Ойдин (1906–1958)

0
547
марта кўрилган.

Ўзбек хотин-қизлари орасидан етишиб чиққан адиба Ойдин (Манзура Собирова) 1906 йили Тошкентда, ҳунарманд оиласида туғилган. Ойдин 1919 йили Тошкент хотин-қизлар билим юртига ўқишга киради. Уни 1923 йили тамомлаб, ўқитувчилик қилади.

Ёшликдан адабиётга ҳавас қўйган Манзура кичик-кичик шеърлар билан матбуотда кўрина боради. Самарқанддаги Педагогика академиясида ўқиб юрган пайтларида (1927–1933) Ҳамид Олимжон, Уйғунлар билан яқиндан танишуви унинг ижодида катта рол ўйнайди. Унинг диний бидъатларни фош этувчи “Янгиликка қадам” номли биринчи пьесаси 1925 йилда босилиб чиқади.

Шундан сўнг “Тонг қўшиғи” (1931), “Чечан қўллар” (1932), “Ойдин шеърлар” (1937) каби шеърий тўпламлари эълон қилинади. Ойдин 30-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб ҳикоя жанрида ижод қила бошлайди. Унинг “Эслаш ёки виговор” (1938) номли дастлабки ҳикоясида меҳнатнинг инсонни тарбиялашдаги роли ифодаланган. “Чақалоққа чакмонча”, “Ширин-шакар”, “Уялди шекилли, ерга қаради”, “Садағанг бўлай, командир” ҳикояларида севги-муҳаббат, садоқат мавзулари акс эттирилган. Адибанинг “Ямоқчи кўчди”, “Ҳазил эмиш”, “Гулсанам” (1938) асарларида ўзбек халқининг яқин ўтмиши, ишчи-деҳқонларнинг оғир ҳаёти тасвирланган.

Ойдиннинг уруш ва ундан кейинги тинч қурилиш йилларида нашр этилган “Қизлархон” (1943), “Мардлик – мангулик” (1947), “Ҳикоя ва очерклар” (1952), “Ҳикоялар” (1954) каби тўпламларида кишиларнинг ватанпарварлиги, қаҳрамонлик фазилатлари, фронт ва мамлакат ичкарисидаги жонбозликлари, тинчлик давридаги меҳнати ўз ифодасини топган.

Ойдин бу даврда очеркнавис сифатида ҳам танилди. Унинг “Эл қувончи”, “Менинг қаҳрамоним”, “Ватан учун жон фидо” каби очеркларида фидойи ўзбек аёллари образи яратилган. Ойдин “Ўзбекистон хотин-қизлари” (“Саодат”) журналининг биринчи муҳаррири бўлган.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти 2016) китобидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.