Анвар Эшонов (1937–1996)

0
162
марта кўрилган.

Анвар Эшонов 1937 йилда Тошкентда туғилди. Тошкент Давлат университетида таълим олди. Меҳнат фаолиятини 1960 йилда республика радиокомитетида муҳаррирликдан бошлаган Анвар Эшонов кейинчалик республикамизнинг марказий газеталарида мухбир бўлиб хизмат қилди. 1972–1975 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Адабиётни тарғиб қилиш бюросида, 1975–1976 йилларда “Гулистон” журналида фаолият кўрсатди.

Анвар Эшоновнинг биринчи шеърий тўплами “Бир оғиз сўз” (1963) деб номланади, бу ҳақда шоирнинг ўзи шундай ёзади: “Бир оғиз сўз билан одам пошшо бўлиши мумкин, бир оғиз сўз билан одам гадо бўлиши мумкин. Мен адабиётга бир оғиз сўз айтгани келдим. Шунинг учун китобимни “Бир оғиз сўз” деб номладим”.

Адибнинг “Дутор” (1967), “Регистон” (1971), “Европада қолган қабрлар” (1975), “Йигирма миллион оппоқ кабутар” (1976), “Нон иси” (1977), “Бу йиллар” (1982) каби шеърий ва насрий тўпламларида ўзи айтиб кетмоқчи бўлган ана шу бир оғиз сўзнинг жилоси, маъно-мазмуни мужассамланган.

Айниқса, унинг шеърларига ярашиб турган бадиий “либос” – ташбеҳлар фақат Анвар Эшонов қаламига, услубига, туйғусига монандлиги билан ажралиб туради.

 

Қайда ялпиз бўйлигим, қайда булоқ кўзлигим,

Йиллар айри тушганда унутдим-ку ўзлигим.

Ёниб ўтди ҳажрида болалигим ‒ бўзлигим,

Турналардай қайтмасми ўшал оташ кўзлигим.

 

Шоир шеъриятида сўзлар маржондек терилиб, қалбида уйғонган ва кечинмаларида тўлғонган турфа рангларни ифодалаб туради. Анвар Эшонов ҳаётда ҳам, дўстлар даврасида ҳам ана шундай самимий, хушчақчақ ва камтар инсон эди.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.