Ҳаётхон Ортиқбоева (1946)

2
392
марта кўрилган.

Ҳаётхон Ортиқбоева 1946 йил 10 октябрда Сирдарё вилояти, Гулистон туманининг Юлдуз қишлоғида деҳқон оиласида туғилди. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти тарих-филология факультетида таҳсил олди (1964–1969). Дастлаб мактаб ўқитувчиси, боғча мудираси, кейинчалик “Сирдарё ҳақиқати” газетасига ишга ўтиб, бўлим мудири, бош муҳаррир ўринбосари (1979–1989), “Гулистон янгиликлари” ‒ “Гулистанские новости” газеталари бош муҳаррири (1989–1990) вазифаларида ишлади.

1991 йилдан Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сирдарё вилояти Кенгаши раисининг мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари (ўриндошлик асосида), 1998 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлимининг раҳбари сифатида фаолият кўрсатиб келади. 2002–2005 йилларда Сирдарё вилоят Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг ўринбосари лавозимида ҳам хизмат қилди.

Ҳаётхон Ортиқбоева 1989 йилдан буён Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши депутати, 2004–2009 йилларда Ўзбекистон республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси сифатида фаолият кўрсатган.

Шоиранинг “Феруза оқшомлар”, “Кўклам эртаклари”, “Ҳумолари қайтган юрт”, “Не бахт бу дийдор”, “Ой қўнган айвон” шеърий тўпламлари чоп этилди. Шунингдек, республика ва вилоят газета ва журналларида мунтазам равишда шеърлари, ҳикоялари, публицистик мақолалари чоп этиб келинади.

Ҳаётхон Ортиқбоева Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвони (2004), “Эл-юрт ҳурмати” ордени (2008) билан тақдирланган.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.

2 Мулоҳаза

    • Бизда боғланиш маълумотлари йўқ. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасига мурожаат қилишингиз мумкин.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.