Дилмурод Қуронов (1960)

0
50
марта кўрилган.

1960 йилда Ўш вилоятида туғилган. 1987 йилда Андижон Давлат тиллар педагогика институтини “Рус тили ва адабиёти, она тили ва адабиёти ўқитувчиси” ихтисоси бўйича имтиёзли тамомлаган.

Олим адабиётшуносликнинг долзарб муаммоларига бағишланган илмий изланишлари натижаларига кўра Ўзбекистон Миллий университетида 1993 йили “Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романида характерлар психологизми” мавзусида номзодлик ва 1998 йили “Чўлпон поетикаси (насрий асарлари асосида)” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. 1995 йилда дотсент, 2012 йилда профессор унвонини олган.

Дилмурод Қуронов илмий фаолияти давомида 3 та монография, 2 та дарслик, 1 та адабиётшуносликка оид луғат, 3 та ўқув қўлланма чоп эттирган. 3 та амалий лойиҳага илмий раҳбарлик қилган. Республика матбуотида 90 дан зиёд илмий мақола эълон қилган.

Дилмурод Қуроновнинг ўзбек адабиётшунослигининг долзарб масалаларига бағишланган “Руҳий дунё таҳлили”, “Чўлпон: ҳаёти ва ижодий мероси”, “Истиқлол дарди. Чўлпоннинг ижтимоий-сиёсий қарашлари тадрижи”, “Чўлпон насри поетикаси”, “Адабиётшуносликка кириш”, “Ғарб адабий танқидий тафаккури тарихи очерклари”, “Адабиётшунослик луғати”, “Адабий жараёнда “Мом синдроми”, “Мутолаа ва идрок машқлари”, “Завқимдан бир шингил”, “Талқин имконлари”, “Адабий ўйлар”, “Назарий қайдлар”, “Адабиёт ва б. ҳақида” номли китоблари чоп этилган. 2018 йилда “Адабиёт назарияси асослари” номли дарслиги чоп этилган, мазкур дарслик Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан олий ўқув юртлари филология факултетларида фойдаланиш учун тавсия этилган. Шунингдек, Д. Қуронов таржимасидаги Эзоп масаллари алоҳида китоб ҳолида уч қайта чоп этилган.

Унинг илмий раҳбарлиги ва маслаҳатчилигида 1 та фан номзоди, филология фанлари бўйича 4 та фалсафа доктори ва 1 та фан доктори диссертациялари муваффақиятли ҳимоя қилинган. Ҳозирда унинг илмий раҳбарлигида 3 та фалсафа докторлиги ва илмий маслаҳатчилигида 1 та фан докторлик диссертацияси тайёрланмоқда. Шунингдек, филология соҳаси бўйича Илмий кенгашлар аъзоси сифатида фаолият юритмоқда.

Олим Чўлпон асарларини нашрга тайёрлаб чоп этиш ишларида ҳам фаол қатнашган. Жумладан, 1994 йилда Чўлпон 3 жилдлик асарлари тўпламининг 2-жилдини нашрга тайёрлаган, уни изоҳлар билан таъминлаган. Шу йили “Адабиёт надир?” тўпламини нашрга тайёрлашда қатнашган. 1997 йилда Андижон вилояти Чўлпон жамғармаси ташкил қилинганидан буён жамғарманинг бош мутахассиси вазифасида фаолият кўрсатиб келмоқда. 2016 йилда 4 жилдлик Чўлпон асарлари тўпламини нашрга тайёрлаш ва чоп эттириш бўйича гуруҳга раҳбарлик қилган ҳамда ушбу жилдликнинг 2-жилдини нашрга тайёрлаб, изоҳлар билан таъминлаган.

Дилмурод Қуронов ташаббуси билан 2009 йилда “Илмий хабарнома” журнали ташкил қилинган. Олим ҳозирда мазкур журналнинг бош муҳаррири лавозимида ишлаб келмоқда.

Олим филология фанлари доктори илмий даражаси, профессор илмий унвонига эга.

Дилмурод Қуроновнинг илмий-ижодий асарлари, фикрлари билан quronov.uz сайтида кенгроқ танишишингиз мумкин.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.