Фитрат (1886–1938)

0
3016
марта кўрилган.

Абдурауф Абдураҳмон ўғли Фитрат маданиятимиз тарихида шоир ва носир, драматург ва публицист, тилшунос ва адабиётшунос, тарихчи ва файласуф, санъатшунос ва жамоат арбоби сифатида муносиб ўрин олган.

У 1886 йили Бухорода зиёли оиласида туғилган. Бухоро, Истанбул мадрасалари ва дорилфунунларида ўқиган. Фитрат араб, форс, турк тилларини мукаммал билганлиги туфайли Шарқнинг буюк алломалари ижодини яхши ўзлаштирган.

Адибнинг отаси савдо ишлари билан шуғулланиб, 1918 йилгача Қашқарда туриб қолган. У, асосан, онаси Мустафо биби (Бибижон) тарбиясида бўлган. Шарқ адабиётини яхши билган Мустафо биби фарзандини Бедил, Навоий, Фузулий, Зебунисо, Увайсий каби беназир шоирларнинг ғазалларидан хабардор қилган.

Фитрат 1909 йили Туркияга ўқишга бориб, 1913 йилгача Истанбул дорилфунунида таҳсил олади. Туркияда ташкил топган “Бухоро таълими маорифи” уюшмасида фаоллик кўрсатади. Унинг илк шеърий тўплами 1911 йилда “Сайҳа” (“Чорлов”) номи билан чоп этилади. “Сайёҳи ҳинди”, “Мунозара” каби асарлари ҳам шу даврда Туркияда босилиб чиқади.

Туркия дорилфунуни таҳсили (1909–1913) йилларида жадидчилик ғоялари билан танишиб, шу ғоялар таъсирида қатор асарлар ёзади. Фитрат ижодининг бошланиши Туркистонда инқилобий ҳаракатлар кучайган, миллий уйғониш даврларига тўғри келади. У 1913 йили форс-тожик тилида яратган “Мунозара” асарида Бухоро амирлигида авж олган диний жаҳолат ва хурофот таъсирида қолоқликда қолган мамлакатнинг инқирози сабабларини очиб ташлайди. Бу даврда Оврупо фани ва маданиятини тарғиб қилиш ҳам Фитрат маърифатпарварлигининг муҳим йўналишини ташкил этади.

Фитрат 1917 йили “Ҳуррият” газетасини ташкил этиб, унда халқни истиқлол учун курашга даъват этувчи шеър ва мақолаларини эълон қилади. Жумладан, “Юрт қайғуси” номли шеър ва сочмаларида Туркистон ҳурлиги учун курашга бел боғлаган лирик қаҳрамоннинг “Мен сен учун туғилдим, сен учун яшарман, сенинг учун ўларман, эй туркнинг муқаддас ўчоғи!” деган даъвати баралла эшитилади. Фитрат фақат етук шоир, публицист ва ҳикоянависгина эмас, етук драматург сифатида ҳам бадиий маданиятимиз тарихидан мустаҳкам ўрин эгаллади. Унинг “Қон”, “Бегижон”, “Темур сағанаси”, “Ўғизхон”, “Або Муслим”, “Ҳинд ихтилолчилари”, “Чин севиш” каби драмаларида миллий мустақиллик учун кураш ғояси ёрқин ифодасини топган.

1922 йили нашр этилган “Ўзбек ёш шоирлари” тўпламида Чўлпон, Элбек билан бирга Фитратнинг ҳам бир қатор шеърий асарлари илк бор ўзбек ўқувчисига ҳавола этилган. У мазкур тўпламга кирган “Миррих юлдузига”, “Беҳбудийнинг сағанасини излаб”, “Шарқ”, “Шоир” каби шеърларида миллатпарварлик, ватанпарварлик позициясида қатъий турганини яна бир бор намойиш этади; октябрь тўнтаришидан кейинги воқеаларнинг ғайриинсоний моҳиятини фош қилади. Шоир ижоди ва дунёқарашидаги ана шу ҳол кейин ҳам сусаймайди, “Абулфайзхон”, “Арслон” ва “Восеъ қўзғолони”, “Шайтоннинг тангрига исёни” каби драмаларида янада чуқур ифодасини топади. Унинг “Қиёмат” ҳикоясида диний фанатизм ижтимоий тараққиётга тўсиқ бўлган куч сифатида фош этилади.

Фитрат йирик адабиётшунос олим сифатида ҳам бир қанча асарлар яратган. Жумладан, “Адабиёт қоидалари”, “Аруз ҳақида” каби илмий рисолалари, “Эски ўзбек адабиёти намуналари” сингари тазкиралари ўзбек адабиётшунослиги фанининг шаклланишида муҳим рол ўйнади. Шунингдек, Умар Хайём, Навоий, Бедил ҳақидаги тадқиқотлари адабиётимиз тарихини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади. У Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний каби ўндан ортиқ диний-маърифий адабиёт вакиллари ҳақида ҳам мақолалар ёзиб, адабиётимиз тарихидаги уларнинг ўрни ва аҳамиятини белгилаб беради.

Фитрат, айни пайтда, давлат ва жамоат арбоби сифатида ҳам кенг фаолият юритган. Жумладан, 1921–1923 йилларда Бухоро Халқ Жумҳуриятида маориф халқ нозири бўлиб хизмат қилган. 1923–1924 йилларда эса шоир Москвадаги Шарқ тиллари институтида илмий фаолият билан шуғулланиб, маърузалар ўқийди. Фитратнинг ўзбек тили грамматикасига оид дарсликлари 1925–1930 йилларда беш марта чоп этилган. Тилшунослик ва адабиётшунослик бўйича олиб борган тадқиқотлари учун Фитратга ўзбек олимлари орасида биринчилардан бўлиб профессор унвони берилган.

Фитрат ҳам мустабид тузум тазйиқи остида 1937 йилда ҳибсга олиниб, 1938 йил 4 октябрда отиб ташланган. Фитрат номи ва ижоди гарчи, 60-йилларда оқланган бўлса ҳам, фақат истиқлол даврига келиб рўшнолик юзини кўрди. Унинг “Чин севиш” тўплами (1996) нашр этилди. Шунингдек, сўнгги йилларда унинг беш жилдлик “Танланган асарлар”и ҳам чоп этилди (2000–2010). Энг муҳими, фитратшунослик борасида ўнлаб диссертациялар, юзлаб илмий мақола ва рисолалар яратилди.

1991 йил 25 сентябрда миллий озодлик йўлида кўрсатган жасорати, ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун Фитратга вафотидан кейин Алишер Навоий номидаги Республика Давлат мукофоти берилди.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти 2016) китобидан

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.