Носир Фозилов (1929)

0
3735
марта кўрилган.

Ёзувчи Носир Фозилов адабиётимизнинг қутлуғ даргоҳига ўтган асрнинг 50-йилларнинг иккинчи ярмида кириб келган. Ҳозиргача етмишдан ортиқ китоб чоп эттирди. Уларнинг аксарияти таржима асарлардир.

У 1929 йили Қозоғистоннинг Чимкент вилоятига қарашли Туркистон туманидаги Қориз қишлоғида таваллуд топди. Ота-онаси деҳқончилик билан шуғулланган, буваси Турсунмуҳаммад Аълам “Ғурбатий” тахаллуси билан шеърлар ёзган. Камий, Хислат, Сидқий-Хондайлиқийлар билан ҳамнафас, ҳамфикр бўлиб ижод қилган. Тошкентда унинг учта шеърий китоби чоп этилган.

Носир Фозиловнинг болалиги уруш даврига тўғри келганлиги учун ҳам ўқиб, ҳам ишлашига тўғри келди. Шу туфайли у ўз тенгдошларидан анча кеч, яъни, 1949 йилда ўрта мактабни тугатган. Сўнг Тошкентга келиб, Ўрта Осиё Давлат университетига ўқишга киради. Уни 1954 йилда тугатади. Шундан сўнг “Гулхан”, “Шарқ юлдузи” каби журналларда, нашриётларда турли лавозимларда ишлайди.

Адибнинг биринчи ҳикояси 1953 йилда босилган. Илк китоби 1959 йилда “Ирмоқ” номи билан чоп қилинган. Сўнгра “Оқим” (1962), “Робинзонлар” (1964), “Қуш қаноти билан” (1965), “Қорхат” (1968), “Кўклам қиссалари” (1970), “Жўхори тузоқ” (1971), “Саратон” (1975), “Кичкина деманг бизни” (1977), “Дийдор” (1979), 2 жилдлик “Танланган асарлар” (1982–1983), “Шум боланинг набиралари” (1985), “Болалигим ‒ пошшолигим” (1989), “Бир отар тўппонча”, “Тошкентнинг носи”, “Саид Аҳмад номинг баланд” (1995), “Мунаввар лаҳзалар” (1998), “Эсласанг кўнглинг ёришур” (2003), “Устоз сўзлаганда” (2007), “Топдиму йўқотмадим” (2010) каби ўнлаб китоблари нашрдан чиқди.

Носир Фозилов таржимон сифатида айниқса самарали ижод қилди. Ш. Ҳусаиновнинг “Нурли тош” (пьеса, 1952), С. Муқоновнинг “Ҳаёт мактаби” (қисса, 1954), “Чўпон ўғли” (қисса, 1960), “Чўлоқ полвон” (қисса, 1970), Б. Мустафиннинг “Қарағанда” (роман, 1956), Қ. Абдуқодировнинг “Хожимуқон” (қисса, 1959), Ғ. Мусреповнинг “Қозоқ солдати” (роман, 1960), “Чўлқор” (қисса ва ҳикоялар, 1960), “Қирон қуш қўшиғи” (қисса, 1970), Мухтор Авезовнинг “Қараш-қараш воқеаси” (қисса, 1960), “Абай ‒ халқ фарзанди” (пьеса, 1970), М. Авезов, Л. Соболевнинг “Абай” (трагедия, 1970) асарларини таржима қилган. Шунингдек, рус, туркман, қирғиз адибларининг ҳам асарларини ўзбек тилига ўгирган. Айни пайтда Н. Фозиловнинг ҳам рус, туркман ва қозоқ тилларида китоблари чоп этилган, шунингдек, асарлари арман, латиш, грузин, ҳинд, араб, озарбайжон тилларига таржима қилинган.

Унинг ана шундай самарали меҳнатлари зое кетмади. 1985 йилда у “Шум боланинг набиралари” китоби учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ғ. Ғулом номидаги, 1986 йилда эса қозоқ адабиётидан қилган таржималари учун Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасининг Байимбет Майлин номидаги мукофотлар соҳиби бўлди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Носир Фозилов 1999 йили “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган. 2011 йили “Топдиму йўқотмадим” китоби учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат мукофоти билан тақдирланди.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.