Минҳожиддин Мирзо (1965)

4
827
марта кўрилган.

Минҳожиддин Мирзо 1965 йилнинг 30 июлида Андижон шаҳрида туғилди. 1983 йилда ҳозирги Ўзбекистон миллий университетининг журналистика факультетига ўқишга кириб, (1984–86 йилларда ҳарбий хизматда бўлгани сабаб) 1990 йилда тамомлади.

Ҳозирги Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида (1990–1998), Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида (1998–2003), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида (2003–2006), “Шарқ юлдузи” журналида (2005–2006) турли вазифаларда ишлади. Республика Маънавият ва маърифат кенгаши раҳбари, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси биринчи ўринбосари, Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазири лавозимларида (2006–2014) хизмат қилди. 2014 йилдан жамоатчилик асосида Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқалар дўстлик жамиятлари кенгаши раиси ҳамда “Гулистон” журнали бош муҳаррири сифатида фаолият юритади.

Минҳожиддин Мирзо ўқувчилик пайтларидан маҳаллий матбуот нашрлари, шунингдек, Ўзбекистон радиосининг “Келажак тонги” дастури ҳамда “Тонг юлдузи” газетасида, талабалик йилларида эса “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик”, “Ёш куч” журналлари, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Туркистон” газеталарида ўз шеърлари, долзарб мавзудаги публицистик чиқишлари, ҳажвий асарлари билан фаол иштирок этиб келди.

Шоирнинг “Нилуфар” (1996), “Висол хабари”(2002), “Юлдузим”(2007), “Кўнглим куртаклари” (2015), “Гуллаш пайти келди, боғларим” (2015) шеърий тўпламлари, “Саодатга элтувчи қудратли куч” (2008) эсселар тўплами чоп этилди. Бобораҳим Машрабга бағишланган “Қайғу гули”, Амир Темур сийратига доир “Соҳибқирон ёғдуси”, Бобур ҳақидаги “Соғинч салтанати” достонлари нашр этилди.

Минҳожиддин Мирзо таржимон сифатида А. Пушкин, Р. Ҳамзатов, С. Щипачев шеърларини она тилимизга ўгирди. Шунингдек, ўзининг бир қанча шеърлари ҳам тожик, инглиз, корейс тилларига таржима қилинди.

Минҳожиддин Мирзо 1999 йили “Шуҳрат” медали, 2002 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони билан тақдирланган.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.

4 Мулоҳаза

    • Китоб дўконларидан сўраб кўринг. Ёки Миллий кутубхонанага бориш мумкин. Электрони сайтда йўқ.

  1. Kitob do’konlaridan topa olmadim. Bobur nomli Andijon viloyati kutubxonasida ham yo’q ekan. Nahotki andijonlik bola turib oz yurtining kutubxonasiga bitta kitob sovg’a qila olmaydigan shoirlar ham bor.Yoki men adashyapmanmi. Adashgan bolsam uzr! Men shu kitobni o’qigim kelgandi. Chunki unga qiziqib qolgandim.
    Boburiylar beshigi deng
    Bilguvchi jahon Andijon!
    Shu satrlar menga juda yoqgan edi, chunki men Andijonni yaxshi koraman va bu bilan faxrlanaman!!!

    • Бирор кутубхонасига китоб совға қилиш ҳеч кимнинг мажбурияти эмас, менимча. Ҳар қандай киши ҳақида яхши гумонда бўлган афзал. Балки у кишига совға қилишга етадиган китоб берилмагандир. Китобни ўз ҳисобидан чиқараётган нашриёт уни ўзи истаганидек тарқатади. Қаттиқ қизиққан бўлсангиз, бошқа кутубхоналардан ҳам сўранг. Электронини ўқиш ҳам мумкин. ziyouz.com сайтида жуда кўп электрон китоблар бор. Сиз излаётган муаллифнинг асарларини ҳам топиш мумкин.
      Китобга бўлган меҳрингиз янада ортаверсин!

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.