Чўлпон (1898–1938)

1
13716
марта кўрилган.

Ўзбек адабиётининг ёрқин намояндаларидан бири Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон 1898 йилда Андижоннинг Қатортерак маҳалласида савдогар оиласида дунёга келган.

Таниқли журналист ва ёзувчи Мўминжон Муҳаммаджонов “Турмуш уринишлари” китобида қайд этишича, Чўлпоннинг отаси Сулаймонқул Мулла Муҳаммад Юнус ўғли (1874–1929) ўз даврининг етук зиёлиси, маърифатпарвар кишиси бўлган. У “Расво” тахаллуси билан шеърлар ҳам ёзган, девон яратган.

Чўлпон аввал эски мактабда, сўнгра мадрасалар ва рус-тузем мактабида таҳсил олиб, араб, форс ва рус тилларини мукаммал ўзлаштиради. Мутолаа йўли билан турк, немис ва инглиз тилларини ўрганади. Шарқ ва Ғарб ижтимоий-сиёсий қарашларидан озиқланади. Фирдавсий, Саъдий, Ҳофиз, Умар Хайём, Алишер Навоий каби буюк сўз санъаткорлари ижодини меҳр билан ўрганади. Чўлпон дунёқараши ва ижодининг шаклланишига ХХ аср бошларидаги жадидчилик ҳаракати катта таъсир кўрсатган.

Чўлпоннинг ижоди 1913–1914 йиллардан бошланган, у аввал “Қаландар”, “Мирзақаландар”, “Андижонлик” ва, ниҳоят, “Чўлпон” тахаллуси билан ижод қилди.

Шоирга “Чўлпон” тахаллусини буюк маърифатпарвар истиқлолчи Мунаввар қори Абдурашидхонов берган. Чўлпон ҳам шоир, ҳам носир, ҳам драматург сифатида ўз халқи адабиёти равнақига салмоқли ҳисса қўшди. Унинг дастлабки асарлари “Садои Туркистон”, “Садои Фарғона” каби маҳаллий газеталарда, шунингдек, Оренбургда чиқадиган “Шўро” журналида нашр этилади. Чўлпоннинг “Иштирокиюн”, “Туркистон”, “Бухоро ахбори” каби газеталардаги фаолияти ҳам унинг ижодий шаклланишида маҳорат мактаби бўлиб хизмат қилади.

Чўлпон очеркнавис ва публицист сифатида ҳам баракали ижод қилди. Бу борада унинг, айниқса, “Адабиёт надир?”, “Муҳтарам ёзувчиларимизға” каби мақолалари адабиётнинг мақсад ва вазифаларини англашда муҳим рол ўйнади.

У 1914–1917 йилларда яратган “Қурбони жаҳолат”, “Дўхтир Маҳаммадиёр” сингари ҳикоялари, “Ватанимиз Туркистонда темир йўллар” сингари мақолаларида маданият ва маърифат тарғиботчиси сифатида майдонга чиқди.

У октябр тўнтаришидан кейинги йилларда ҳаётда содир бўлаётган хуш ва нохуш ўзгаришларни қаламга олди. “Йўлда бир кеча”, “Шарқ поезди келди”, “Шарқ уйғонган”, “Қутурган мустамлакачилар”, “Йўл эсдалиги” сингари ўнлаб очерк ва публицистик мақолаларида чор мустамлакачилари ва маҳаллий ҳоким синф вакиллари етказган жабру жафоларни, фуқаролар уруши даврида рўй берган фожиаларни тасвирлади.

Чўлпон 1922–1935 йилларда ўзининг “Уйғониш” (1922), “Булоқлар” (1923), “Тонг сирлари” (1926), “Соз” (1935) каби тўртта шеърий тўпламини нашр эттирди. 30-йилларга келиб “Жўр” каби шеърий тўпламини тайёрлади. Аммо “Соз”и чоп этилади-ю, “Жўр” тўплами қатағонлик тузоғига илиниб, қолиб кетади. Шоирнинг тўпламлари орасида “Булоқлар” (1923) алоҳида ажралиб туради.

