Абусаид Кўчимов (1951)

0
2432
марта кўрилган.

Абусаид Кўчимов 1951 йили Самарқанд вилоятининг Ургут туманида туғилди. Ўрта мактабни битирганидан сўнг Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетида ўқиди. “Ўқитувчи” нашриётида мусаҳҳиҳ, “Тонг юлдузи” газетасида мухбир, бўлим мудири, масъул котиб ва бош муҳаррир, “Шарқ юлдузи” журналида масъул котиб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида, масъул лавозимларда ишлади. 1997–2005 йилларда Ўзбекистон Давлат телерадиокомпаниясига раҳбарлик қилди.

Абусаид Кўчимовнинг биринчи шеър ва мақолалари матбуотда эълон қилинганида у ўрта мактаб ўқувчиси эди. Кейинчалик унинг “Кашфиётчи болалар” (1978), “Менинг Ўзбекистоним” (1979), “Тошбургут” (1981), “Менинг юлдузим” (1984), “Чаноқ” (1985), “Ҳалқа” (1987), “Икки баҳор” (1990), “Умид дарахти” (1992) каби китоблари чоп этилди. “Ёсуман” (достон, 2000), “Баланд тоғлар” (Сайланма, 2002), “Кўзларимнинг қароғидасан” (2006), “Муҳаббат боғлари” (2008), “Эл сув ичган дарё” (эсселар, 2009), “Сайланма” (тўрт томликнинг 1-жилди, 2011) шеърий асарлари нашр этилди; икки қисмли “Бойчечак” (2001), тўрт қисмли “Баланд тоғлар ортида” (2003) бадиий фильмлари экран юзини кўрди.

У табиатни эъзозлаш мавзуидаги туркум публицистик мақолалари учун ЮНЕСКО мукофотига сазовор бўлди. “Ҳалқа” китоби учун эса Ёзувчилар уюшмасининг Ғафур Ғулом номидаги йиллик мукофоти билан тақдирланди.

Абусаид Кўчимов ҳам шоир, ҳам носир сифатида болалар адабиёти ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Агар у “Чаноқ”, “Икки баҳор” каби шеърий тўпламларида болалар ва ўсмирлар ҳаётидан поэтик лавҳалар чизган бўлса, ҳикоя ва қиссалардан иборат “Менинг юлдузим”, “Ҳалқа” мажмуаларида кўпроқ қишлоқ ҳаёти, болалар характерига хос воқеаларни тасвирлайди.

А. Кўчимов таржимон сифатида қардош халқлар адибларининг бир қатор шеър ва ҳикояларини ўзбек тилига ўгирди. Ўз навбатида унинг асарлари ҳам хитой, рус, қирғиз, туркман, қорақалпоқ тилларига таржима қилинган.

Абусаид Кўчимов 1994 йили “Шуҳрат” медали, 1999 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.