Жамол Сирожиддин (1955–2015)

0
269
марта кўрилган.

Жамол Сирожиддин (Хумий) 1955 йилнинг 20 июнида Самарқанд вилояти, Тайлоқ туманидаги Қозихона қишлоғида туғилди. Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультети кечки бўлимида таҳсил олди (1975–1981).

Самарқанд тумани “Шарқ тонги” газетасида (1976–1979), Ўзбекистон телерадио қўмитасида махсус мухбир (1979–1986), Самарқанд вилоят драма театрида адабий эмакдош (1986–1990,2012–2015), “Зарафшон” нашриётида муҳаррир (1990–1991), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимида адабий маслаҳатчи (1991–1996), “Сўғдиён” Давлат нашриёти директори (1996–1999), Самарқанд телерадиокомпанияси муҳаррири (1999–2001), “Самарқанд” газетаси махсус мухбири, бош муҳаррир ўринбосари (2001–2003,2007–2012), СамДУ Маънавият ва маърифат бўлими услубчиси (2006–2007) вазифаларида хизмат қилди.

Жамол Сирожиддининг “Бинафшабўй сочлигим” илк шеърий мажмуаси 1986 йилда “Осмон шундай яқин” жамоавий тўпламда нашр этилди. Шундан сўнг унинг “Танбур” (1990), “Сиёб оқшомлари” (1992), “Заҳҳок салтанатида” (1994), “Танланган асарлар” (2016) шеърий китоблари дунёга келди.

Жамол Сирожиддиннинг “Асрлар қаҳ-қаҳаси”, “Меҳр-мурувват чашмаси”,”Ал-иксир – жон малҳами”, “Асалари ибрати” пьесалари Самарқанд вилоят театрида, СамДУ талабалар саҳнасида намойиш этилган. У ношир сифатида Ориф Гулханий, Хумулий Ургутий, Салоҳиддин Салоҳий Каттақўрғоний каби мумтоз шоирларнинг араб имлосидаги қўлёзма куллиётларини крилл имлосига ўгириб, нашрга тайёрлади.

Таржимон сифатида эса Рўдакий, Румий, Ҳофиз, Саъдий, Жомий, Фоний, Пушкин, Лермонтов, Есенин, Лойиқ, Коргар, Кошоний шеърларини, Ч. Айтматовнинг “Манқурт қиссаси” асари, М. Зошченко ҳажвиялари, Ф. Муҳаммадиев, Адаш Истат, Озод Ҳамидзода ҳикояларини, У. Сарояннинг “Эй, ким бор?” драмасини она тилимизга ўгирди. Жамол Сирожиддининг кўплаб шеъру ғазаллари куйга солиниб, таниқли хонандалар томонидан ижро этиб келинмоқда.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.