Чархий (1900–1979)

0
377
марта кўрилган.

Мумтоз адабиётимизнинг ҳаётбахш анъаналарини янги тарихий даврда давом эттирган шоир Асқарали Ҳамроали ўғли Чархий Қўқонда 1900 йилда таваллуд топди. Бошланғич маълумотни эски мактабда олган Асқарали отасидан ҳуснихатни, онасидан эса шеър ёзишни ўрганди. Бўлғуси шоир Ҳофиз, Саъдий, Навоий, Бедил ғазалларини меҳр билан ўқиди. Сулаймонқул Рожий, Мирза Хўқандий каби қўқонлик шоирлардан аруз илми қоидаларини ўрганди, кўпроқ ҳажвиётга мойиллик кўрсатди.

Октябрь тўнтаришидан кейин Чархий тахаллуси билан шеърлар ёзиб юрган бўлса-да, уларни узоқ вақтгача матбуотда эълон қилмади.

Чархий 1938–1939 йиллардан бошлаб Қўқонда чоп этилган “Янги Фарғона” газетасида, “Муштум” журналида фаол қатнаша бошлади. Шоир “Ширин ва аччиқ” (1959), “Шеърлар” (1966), “Алихўжа ва Хўжаали” (1970), “Девон” (1972) номли китобларини ўқувчиларга тақдим этди. Чархий ижодида лирик шеърлар билан бир қаторда, ҳажвий шеърлар ҳам алоҳида ўрин тутади. Айниқса, қўшиқлари оҳанрабоси ва нафислиги, ҳаё ва андишага лиммо-лимлиги билан тингловчи қалбини ўзига ром этади. Хусусан, Акмал ва Комила исмли икки ёшнинг беғубор муҳаббатига бағишланган “Қиёлаб ўтди” қўшиғи машҳур бўлиб кетган:

 

Тонг чоғи сарвинозим аста қиёлаб ўтди,

Тушгач нигоҳи менга, таъзим бажолаб ўтди…

 

Чархий мумтоз адабиётимизнинг асосий вазни – арузда ва классик шеъриятнинг турли жанрларида муваффақиятли ижод этган ва уни ривожлантирган истеъдодли шоирдир. У кўп йиллар давомида Қўқондаги Муқимий уй-музейида илмий ходим бўлиб, Муқимий адабий меросини тўплаш ва авайлаб-асраш ишига муносиб ҳисса қўшди.

1975 йилда “Ўзбекистон халқ шоири” унвонига сазовор бўлган Чархий истеъдодли ғазалнавис, ажойиб қўшиқчи-шоир сифатида ихлосмандлари хотирасида ўчмас из қолдирди.

У 1979 йил 18 декабрда Қўқонда вафот этди.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти 2016) китобидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.