Исҳоқхон Тўра Ибрат (1862-1937)

0
10395
марта кўрилган.

Миллий уйғониш даврининг ёрқин намояндаларидан бири, маърифатпарвар шоир, олим, сайёҳ, матбаачи ва муаллим Исҳоқхон Тўра Ибрат 1862 йили Наманган вилоятининг Тўрақўрғон қишлоғида зиёли оиласида таваллуд топган. Отаси Жунайдулла хўжа, онаси Ҳурбиби отин хат-саводли кишилар бўлиб, мактабдорлик қилишган. Исҳоқхон ота-онаси қўлида савод чиқариб, кейин турли мактаб ва мадрасаларда ўқийди.

Қўқон мадрасаси таҳсили (1878-1886) йиллари Исҳоқхон Ибрат учун ғоят самарали кечди. Бу ерда у Қўқон адабий муҳити намояндалари, жумладан, Муқимий, Фурқат, Завқий, Ҳазиний ва Нодим каби шоирлар ижоди билан яқиндан танишиш, ўқиб-ўрганиш, ошно тутиниш имкониятига эга бўлди. Бадиий сўз табиатига оид Абу Наср Форобийнинг “Шоирларнинг шеър ёзиш санъати қонунлари ҳақида”, Низомий Арузий Самарқандийнинг “Нодир ҳикоятлар”, Абдураҳмон Жомийнинг “Силсилату-з-заҳҳоб”, Алишер Навоийнинг “Назму-л-жавоҳир”, “Муҳокамат-ул-луғатайн” ва яна жуда кўп Шарқ олимлари асарларини мустақил мутолаа қилди. Шарқ мумтоз поэтикаси фанининг кўпгина соҳаларини пухта эгаллади.

Ибрат 1886 йили Қўқон мадрасасини тугатгач, она қишлоғи Тўрақўрғонга қайтади ва ўз фаолиятини маърифат тарқатишга қаратади. “Усули қадим” қабилидаги мактабларни ислоҳ этиб, жадид мактабларини очишга киришади. Аммо кўп ўтмай, мутаассиб кимсалар томонидан бу илм ўчоқлари “кофирлар мактаби” тамғаси билан таъқиққа учрайди. Шундан сўнг у 1887 йилда, яъни 25 ёшларида Ҳаж зиёратини ният қилган онаси Ҳурбибига ҳамроҳ бўлиб, Маккаи мукаррама сафарига отланади. Аммо онаси ўпка шамоллаши оқибатида йўлда вафот этади. Исҳоқхон Ибрат Қобул, Истанбул, Жидда, Макка, Мадина каби шаҳарларда бўлиб, сўнгра Ҳиндистонга йўл олади; бир муддат Калькутта, Мумбай, Деҳли шаҳарларида яшайди. Ғарбнинг Булғория – София, кейин Афина, Рим шаҳарларида бўлади. Халқ ҳаёти, турмуш тарзи билан яқиндан танишади. Сафар давомида араб, форс, ҳинди, урду, инглиз тилларини ўрганади ва энг муҳими, ёзилажак илмий асарлари учун бой материал тўплайди.

Ибрат 1896 йили Ҳиндистон, Бирма, Хитой, Қашқар орқали ўз ватани Наманганга қайтиб келади. Шундан кўп ўтмай унинг “Луғати ситта ал-сина” асари майдонга келади.

1901 йилда чоп этилган бу асар кейинчалик ўзбекча-русча ва кўп тиллик луғатлар яратилишда муҳим манбаъ бўлиб хизмат қилади. Ибрат кейинги “Жомеъ ус-хутут” асарида (1912й.) дунёдаги қирқдан ортиқ тиллар ва ёзувлар ҳақида маълумот беради. Ибратнинг теран фикрли мозийшунос салоҳиятини намоён этадиган асари, бу – “Тарихи  Фарғона”(1916)дир. Унда Қўқон хонлиги ва, умуман, Туркистондаги хонликлар инқирози, мустамлакачилик зулми, энг муҳими, халқнинг ёрқин келажагига ишонч руҳи ўз ифодасини топган. Шунингдек, 1928 йилда яна бир муҳим асари – “Мезон ул-замон” яратилади.

Исҳоқхон Ибрат матбаачи сифатида 1908 йилдаёқ Наманганда “Матбааи Исҳоқия”ни ташкил этиб, китоблар нашрига киришади, илмий, тарихий, бадиий асарлар билан бирга, замонавий мавзулардаги илм-маърифат ва маънавият ривожига хизмат қилишга йўналтирилган кўплаб китобларни чоп этади.

Ибратнинг шоир сифатида ҳам кўплаб шеърлар яратгани, ҳатто девон тартиб берганлиги ҳақида маълумотлар бор, лекин девон бизгача етиб келмаган. Фақат ўша давр матбуотида эълон қилинган шеърларигина сақланиб қолган. Ибратнинг мазкур шеърлари асосан тарбиявий, маърифий, ахлоқий, дидактик мазмунда. Жумладан, у бир шеърида:

Сенга бу олам ғаниматдур,

Барча ашёси неъматдур, –

 

дея ўзининг ҳаётга, жамиятга, тирикликка бўлган муносабатини англатади.

Ибратнинг миллий кутубхона, китобхонлик ишларининг илк ташкилотчиси ва тарғиботчиси сифатидаги хизматлари ҳам беқиёсдир. У асос солган “Кутубхонаи Исҳоқия” фонди бу жиҳатдан анча бой бўлиб, китоб бериш ва олиш маълум тартиб-қоида асосида йўлга қўйилган эди.

Эзгу ва хайрли ишлари туфайли халқ ҳурматини қозониб, қозилик даражасига кўтарилган Ибратнинг илм-фан, маданият, мактаб-маориф соҳасидаги жонбозлиги айрим ғаламис мутаассибларнинг ғайрли муносабатлари туфайли кўп тўсиқларга учради. 1937 йилга келиб эса унинг барча фаолиятига чек қўйилди, китоблари ёқиб юборилди. Ўзи эса ёвуз куч – Сталин қатағони қурбонига айланди. Шуъла зулмат қошида маҳв этилди. Фақат истиқлол даврига келиб адибнинг муборак номи ва беназир ижоди асл қадр-қимматини топди. Китоблари чоп этилиб, ўзи туғилиб ўсган Тўрақўрғонда Исҳоқхон Ибрат музейи ҳам ташкил этилди.

 

“Ўзбек адиблари” (Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти 2016) китобидан

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.