Миркарим Осим (1907–1984)

0
10376
марта кўрилган.

Тарихий мавзудаги асарлари билан машҳур бўлган Миркарим Осим 1907 йили Тошкентда зиёли оиласида дунёга келган. 1917–1920 йилларда “Шамс ул-урфон” номли бошланғич мактабда ўқиган. 1921–1924 йилларда эса Наримонов номидаги таълим ва тарбия техникумида таҳсил кўрган.

Москва Давлат педагогика институтининг тарих-иқтисод факультетида (1926–1930) таҳсил олгач, дастлаб Самарқанддаги ўқитувчилар тайёрлаш курсида, 1932 йилдан эса Ўзбекистон Маориф халқ комиссарлиги қошидаги Педагогика фанлари илмий-тадқиқот институтида хизмат қилади.

Миркарим Осим ўз фаолиятини шеърлар ёзиш билан бошлади. Тарих фанидан қўлланма, тавсия, дарсликлар яратди. 1940 йилдан Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи “Астробод”, “Алишер Навоий ва Дарвешали”, “Бадарға”, “Навоийнинг хислатлари”, “Улуғбек ва Навоий” сингари тарихий қисса ва ҳикоялар ёзади.

Адиб бутун умри мобайнида тарихий қиссалар ёзиш билан машғул бўлди; ёш авлодни тарихий ўтмиш ва унинг машҳур кишиларига нисбатан ҳурмат руҳида тарбиялаб, ватанпарварлик, инсонпарварлик ғояларини улуғлади.

Миркарим Осим асарларини мавзу йўналиши бўйича уч катта гуруҳга ажратиш мумкин:

  1. Тарихий-қаҳрамонлик мавзуидаги асарлар.
  2. Тарихий-маиший мавзудаги асарлар.
  3. Тарихий-биографик асарлар.

Қаҳрамонлик мавзуидаги асарлар жумласига ижодкорнинг “Ўтрор”, “Темур Малик”, “Александр ва Спитамен” каби қисса ва ҳикояларини киритиш мумкин.

Маиший мавзудагиларга “Моҳларойим ва Хонпошша”, “Карвон қўнғироғи”, “Элчилар” каби асарлари киради.

Унинг “Зулмат ичра нур” (Навоий ҳақида), “Жайҳун устида булутлар” (Беруний ҳақида), “Ибн Сино қиссаси”, “Алжабрнинг туғилиши” (Ал-Хоразмий ҳақида), “Синган сетор” (Машраб ҳақида) каби қиссалари эса тарихий-биографик мавзудаги асарлар ҳисобланади.

Миркарим Осим 40-йиллар шўро қатағони қурбонларидан бири бўлиб, кўп йиллар давомида тутқунликда яшайди. 50-йилларда ватанига қайтган ижодкор тарихий асарлар ёзишда давом этади. Нашриётларда муҳаррир бўлиб ишлайди.

Миркарим Осим тарихнавис адиблар орасида ўтмиш ҳақиқатини бузмай, уни қайта бадиий жонлантириши билан ажралиб туради. Унинг асарлари тарихнавис адибларнинг кейинги авлоди учун адабий мактаб вазифасини ўтайди.

Таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан унга “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони берилган.

2001 йили ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун Миркарим Осим “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланди.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти 2016) китобидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.