Муҳиддин Омон (1963)

0
3722
марта кўрилган.

Муҳиддин Омон 1963 йилнинг 18 мартида Самарқанд вилояти, Пайариқ туманидаги Қоракесак қишлоғида туғилди. 1985 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультетини имтиёзли диплом билан битирди. “Ўзбекистон” нашриётида, “Соғлом авлод учун” журналида, Ғ. Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида турли лавозимларда ишлади. Ўз ижодий фаолияти давомида муҳаррир сифатида 350 дан ортиқ адабий-бадиий, илмий-оммабоп, ижимоий-сиёсий ҳамда, маънавий-маърифий китобларни нашрга тайёрлади. Айни пайтда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг масъул ходими сифатида хизмат қилади.

Шоирнинг шу пайтгача “Кўнгил дарбозаси” (1993), “Толе фасли” (1997), “Мунаввар соғинч” (2009), болалар учун “Даканг хўроз ва унинг жўжалари” (1999,2006), “Соғломжон алифбоси” (2005), “39 топишмоқ” (2011), “Зеҳни аъло, тили бурро” (2012), “Буюмлар тилга кирса” (2012) каби шеърий китоблари чоп этилди.

Муҳиддин Омон таржимон сифатида XVI аср португал шоири Луис де Камоэнс сонетларини, инглиз ёзувчиси С. Моэм эссе ва ҳикояларини, америкалик адиб Р. Блох асарларини, Нобель мукофоти лауреати К. Гамсуннинг “Эдварда” (аслиятда “Пан”), голландиялик адиба Вилли Корсарининг “Мангу изтироб” романларини, рус шоирлари К. Бальмонт, Б. Пастернак, С. Маршак, А. Барто, Л. Каминский, Латиш шоирлари Ояр Вациетес, Имант Аузинь, Петерис Зирнитис шеърларини, Англия халқ балладаларини, нидерланд шоирлари Виллем Клосс, Герман Гортер ижодидан намуналарни рус тилидан, Мирза Ҳасан Қорабоғий ғазалларини озарбайжон тилидан ўзбек тилига ўгирди. М. Омон “Жаҳон адабиёти” журнали томонидан адабиётшунос олим О. Шарафиддинов хотирасига бағишлаб таъсис этилган мукофотнинг 2014 йилдаги “Энг яхши шеърий таржималар учун” номинацияси ғолиби бўлди.

У олтмишдан ортиқ қўшиқлар, бир неча ҳужжатли фильмлар сценарийси муаллифи ҳамдир.

Муҳиддин Омон шеърларида элу юрт корига яраш, она тупроққа садоқат сингари туйғулар ниҳоятда самимий, баландпарвоз ибораларсиз, туйғуларнинг ички товланишлари тарзида, ўзига хос фалсафий хулосалар, бадиий умумлашмалар воситасида ифодаланади.

 

Жаҳолатни сўрма, унинг кўп хили,

Оқилни жоҳилдан фарқламоқ душвор,

Токи, оғир дамда бирикмас эли,

Ҳар улус бағрида дарди жоҳил бор!

 

Муҳиддин Омоннинг луғат заҳираси бой, сўз қўллашдаги маҳорати бўртиб кўзга ташланади. Турли шаклларда бирдек самарали ижод этиши ижодкорнинг Шарқ ва Ғарб адабиёти ижодий тажрибаларидан воқифлигини англатади.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.