Франсуа Рабле (1494–1553)

2
1742
марта кўрилган.

Рабле ижоди ўз таъсирига кўра шу қадар улуғ эдики, гоҳо муаллиф номи унинг панасида қолиб кетади. Рабленинг ҳаёти ҳақида хилма-хил афсоналар юрарди: унинг отаси трактир (кичикроқ ошхона) эгаси бўлган, унинг ўзи эса тараллабедод ҳаёт кечирган. Рабле ўлаётганда оғзидан бетаҳоши сўзлар чиққан эмиш. Ёлғондан ростни ажратиш учун олимлар озмунча тер тўкмаганлар. Машҳур китобнинг яратувчиси Шинон яқинидаги Луара водийсида жойлашган Ла Девинья деган жойда дунёга келган. Унинг айнан қачон туғилганини ҳалигача билмаймиз, 1483 ва 1495 йиллар оралиғида бўлса керак. Рабленинг отаси ҳуқуқшунос бўлиб, бой шаҳар казолари орасида анча-мунча обрўга эга бўлган, романда Грангузье номи остида келади. Тахмин қилишларича, Рабле оилада эрта, етти ёки тўққиз ёшида роҳиб бўлган ёш болакай эди.

Роҳиблик Раблени бахтли қилолмади. Буни унинг асаридан яққол билиб олса бўлади. У бир монастирни бошқаси билан алмаштириб, эркин руҳоний бўлиб олади ва Монпалье университетида тиббиётни ўргана бошлайди. Ҳозирги тиббий олий ўқув юртлари талабалари унинг муваффақиятларига ҳавас қилса арзийди. 1530 йилда ўқишни тугатгани ҳақидаги дипломни олиб, Рабле 1531 йилдаёқ Гиппократ ҳақида маърузалар ўқийди, яна бир йил ўтгач эса у Лион касалхонасининг шифокори қилиб тайинланади.

Шу ерда у номини абадий шарафга бурковчи китобларини ёза бошлайди. Бу шонли воқеа содир бўлган вазиятларнинг қанақалигини акс эттирувчи ашёвий далил йўқ, аммо шу нарсани биламизки, 1532 йилда “Баҳайбат ва улкан одам Гаргантюа ҳақидаги буюк ва бебаҳо йилномалар” деган ном остида халқ китобчаси пайдо бўлди. Унинг муаллифи Рабле эмасди, бироқ уни Рабле таҳрир қилган бўлиши мумкин. Мана шу китобча Раблега қалам олиб, давомини ёзишдек бахтли фикрни қулоғига айтган. Китоб омманинг кўнглига ёқди ва муаллиф романга янги кириш сўзи ёзишга қарор қилди, бу билан Гаргантюа қилиқларининг ўз версиясини китобхонлар ҳукмига ҳавола қилади. Китоб номи аввалгидай қолди, фақат тадрижий жиҳатдан иккинчисидан олдинги биринчи қисми кейинроқ ёзилган эди. Учинчи ва тўртинчи китобларда (“Le Tiers Livre”, “Le Qurt Livre”) Пантагрюэлнинг кейинги саргузаштлари ҳақида ҳикоя қилинган. Бешинчи китоб (“Le Quint Livre”) Рабленинг вафотидан кейин чоп этилган эди ва унинг аслиятлиги кескин баҳсларга сабаб бўлганди. Кўпчилик тадқиқотчилар шундай тўхтамга келишганки, қоралама қўлёзмани тугаллашга улгурмаган Раблега қарашлидир. Аммо уни нашрга бошқа одам тайёрлаган.

Рабле ислоҳотлар бошида ижод қилган, ўшанда даҳрийликда заррача шубҳа қилинган одам қаттиқ жазога тортилган, бундай жазони ўзгартириб бўлмаган. Унинг дўстларидан бири, ношир Эттен Доле даҳрийликда айбланган ва ўтда куйдириб ўлдиришга ҳукм қилинган эди. Рабле протестант ҳам, ҳурфикр ҳам, даҳрий ҳам эмасди, диний масалаларга жиддий қарар эди. Аммо у черков тизимининг шартаки танқидчиси эди. Ўтмишда роҳиблик паллаларида Рабле францискан тариқатидаги монастирлик асосларининг зиддиятларига дуч келди. Тариқат муқаррар равишда лаёқатли йигитчага ҳасад кўзи билан қараган ва унинг юнон тили машғулотларига қаршилик кўрсатган эди. Энди Раблега Сорбоннанинг илоҳиётшунослари чанг солдилар – улар Франциядаги ортодоксалчилар таянчи ва ашаддий ғанимлар эди. У ўйлаб-нетиб ўтирмай кардинал Жан дю Белле ҳомийлигини қабул қилди, у билан шахсий табиб ва ишончли маслаҳатчи сифатида Римга бир неча марта саёҳат қилди. 1546 ва 1547 йилларни Рабле Мецда ўтказди, у пайтда Сорбоннадан анча олисда жойлашган Мец Франция таркибига кирмасди. 1550 йилда Париждан бир неча миль наридаги Медондаги диний хизматдан Рабле истеъфога чиқади. Рабле 1553 йилда вафот этди ва миш-мишларга қараганда Парижда дафн қилинган. Бироқ унинг қабрини топиш имкони бўлмаган. Рабле шу қадар илтифотли инсон эдики, ҳар бир одам унда кўнглига ёққан ҳамма нарсани топар эди. Баъзилар учун у ҳазилкаш қизиқчи бўлса, бошқалар уни ҳушёр ислоҳотчи-ахлоқшунос деб билгандилар. Бундай ислоҳотчи ўз ваъзларига одобдан ташқари шакл бериб, кўпроқ тарафдорлар тўплай оларди. Бу нуқтаи назарнинг ҳар иккаласи ҳам жиддий мулоҳазаларни талаб этади. Бироқ Рабле бизга ким бўлиб намоён этилган бўлмасин, унда муаллифга замондош бўлган давр кўзгудагидек акс этиб туради. Ҳаётнинг, тафаккурнинг бирон-бир жиҳати йўқки, унинг китобларида ўз аксини топмаган бўлсин, зеро, англашга муҳаббат, ажойиб ҳаётсеварлик илк Уйғониш даврининг ўзига хос хусусиятини ташкил этади.

2 Мулоҳаза

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.