Нормурод Норқобилов (1953)

0
4171
марта кўрилган.

Нормурод Норқобилов 1953 йил 7 июнда Қашқадарё вилояти, Яккабоғ туманидаги Қишлиқ қишлоғида туғилди. Ҳарбий хизматда бўлиб қайтгач (1971–1973), завод-фабрикаларда слесарь, темир йўл деполарида вагон тузатувчи, станцияларда юк туширувчи бўлиб ишлади. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетида таҳсил олди (1976–1982).

1982–1983 йилларда “Тошкент оқшоми” газетасида хизмат қилди. 1983 йилдан эътиборан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида фаолият юритиб келади. У бу ерда “Темур ғори”, “Икки дарё оралиғида”, “Тамаддун излари” номли экспедиция йўналишидаги кўрсатувлар тайёрлаш жараёнида Ўзбекистоннинг кўпгина тоғ-адирлари, қирлари, дала-даштларини қадамба-қадам кезиб чиқди. Ҳайвонот-наботот дунёсини ўрганди. Ва бу нарса кейинчалик дунёга келган “Чангалзор ити”, “Оқбўйин”, “Тоғ одами”, “Пахмоқ”, “Овул оралаган бўри” каби қиссаларида ўз аксини топди. Булардан ташқари адибнинг яна “Унутилган қўшиқ”, “Зангори кўл”, “Юзма-юз”, “Темир ғори”, “Аразчи чумчуқ”, “Сариқгул”, “Жўшқин дарё”, “Бекатдаги оқ уйча”,“Бўрон қўпган кун”, “Дашту далаларда”, “Тоғдаги ёлғиз одам”, “Амир Темур изидан” каби роман, қисса, ҳикоя ва мақолалар тўпламлари нашр этилди. Бир қатор асарлари рус, қозоқ, қирғиз, турк, татар, инглиз, араб тилларига таржима қилинди. Болаларга бағишланган ҳикоялари қирғиз, қозоқ мактаблари бошланғич синфлар дарсликларига киритилди. “Қуёши ботмайдиган юрт”, “Белбоғ”, “Шим ёхуд хотинлар жанжали” каби видеофильмлар унинг асарлари асосида тасвирга олинди.

Нормурод Норқобиловнинг кўпйиллик хизматлари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвони ҳамда “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.