Ғайратий (1902–1976)

0
1435
марта кўрилган.

Ўзбек адабиёти равнақига ўз улушини қўшган адиблардан бири Ғайратий – Абдураҳим Абдулла ўғлидир. У 1902 йилда Тошкентнинг Дегрез маҳалласида ҳунарманд оиласида дунёга келди. Отаси ўқимишли, адабиётга қизиққан киши бўлган. Онасидан эрта жудо бўлган Абдураҳим маҳалладаги Ойимхон ая қўлида тарбия топади. Унинг адабиётга қизиқишида ҳам ая айтган эртаклар муайян рол ўйнайди.

1912–1915 йилларда у эски мактабда, сўнг мадрасаларда таҳсил олади. Шу йилларда Навоий, Муқимий, Фурқат асарлари билан танишади. Октябр тўнтаришидан сўнг Тошкентдаги “Намуна” мактаби қошидаги ўқитувчилар тайёрлаш курсини тугатиб, халқ маорифи соҳасида ишлайди. Бўлғуси адибнинг илк шеъри 1921 йилда “Болалар ҳафтаси” номи билан “Қизил байроқ” газетасида босилиб чиқади.

1926 йилда Ғайратий Озарбайжонга бориб, Бокудаги билим юртида ўқийди. У ерда М. Ўрдубодий, М. Мушфиқ, С. Рустам, Ж. Жабборли каби таниқли адиблар билан танишади, улар билан мулоқотда бўлади. Бокудан қайтгач, Тошкентдаги мусиқали драма театрида адабий эмакдош вазифасида хизмат қилади.

1929–1931 йилларда Ўзбекистон Давлат нашриётида муҳаррир, бўлим бошлиғи бўлиб ишлайди. Унинг биринчи шеърий тўплами 1927 йилда “Эрк товуши” номи билан нашр этилади. 1928 йилда “Яшаш тароналари” шеърий тўплами, “Қутулиш” номли ҳикоялар тўплами чоп этилади. Шундан сўнг адибнинг “Ҳашар” (1929), “Қора юраклар” (1931), “Ошиқ ҳукми” (1932), “Онамга хат” (1933), “Танланган асарлар” (1934), “Шикаста” (1935), “Маҳкам” (1935), “Севги” (1939), “Олтин ёшлик” (1940), “Ҳикоялар” (1957), “Танланган асарлар” (1958) каби қатор тўплам ва достонлари нашрдан чиқди. Ғайратий Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йилларда Фурқат ва Ҳамза каби устозлари ҳақидаги “Ғурбатда Фурқат”, “Шоир”, “Ўлмас қўшиқ” каби китобларини чоп этди. Шунингдек, “Тепалик мозор” (1959), “Ҳилола”, “Сабаби ‒ тириклик” (1958), “Махсум қочди” (1960) каби ҳажвий ҳикоялар ҳам яратди. “Довдираш” номли ҳажвий ҳикоялар тўпламини нашр эттирди.

1973 йилда эса икки жилдлик танланган асарлари босилди. Айниқса, “Рустамнинг саргузаштлари” қиссаси ёшлар ва ўсмирларнинг севимли китоби бўлиб қолди. Ғайратий айни чоғда Э. Воҳидов, Сайёр, Ю. Шомансур, Х. Салоҳ, Тўлқин, А. Эшонов каби истеъдодли шоирларга мураббийлик қилди.

1972 йилда Ғайратийга “Ўзбекистон халқ шоири” унвони берилган.

У 1976 йил 22 январда оламдан ўтди. Вафотидан сўнг “Қуёшга муҳаббат” (1980) номли шеърий тўплами нашр этилган.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти 2016) китобидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.