Пабло Неруда (1904–1973)

0
317
марта кўрилган.

ХХ аср жаҳон адабиётининг улкан намояндаси, шоир, кўплаб миллий ва халқаро мукофотлар совриндори, фаол жамоат арбоби ва сиёсатчи, тинчлик учун толмас курашчи. Ҳақиқий исми – Нефтали Рикардо Рейес.

Чилининг жанубидаги Паррал шаҳарчасида темирйўлчи оиласида туғилган Пабло Неруданинг болалиги Темуко шаҳрида – оғир шароитда ўтган. Болалигидан шеър ёза бошлаган. 1921 йилда “Байрам қўшиғи” шеъри талабалар адабий танловида ғолиб чиқиб, мукофот олади. 1923 йилда илк китоби “Тун манзаралари”, 1924 йилда эса иккинчи китоби – “Муҳаббат ҳақида йигирма шеър ва умидсизлик ҳақида бир қўшиқ” нашр этилади. Педагогика институтининг филология факультетини битиргандан сўнг бир неча йил дипломатик хизмат тақозосига кўра бир қатор Осиё ва Европа мамлакатларида бўлади.

Шоир ижодининг биринчи чўққиси дея баҳоланган “Ватанимиз битта – она ер” шеърлар тўплами 1933 йилда ёзилади, 1935 йилда нашр этилади.

Испанияда рўй берган фуқаролар уруши даврида Пабло Неруда Мадридда яшаб, Чили элчихонасида фаолият юритади. Испаниядаги уруш воқеалари таъсирида “Испания юрагимда” шеърлар китобини яратади. Иккинчи жаҳон уруши даврида фашизмга қарши нафрат ва узоқ қамал қилинган шаҳар аҳолисига хайрихоҳлик руҳи билан суғорилган “Сталинградга муҳаббат қўшиғи” туркум шеърларини ёзиб, гавжум шаҳарларда ўқийди. Плакат шаклида кўп нусхада чоп этиб, кўчаларга осиб қўяди.

1948–1952 йилларда қувғинда яшириниб юради, Чили полициясидан қочиб чет элларда яшайди. 1949 йилда шоир ўзининг асосий китоби – “Башарият қўшиғи” эпопеясини яратади. Китоб 1950 йилда Мексикада нашр этилади, асар яширин тарзда Чилида ҳам босилади. “Башарият қўшиғи” шоир ижодининг энг юксак чўққисидир.

Европа ва Осиё мамлакатларига сафар “Узумзорлар ва шамоллар” (1953) шеърлар китобини яратиш учун катта манба беради. Кейинги икки йил давомида шоир фалсафий қасидалар битади: “Оддий буюмларга қасида” (1954) ва “Оддий буюмларга янги қасидалар” (1955). Бу билан шоир эпик жанрга мурожаат этади. 1957 йилда эса Пабло Неруда “Қасидаларнинг учинчи китоби”ни “Эстравагарио” (“Ақлий довдираш” ва “Ҳеч нима – ва деярли ҳамма нарса”) номи билан эълон қилади.

1969 йилда “Ҳамон…”, 1970 йилда “Қиёмат” шеърлар китоби нашр этилади.

1971 йилда Пабло Неруда адабиёт бўйича Нобель мукофоти билан тақдирланади.

Пабло Неруда 1949 йилда Россияда Пушкин таваллудининг 150 йиллигига бағишланган халқаро адабий анжуманда иштирок этади. Россия ва қардош республикаларнинг кўплаб ёзувчи-шоирлари, шу жумладан Ғафур Ғулом билан танишади. 1962 йилда Пабло НерудаТошкентга келади, адабий учрашувларда иштирок этади, Ўзбекистон халқ шоири Ғафур Ғуломнинг Бешёғочдаги уйида меҳмон бўлади.

1973 йилнинг 11 сентябрида фашистлар Чилида давлат тўнтаришини амалга оширадилар. Мамлакат Президенти Салвадор Альендени отиб ўлдиришади. Ўз ватанининг ва халқининг бошига тушган мусибат туфайли 1973 йилнинг 23 сентябрида Пабло Неруда ҳалок бўлади. Фашистлар Пабло Неруданинг Сантягодаги уйини вайрон қиладилар. Вафотидан кейин шоир ҳаётлигида чоп этолмаган китобларини турли мамлакатлардаги дўстлари, мухлислари босмадан чиқариб, кўп нусхаларда тарқатишади.

“Саволлар китоби”да битилган эзгу, қув, айни пайтда мураккаб саволлар ҳар бир ўқувчини жавоб излашга, дунёнинг сиру асрорлари ҳақида тасаввур қилишган ундайди.

“Ёлғиз атиргул” китобининг номи рамзий маънода машҳур Аку-Аку қабилаларининг макони қадимий Рапа Нуи оролларини англатади. Шоир ўлимидан бир оз аввал ўша ерни зиёрат қилган эди.

Пабло Неруда шеърлари, насрий асарларини ҳамон ўқувчилар севиб мутолаа этишади.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.