Мигель де Сервантес (1547–1616)

0
2145
марта кўрилган.

Буюк испан адиби Сервантеснинг ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ асосий воқеалар бугунги кунда ўқувчиларга анча-мунча таниш. У 1547 йилда Алькала-де-Энарес деган манзилда омади чопмаган доришунос оиласида дунёга келади. Ота касби шаҳардан шаҳарга, қишлоқдан қишлоққа кўчиб юришни тақазо қилгани сабабли, Сервантес болалигидан мунтазам равишда мактабга қатнаёлмайди, бинобарин, унинг билим олиши ҳам анчагина пала-партиш кечади. Бу йиллари Испания тараққиёти мислсиз гуруллаб ривожланаётган эди. Испанларнинг қадимий душмани ҳисобланмиш маврлар мамлакатдан эндигина суриб чиқарилганига қарамай, уларнинг Ўртаер денгизидаги ҳукмронлиги давом этарди. Испания бу пайтда Габсбурглар империясининг таркибида бўлиб, Австрия, Нидерландия, Неаполь, Сицилия, Сардиния, Бургундия, шунингдек, Германиянинг ҳам бир қисми шу мамлакат таркибига кирарди. Қолаверса, Испания океаннинг нариги томонидаги улкан империя – янги кашф этилган ва ўзлаштирилаётган қитъанинг ҳам сиёсий маркази ҳисобланар, хуллас, Испаниянинг олтин даври бошланмоқда эди.

Йигирма ёшларида Сервантес Рим Папасининг Испаниядаги ноиби – кардинал Аквавивага хизмат қилувчи жангчилар бўлинмасига ёлланади. Аквавиванинг хизмат муддати тугаб, Римга чақирилганида, Сервантес ҳам карвон сафида Италияга йўл олади. Бу пайтда Сервантес ҳали ёзувчи сифатида ном қозонмаган бўлса ҳам, аммо ўша пайтлардаги давлат арбобларидан Дон Карлос, қиролича Изабеллаларнинг вафотига бағишлаб ёзган шеърлари туфайли кўзга анча кўриниб қолган умидли қаламкаш саналган. 1570 йилда у Испания армиясига кўнгиллилар сафида хизматга киради, денгиз урушларида қатнашди. Сервантес мана шу жангларда мардларча иштирок этади, уч маротаба ярадор ҳам бўлади.

1573–1574 йилларда у Тунисдаги испан гарнизонига мадад учун жўнатилган қўшин сафида Африка қитъасига ҳам ўтади (ушбу сафар тафсилотлари “Дон Кихот” романида ёритилган). 1575 йили Испанияга қайтиб келаётганда, чўнтагида Дон Хуан томонидан тақдим этилган зобитлик унвонига мушарраф қилиш ҳақидаги ёрлиқ (аниқроғи, тавсиянома) ҳам бор эди. Тақдирнинг ўйинини қарангки, денгизда уларнинг кемасига қароқчи берберлар ҳужум қилиб, кемани эгаллайди. Сервантес асирга олинади, Жазоирга жўнатилади ва унинг боши учун хун (товон) пули белгиланади. Худди шу вазиятда Сервантеснинг чўнтагидаги тавсиянома панд бериб қолади, бўлажак адибни катта арбоб деб ўйлаган берберлар унинг боши учун жуда катта товон пули талаб қиладилар. Сервантес бир неча маротаба асирликдан қочишга уриниб кўради. Аммо барча ҳаракатлари муваффаққиятсиз чиқаверади. Шу тариқа у беш йил тутқунликда қолиб кетади. 1580 йилдагина беш юз дукат эвазига озодликка чиқади.

Бир муддат Португалияда яшаб, сўнг уйига қайтган Сервантес 1582 йилларда яна ўзини ёзувчилик соҳасида синаб кўра бошлайди. Ватанпарварлик мавзусидаги “Нумансия” трагедияси, маиший мавзуларда интермедия (кичик пьеса)лари шу давр маҳсулларидир. “Нумансия” трагедияси шоир Рафаэль Альбертининг қайта ишловида 1938 йил қамал қилинган Мадрид шаҳрида ҳам саҳнага қўйилган. Унинг интермедияларини 1885 йилда А. Н. Островский рус тилига ўгирган. Сервантеснинг ўша йиллардаги ижодининг маҳсули бўлган “Галатея” романи ўқувчилар томонидан илиқ кутиб олинади. Бу роман 1783 йилда француз тилига таржима қилиниб нашр этилгач, Европа мамлакатларида кўплаб китобхонларнинг севимли китобига айланиб қолади.

