳикоялари, “Дарё ортидаги йиғи” қиссаси чоп этилди. Адиб ижодида “Дарё ортидаги йиғи” (1994) қиссаси муҳим ўрин тутади. Унда афғон юртида муаллиф ўз кўзи билан кўрган, бошидан кечирган ҳаётий воқеалар маҳорат билан ифода этилган. Мазкур қисса ёшлар ташкилотининг Усмон Носир номидаги мукофотига сазовор бўлган эди.

“Кафтимдаги қизғалдоқ” (1990), “Хосиятли дунё” (1993), “Дераза раҳидаги гул” (2007) каби шеърий ва “Дарё ортидаги йиғи” (1994), “Кулиб тур, азизим” (2005), “Қуёшни ким уйғотади?..” (2008), “Кўзларингни кўргани келдим” (2012), “Афғон: 2 рота” (2012) каби насрий китоблари чоп этилган. “Тақдир синовлари” (2010), “Қуёшни сен уйғотасан” (2011), “Нур сояда қолмайди”, “Омад биз томонда”, “Сув кўрмай этик ечма” (2012), “Заминдан олис кетма” каби драмалари пойтахт ва вилоят театрларида саҳналаштирилди.

Қўчқор Норқобил 2001 йил “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонига сазовор бўлган.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.