Мирзо Кенжабек (1956)

0
1407
марта кўрилган.

Мирзо Кенжабек 1956 йил 20 февралда Сурхондарё вилоят, Сариосиё туманидаги Меҳнат қишлоғида туғилди. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетида (1974–1979), Имом ал-Бухорий номидаги Тошкент Олий ислом институтида (1998–2001) таҳсил олди.

Собиқ “Ёш гвардия”, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётларида, “Муштум” журналида, Абдулла Қаҳҳор уй-музейида, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида турли лавозимларда хизмат қилди.

Биринчи шеърий тўплами “Адашган мактубларим” 1982 йилда босилди. Шундан кейин шоирнинг “Қуёшга қараган уй” (1983), “Муножот” (1986), “Шарқ тили” (1988), “Баҳорим еллари” (1991) каби шеърий китоблари, қатор публицистик мақолалари нашр этилди.

Шоирнинг озодлик ғояси балқиб турган “Дилдошлик”, “Тил эрки – эл эрки”, “Халқ номидан ёлғон сўзламанг”, “Юрагимда оёқ изи бор”, “Фитна санъати” каби публицистик мақолалари ўз вақтида ёзилганлиги билан қадрлидир. Мирзо Кенжабекнинг яна “Сайланма” шеърий китоби, “Қафасдаги озодлик” (Ёзувчи Шуҳратнинг ҳибсдаги ҳаётига бағишланган), “Дунёнинг муршиди” (2004), “Эътироф” (2005) асарлари ҳам мухлисларга муносиб туҳфа бўлди.

Мирзо Кенжабек таржимон сифатида Ҳофиз Шерозий, Шайх Саъдий Шерозий, Николас Гилен, Геворг Эмин, Якуб Колас, Лойиқ Шерали, Ўлжас Сулаймон каби шоирларнинг туркум шеърларини она тилимизга ўгирди. Жаҳон адабиётининг нодир намуналаридан Фаридиддин Атторнинг “Тазкират ул-авлиё” асарини аввал усмонли турк тилидан табдил этиб нашр қилгач (1997), сўнгра форс тилидан ўзбекчага қайта ўгириб, эълон қилди. Мумтоз араб шоири ва олими Усмон Ўшийнинг саҳиҳ ақоид мавзуидаги “Омолий” манзумасини араб тилидан таржима қилди (1999).

Шунингдек, нақшбандия тариқати намоёндалари Маҳмуд Асъад Жўшоннинг “Ҳақиқий севги” (1998), Муҳаммад Зоҳид Қўтқу ибн Иброҳим ал-Бурсавийнинг “Аҳли суннат вал-жамоат” (1999) китобларини, Қутбиддин Изникийнинг “Муршиди мутааҳҳилин” (“Ёш келин-куёвларга маслаҳатнома”, 1999), улуғ ватандошимиз Абу Исо Муҳаммад ат-Термизийнинг “Сунани Термизий” (“Ал-жомиъ ас-саҳиҳ”) асарларини маҳорат билан она тилимизга ўгирди. Бу маърифий изланишлар натижасида унинг “Термиз тазкираси” асари майдонга келди (2001).

Истиқлол йилларида шоирнинг “Ватан, кўзлардасен, қароқлардасен”, “Ўзингда нур бўлса, нурни кўргайсан” каби туркум шеърлари, бир қанча маърифий мақолалари эълон қилинди. Пушкиннинг “Евгений Онегин” шеърий романи, Махтумқулининг “Сайланма” китоби (2004), Ж. Олдрижнинг “Ғаройиб мўғил оти” қиссаси (2004), Зайниддин Восифийнинг “Тошкент таърифида маснавий” (2009) асарлари таржимаси ҳам Мирзо Кенжабек қаламига мансубдир.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.