Илҳом Зойир (1961)

0
1480
марта кўрилган.

Илҳом Зойир 1961 йил 2 июлда Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилди. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетида таҳсил олди (1979–1984).

Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриётида, “Муштум” журналида хизмат қилди. Айни пайтда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида бош муҳаррир вазифасида ишлаб келади.

Унинг илк ҳажвий ҳикояси 1980 йилда “Чўнтакдан тўкилса” номи билан “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида босилиб чиқди. Биринчи ҳикоялар тўплами – “Тарсаки” 1995 йилда чоп этилди. Шундан кейин “Елпатак” (1997), “Табассум бекати” (2000), “Қоидаси шунақа” (2002), “Тўғри сўзнинг тўқмоғи” (2003) ҳикоялар тўплами, “Юз тилло можароси” (2008), “Ажал пирамидаси” (2008), “Тўртбурчакли ёстиқ” (2009), “Қисмат ўчи” (2011) романлари нашр этилди.

Илҳом Зойир сатира ва юмор жанри ривожига баҳоли қудрат ҳисса қўшиб келаётир.

У болалар ва ўсмирлар учун ҳам бир қатор асарлар яратди. Жумладан, “Сичқонча Табунинг саргузаштлари” (2006), “Ҳолва емаган бола” (2007), “Қуёш болалари” (2015) каби қиссаларини эълон қилди. Шунингдек, жаҳон болалар адабиётидан Синкен Хоппнинг “Сеҳрли бўр” (2004), Ян Экхольмнинг “Софдил Маллавой” (2006) эртак-қиссаларини ўзбек тилига ўгирди. Ўзининг ҳам бир қатор ҳикоя, қисса ва романлари тожик, қозоқ, уйғур, корейс тилларига таржима қилинган.

Адиб қаламига мансуб сценарий асосида “Ўзбекфильм” студиясида “Мерган мелиса” (2007) бадиий фильми суратга олинди. “Қарз” (2011), “Ўғри ҳам одам” (2013) комедиялари саҳналаштирилди.

Илҳом Зойир 2009 йилда “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.