Абдураҳмон Акбар (1962–2015)

0
7759
марта кўрилган.

Ўзбек болалар адабиёти ривожига салмоқли ҳисса қўшган Абдураҳмон Акбар 1962 йил 22 апрелда Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги Ниёзбоши қишлоғида зиёли оилада туғилди. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультети кечки бўлимида (1979–1987) таҳсил олди. Армия хизматини қурувчи аскарларнинг “Строитель” (“Бинокор”) газетасида (1981–1983) адабий ходим сифатида ўтади. Хизматдан қайтгач, Янгийўл туманидаги 25-мактабда она тили ва адабиёти фанидан (1985–1986) дарс берди. 1986 йилдан умрининг охиригача “Чўлпон” номидаги болалар нашриёти матбаа ижодий уйида хизмат қилди.

Абдураҳмон Акбарнинг илк китоби 1987 йилда, “Кичкинтой ва пахтаой” номи билан босилиб чиқди (М. Қодиров билан биргаликда). Шундан сўнг “Сўзловчи ёмғир” (1990), “Эҳтиёткор тошбақа” (1991), “Ёзнинг туғилган куни” (1992), “Ўйинқароқ булутча” (1996), “Ўрдакчам” (2005), “Жонли саватча” (2005), “Уйқучининг тушлари” (2006), “Гонзик олиб келган дори” (2006), “Энг катта меҳр” (2006), “Ниёзбош истиқбол сари” (2007), “Болалар боғчаси учун севимли эртаклар” (2009), “Менинг дўстим компьютер” (2010) номли 15 дан ортиқ шеърий, адабий-бадиий ва таржима китоблари чоп этилди. 1991 йили “Эҳтиёткор тошбақа” номли китоби Усмон Носир номидаги мукофотга сазовор бўлди.

Абдураҳмон Акбар таржимасида “Техниканинг катта энциклопедияси”, “Кичкинтойлар учун жониворларнинг катта энциклопедияси”, “Жониворларнинг катта энциклопедияси”, “Жажжи кичкинтойлар учун билимларнинг катта китоби”, “Мактабгача ёшдаги болалар энциклопедияси”, “Сеҳрли қироллик ороли”, Г. Х. Андерсеннинг “Эртаклар” китоби, “Жажжи кичкинтойлар учун энциклопедия” деб номланган кичик ёшдаги ўқувчиларга мўлжалланган илмий-маърифий, бадиий китоблар нашр этилди.

Шоирнинг шеър ва таржималари бошланғич синф ўқувчиларининг “Она тили”, “Ўзбек тили”, “Ўқиш китоби”, “Атрофимиздаги олам”, “Одобнома” каби дарсликларидан, шунингдек, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари учун нашр этилган “Болалар адабиёти” дарслиги ва “Ўзбек болалар адабиёти” антологиясидан жой олди.

Абдураҳмон Акбар 2006 йили “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони билан тақдирланган.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.