Тўплам беш бўлимдан иборат бўлиб, улар “Шарқ учун”, “Сезгилар”, “Севги”, “Қора йўллар” ва “Қор қўйнида” деб номланади. Шоирнинг ўзи қайд этишича, мазкур шеърий гулдаста “жаҳон фотиҳлари чангалида эзилиб ётқон Шарқ ўлкаларига” бағишланган. Жумладан, “Амалнинг ўлими” шеърида шундай мисраларни ўқиймиз:

 

Кўнглимда йиғлаган малаклар кимлар,

Шарқнинг оналари, жувонларими?

Қаршимда инграган бу жонлар кимлар,

Қуллар ўлкасининг инсонларими?

 

Чўлпон 1925 йилга келиб, “Муҳит кучли экан, эгдим бўйнимни” дея ижтимоий қарашларини ўзгартиришга мажбур бўлганлигини эътироф этади. Аммо шунга қарамай, шоир яратган икки юздан ортиқ шеърий асарлар эл-юрт бахти, келажаги, мустақиллиги, озодлиги учун курашнинг ёрқин солномаси деса бўлади.

Гарчи вақти-вақти билан унинг туйғу ва тафаккурида тебранишлар кечган бўлса-да, аслида, миллий истиқлол учун курашдан заррача қайтмайди. Жумладан, “Тилак йўлида” шеърида:

 

Кетган йўлим тўғри йўлдир, кетамен,

Қандай тўсиқ моне бўлса, ўтамен,

Мен кетамен, тилак, дея кетамен,

Ҳеч тилаксиз қуруқ жонни нетамен?

Бир жон экан, майли қурбон этамен!.. –

 

дея эл-юрт, она Ватан йўлида қурбон бўлишдан ҳам қайтмади.

Чўлпон етук лирик шоиргина эмас, балки “Новвой қиз”, “Ойдин кечаларда”, “Қор қўйнида лола” каби ўнлаб ҳикоялар, “Кеча ва кундуз” (1936) каби ажойиб роман ҳам яратган истеъдодли адибдир.

У драматург сифатида ҳам салмоқли ижод қилган. Унинг “Халил фаранг”, “Чўрининг исёни” каби кичик пьесалари, “Ўртоқ Қаршибоев”, “Муштумзўр” каби драмалари ҳамда кўп вақт саҳнадан тушмаган “Ёрқиной” пьесалари машҳур бўлган. Шунингдек, рус ёзувчиси В. Ян билан ҳамкорликда “Ҳужум” драмасини яратган.

Чўлпон моҳир таржимон сифатида В. Шекспирнинг “Ҳамлет” фожиасини, А. С. Пушкиннинг “Дубровский” қиссаси ва “Борис Годунов” пьесасини, М. Горькийнинг “Она” романини ва бошқа кўплаб асарларини ўзбек тилига ўгиради.

Чўлпон ҳам Фитрат ва Абдулла Қодирий каби қатағон даврининг қурбони бўлган. У 1937 йилнинг 14 июлида қамоққа олиниб, 1938 йилнинг 4 октябрида отиб ташланган. Чўлпоннинг асарлари узоқ вақт давом этган танаффусдан кейин 1991 йили “Яна олдим созимни” номи билан нашр этилди.

1991 йил 25 сентябрда Чўлпонга Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти берилди. 1997 йили адиб таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан унинг кўплаб асарлари янгидан нашр этилди ва у ҳақда илмий тадқиқотлар яратилди.

Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон миллий озодлик учун кураш йўлида кўрсатган матонати ва буюк хизматлари, ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун 1999 йилда “Мустақиллик” ордени билан мукофотланди.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти 2016) китобидан.

1 мулоҳаза

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.