1584 йилда адиб ўзидан 18 ёш кичик Каталина де Саласар-и-Паласьос билан турмуш қуради. Давлат лавозимларидан умидвор бўлиб юрган Сервантес ниҳоят 1587 йили Англия мамлакатига босиб бориш илинжидаги қўшинга жадал тайёргарликлар кўриш бўйича комиссар қилиб тайинланади. Бу жуда серташвиш-сермашаққат иш эди, шафқатсизлик талаб қиларди. Ҳарбий қонун-қоидаларга қатъий амал қиламан, деб иш кўрган комиссар Сервантес ибодатхона озиқ-овқат заҳираларини ўз хисобига қўшиб олгач, диний ходимларнинг қарғишига учрайди. 1590 йилда у Америкадаги Испанияга қарашли ерларда маъмурий раҳбарлик лавозимига эришишга ҳаракат қилади-ю, аммо бу нияти амалга ошмай қолади. Афтидан, ёзувчининг ҳаддан ортиқ ҳақиқатпарастлиги бунга тўғоноқ бўлган. Бунинг устига, Сервантес бошқа бировларнинг айби билан ишда йўл қўйилган камомадлар сабаб бўлиб, уч маротаба қамоқда ҳам ўтириб чиқади (1592,1597 ва 1602 йиллар). Ҳаётининг охирги йиллари ҳақида сақланиб қолган маълумотлар жуда кам. Афтидан у умрининг сўнгги йилларида бадиий ижодга (балки “Дон Кихот” романини ёзишга) бутунлай берилиб кетган бўлса керакки, Сервантес биографлари ҳам адиб умрининг ниҳояси борасида кўп нарса ёзиб қолдиришмаган.

1605 йили муаллифга бир олам шуҳрат келтирган, унинг номини мангуликка дохил қилган асари – “Дон Кихот” романининг биринчи қисми нашр этилади. Қизиғи шундаки, бу романни аввалига кўпчилик ёзувчилар (жумладан, буюк драматург Лопе де Вега ҳам) “ижобий баҳога арзимайди”, “ҳеч ким ўқимайдиган асар” деб назарга илишмаган эди. Бироқ роман чоп этилиши биланоқ тилга тушди. Уни излаб юрганлар кўпайди. Нафақат адабий давраларда, балки маиший ҳаётда хаёлпараст ва тажанг, ҳардамхаёл ва покиза қалбли Дон Кихот, унинг ўзига ўхшаш яроқбардори Санчо Панса ҳақида одамлар қизғин баҳс юритадиган бўлиб қолдилар, кишилар ўртасида “донкихотчилик” деган тушунча пайдо бўлди. Китоб қўшни мамлакатларга ҳам тез тарқалди, муаллиф тириклигидаёқ бошқа тилларга ўгирила бошланди-ю, аммо муаллифнинг ўзи ҳеч бойимади, камбағаллигича қолаверди. Агар шу орада бир воқеа юз бермаганида эди, Сервантеснинг қўли калталиги сабабидан китобнинг иккинчи қисми ёзилмай қолиб кетиши ҳеч гап эмасди. Воқеа эса шундан иборат бўлди: асар чоп этилиб, китобхонлар орасида тобора кенг ёйила бошланган бир пайтда Алонсо Фернандес де Авельянеда исмли (бу, афтидан, тахаллус бўлса керак) аллақандай бир шахс 1614 йилда муаллифдан рухсат сўраб-нетиб ўтирмай, романнинг давомини ёзади-да, китоб қилиб чоп эттира бошлайди. Ана шундан кейин пайтавасига қурт тушган Сервантес ўзи яратган асарнинг, қаҳрамонларининг тақдиридан ташвишланиб, шоша-пиша “Дон Кихот”нинг иккинчи қисмини ёзишга киришади ва асар давомини бир йилдаёқ ёзиб битириб, китоб ҳолида чоп эттиради. (Асарнинг якуний бобида муаллиф ўзининг қаламдош рақиби шаънига анча-мунча аччиқ-тиззиқ гапларини ҳам ёғдиради).

Ҳаётининг сўнгги йилларида Сервантес “Ибратли новеллалар” номли туркум ҳикоялар яратди. Ўлим тўшагида ётиб ёзган асари – “Персилас ва Сигизмунда” номли романи фантастик воқеалар тарихидан иборат. Адиб 1616 йили Мадридда вафот этади, бироқ қабри қаердалиги ҳануз номаълумлигича қолмоқда.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.