Комил Аваз (1942)

0
582
марта кўрилган.

Комил Аваз 1942 йил Хива туманида туғилди. Тошкент тўқимачилик институтида таҳсил олди (1963). Касби инженер-механик. Иқтисод фанлари номзоди. Пахта тозалаш саноати тизимида ишлаб, 1985 йилгача оддий чилангарликдан вилоят пахта тайёрлаш трести бош муҳандиси вазифасигача кўтарилди. Огаҳий номидаги Хоразм вилоят мусиқали драма театрида адабий эмакдош, кейин директор бўлиб ишлади. Ҳозир вилоятда Огаҳий номидаги хайрия жамғармасининг раиси вазифасида хизмат қилади.

Илк бор қўлига қалам тутқазган устози ‒ оғаси Эркин Самандардир. 1957 йили “Хоразм ҳақиқати”, “Хорезмская правда” газеталарида “Мактабим” номли шеъри бир пайтнинг ўзида ўзбек ва рус тилларида (Н. Гацунаев таржимасида) чоп этилди.

1982 йили “Ажаб сир” номли китобчаси “Муаллифнинг илк китоби” рукнида босилди. “Шашмақом” (1983), “Хива хонишлари”, “Хивинские напевы” (1984, Стриньковская таржимаси) шеърий китоблари чоп қилинди.

Комил Авазнинг “Жаҳаннам” деб аталувчи илк пьесаси 1989 йили Огаҳий номидаги Хоразм вилоят театри саҳнасида ўйналди. “Ташкилдаги ҳангома” (1990), “Жобби жўжакнинг ҳийласи” (1991), “Марварид таққан аёл” (1992), “Феруз” (мусиқий драма, 1994), “Муноқаша” (1994), “Телбалар” (гротекс, 1997), “Диёнатга хиёнат” (1998), “Жавлон журра” (2000), “Авесто ‒ меҳр фарзанди” (2001), “Гулиравза” (мусиқий драма, 2001), “Тандир” (2005), “Сўнгги умидлар” (2007) сингари саҳна асарлари ҳам унинг қаламига мансубдир.

“Сақили наво”, “Дейишма”, “Жобби жўжакнинг ҳийласи”, “Ташкил” спектакллари асосида Ўзбекистон телевидениеси томонидан видеофильмлар тасвирга олинди. Шунингдек, Хоразм мақоми ва сувораларига бағишлаб ёзган сценарийси бўйича уч қисмли “Дилу жоним санга қурбон” телефильми яратилди.

2003–2009 йиллари “Қўналға”, “Тонг эпкини”, “Ўтаётган вақт” сайланмаси, “Ибрат манзили”, “Шоҳ бўлди ишқ ичинда”, Муҳаммад Ризо Огаҳий таваллудининг 200 йиллигига бағишланган “Муҳаммад Ризо Огаҳий” каби китоблари нашр қилинди.

2006 йилда “Комил Девоний ҳақидаги адабий-бадиий тўплам”и босмадан чиқди. Шу йили “Олис юлдузлар” пьесаси яратилди.

“Шарқ юлдузи” журналининг 2009 йил 1-сонида адибнинг “Огаҳий” достони босилди. 2009–2011 йиллар мобайнида унинг “Тўли тиммитнинг тўйи”, “Изтироб”, “Келин кийинтириш”, “Саҳрода бир кун”, “Саҳродаги одам” каби асарлари эълон қилинди.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.