Нодир Норматов (1950–2017)

0
211
марта кўрилган.

Нодир Норматов 1950 йил 24 декабрда Сурхондарё вилояти, Шеробод туманидаги Пошхурд қишлоғида туғилди. ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетида таҳсил олди (1967–1972).

Меҳнат фаолиятини Ўзбекистон илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар киностудиясида режиссёр ёрдамчиси, муҳаррир, диафильмлар бўлими бош муҳаррири вазифаларида ишлади (1972–1974). Шундан сўнг “Саодат” журналида (1974–1979), “Совет Ўзбекистони” журналида (1979–1983), “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида (1983–1989), Ўзбекистон Маданият фондида (1989–1991) турли лавозимларда хизмат қилди. 1997 йилдан эътиборан Ўзбекистон Бадиий Академиясида бош мутахассис, Халқаро Алоқалар марказида тижорат директори, 1998 йилдан бошлаб “Санъат” журналининг бош муҳаррир ўринбосари, 2000 йилдан бош муҳаррир вазифаларида хизмат қилди. 2009 йилдан Ўзбекистон Бадиий Академияси Ахборот ва халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келади.

Нодир Норматовнинг “Тиниқгул” номли илк ҳикояси 1974 йилда “Саодат” журналида эълон қилинди. “Кўҳитанг ҳикоялари” номли биринчи китоби 1977 йилда босилиб чиқди. Шундан сўнг “Бисот” (1982), “Жазо” (1985), “Жарликдан қушлар учди” (1986), “Исмоил тоғанинг тарозиси” (1987), “Дарахт тагидаги одам” (1988) қиссалари, “Баригал” романи эълон қилинди. “Рўзи Чориевнинг сўнгги васияти” роман-эссеси санъатшунослар, адабий жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди, рус тилига таржима қилинди. “Камалак яшайдиган уй” китоби эса рассом ҳақида болаларга мослаб нашр этилди.

Нодир Норматовнинг “Кумуш ёнғоқлар”, “Жазо”, “Исмоил тоғанинг тарозиси” қиссалари ва бир қатор ҳикоялари санкт-петербурглик ёзувчи Ганна Немирко томонидан рус тилига таржима қилиниб, “Голубие орехи” (1990) номида чоп этилди.

Нодир Норматов санъат арбоблари, халқ усталари тўғрисидаги йигирмадан ортиқ ҳужжатли фильмлар муаллифидир

У таржимон сифатида қадимги Сурия ёдгорликларидан “Панднома” китобини (Г. Норматова ҳамкорлигида), К. Паустовскийнинг “Исаак Левитан” қиссасини, А. Несиннинг “Ломакон” пьесасини ўзбек тилига ўгирди.

Ёзувчи бадиий ижоддаги ютуқлари учун 2010 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китоби асосида тайёрланди.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.