Жамол Камол (1938)

0
1399
марта кўрилган.

Жамол Камол 1938 йили Бухоро вилояти, Шофиркон туманидаги Чикарон қишлоғида, деҳқон оиласида таваллуд топди. Ота-онадан эрта айрилган Жамол тоғаси қўлида тарбия кўрди. Ўрта мактабни тугатгач, Бухоро педагогика институтининг филология факультетида таҳсил олди. Ўқишни тугаллаб, шу ерда ўқитувчилик қилади.

“Бухоро ҳақиқати” вилоят газетасида (1965–1969) ишлади. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида аспирант бўлиб, “Лирик шеъриятда композиция” деган мавзуда номзодлик диссертациясини ёқлади (1969–1972). Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Бухоро вилояти бўлими масъул котиби (1970–1972), кейинчалик Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси лавозимларида фаолият олиб борди.

Унинг “Олам кирар юрагимга” деб номли биринчи шеърий тўплами 1968 йилда чоп этилди. Шундан сўнг шоир бирин-кетин “Чўққиларга ёғилди ёғду” (1971), “Тош туғён” (1973), “Ҳасан ва ой” (1974), “Қуёш чашмаси” (1975), “Достонлар” (1978), “Тафаккур” (1979), “Сувайдо” (1983), “Умидли дунё” (1988) тўпламларини, “Армон”, “Варахша”, “Эшикдаги ой тўлқини”, “Тош туғён”, “Шаҳрибону” каби достонларини эълон қилди.

В. Шекспирнинг “Ҳамлет”, “Отелло”, “Антоний ва Клеопатра”, “Қиш эртаги”, “Венеция савдогари”, “Қирол Генрих IV”, “Макбет” каби ўндан ортиқ жаҳон адабиёти намуналарини бевосита инглиз тилидан ўзбек тилига таржима қилиб, чоп эттирди.

Мустақиллик йилларида Жамол Камол ижоди жуда сермаҳсул бўлди: “Аср билан видолашув” (Сайланма, 2007), “Яна кўнглимда уч ой” (2010), “Сафар дафтари” (2012) сингари бир қатор асарлари юзага келди. Жалолиддин Румийнинг “Маснавий маънавий” (2002–2004), Ҳазрати Алининг “Девон”и (2006), Фаридиддин Атторнинг “Мантиқут тайр” (2006) ҳамда “Илоҳийнома”, “Асрорнома”, “Панднома ва булбулнома”, “Ҳикматлар” (2007–2012), Абдураҳмон Жомийнинг “Гулшанингда сўлмасин гул” (2008), Вильям Шекспирнинг “Сонетлар” (2009), Алишер Навоийнинг “Фоний гулшани” (2011) каби жаҳон мумтоз адабиётидан жами йигирма еттита асарни она тилимизга ўгирди.

Бундан ташқари, Р. Фишнинг “Жалолиддин Румий”, С. Улуғзоданинг “Фирдавсий” каби романлари таржимаси ҳам Жамол Камол қаламига мансубдир.

У публицист сифатида “Маккайи Мукаррама, Мадинайи Мунаввара” (1992) асарини яратиб, исломий маърифат ва маънавиятнинг ривожига ҳисса қўшди.

Жамол Камол адабиётимиздаги муносиб хизматлари учун 1992 йилда “Ўзбекистон халқ шоири” унвонига сазовор бўлди.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.