Абдулла Қодирий (1894–1938)

0
11329
марта кўрилган.

ХХ аср ўзбек миллий адабиётининг йирик намояндаларидан бири, буюк романнавис Абдулла Қодирий 1894 йил 10 апрелда Тошкент шаҳридаги Эшонгузар маҳалласида туғилган.

Таржимаи ҳолидаги қуйидаги сўзлар ёзувчининг 1926 йилга қадар кечган ҳаётига ойдинлик киритади: “Ҳар ҳолда бемавридроқ бўлса керак, камбағал, боғбонлик билан кун кечиргувчи бир оилада… туғилғонман. Ёшим тўққиз-ўнларга борғондан сўнг мени мактабга юбордилар. Мактабда икки-уч йил чамаси эски усулда ўқиб, кейинги вақтларда оиламизнинг ниҳоятда қашшоқ кун кечиргани важҳидан ўн икки ёшимда мени бир бойга хизматчиликка бердилар.

Хўжайиним ўзи савдогар киши бўлуб, ўрисча ёзув-чизув билатурғон одамга муҳтож эди. Шу таъма бўлса керак, мени ўрис мактабига юборди… 1912 йилда манфактур билан савдо қилувчи бир кишига йилиға 50 сўм баробарига приказчик бўлиб кирдим…

Шу миёналардан бозор воситаси билан татарларда чиқадиғон газеталарни ўқиб, дунёда газета деган гап борлиғига имон келтирдим. 1913 йилда ўзбекча “Садои Туркистон”, “Самарқанд”, “Оина” газеталари чиқа бошлағоч, менда шуларга гап ёзиб юриш фикри уйғонди… 1913 йилда чиққан “Падаркуш” таъсирида “Бахтсиз куёв” деган театр китобини ёзиб юборганимни ўзим ҳам пайқамай қолдим (1915). Яна шу йилда театрларда чиқиб турғон ҳикоя ва рўмонларга тақлидан “Жувонбоз” отлиқ ҳикоячани ёзиб, ношир топилмоғонидан, ўзим нашр қилиб юбордим.

Николай тахтдан йиқилғондан кейин оддий халқ милициясига кўнгилли бўлиб ёзилдим…

1918 йил бошларида Эски шаҳар озиқ қўмитаси бойлар қўлидан олиниб, қўмитанинг раислигига ўртоқ Султонхўжа Қосимхўжаев тайин қилинғон эди ва мен мазкур қўмитанинг ўзбекча саркотиблигига кирдим. 1919 йилнинг аввалларида озиқ қўмитасининг исмидан чиқарилмоқчи бўлғон “Озиқ ишлари” газетасига муҳаррир бўлиб тайинландим…

“Муштум” журналининг муанниси ва таҳририя аъзоси бўлиб, то 1924 йилгача меҳнаткашлар манфаатига холис ишлаб келдим… Хулоса – бошқаларнинг хизмати дафтар билан собит бўлса, менинг хизматларим матбуот билан равшандир… Ишчи-деҳқонлар ёзғон асарларимни суюниб ўқийдилар ва мени ёзувчилар қаторига киргаздилар ва мени ҳамон ўқирлар ва унутмаслар…”

Адибнинг илк ижоди 1913–1914 йилларда бошланган, дастлаб у шоир сифатида қалам тебратган. Унинг “Аҳволимиз”, “Миллатимга”, “Тўй”, “Фикр айлағил” каби шеърлари “Садои Туркистон” газетаси ва “Оина” журналида (1914–1915) босилган. А. Қодирий мазкур шеърларида миллатдошларини жаҳолат ва хурофотга қарши курашга чақириб, маърифатпарвар шоир сифатида майдонга чиққан. Бу йилларда у “Бахтсиз куёв”, “Ҳеч ким билмасин” (1915) каби саҳна асарларини ҳам ёзган. Унинг “Жувонбоз”, “Улоқда” (1916) каби ҳикояларида ўз халқини саводли, билимли, маданиятли ва озод кўриш истаги сезилиб туради.

Адиб дастлабки асарларини турли тахаллуслар остида эълон қилган. Шу тахаллуслардан бири ва халқ ўртасида машҳур бўлгани Жулқунбойдир.

1924 йили Абдулла Қодирий Москвага бориб Журналистлар институтида таҳсил олди. Москвадан қайтиб, “Муштум” журналида штатсиз мухбир бўлиб ишлай бошлади. Унинг “Тошпўлат тажанг нима дейди?” ва “Калвак маҳзумнинг хотира дафтаридан” туркумидаги ҳажвий ҳикоялари шу журналда илк бор босилди.

Абдулла Қодирий 1917–1918 йиллардан бошлаб “Ўтган кунлар” романи учун материал йиғишга киришди. 1922 йилда биринчи ўзбек романининг дастлабки боблари “Инқилоб” журналида чоп этила бошлади. 1925–1926 йилларда “Ўтган кунлар” уч бўлим ҳолида китоб бўлиб нашр этилди. 1928 йили ёзувчининг иккинчи тарихий романи – “Меҳробдан чаён” нашрдан чиқди. Ҳар икки тарихий романда ҳам адиб халқнинг миллий мустамлака зулмидан озод бўлиш ҳақидаги орзу-умидларини ифода қилади.

1934 йилга келиб Абдулла Қодирий қишлоқ ҳаёти мавзуига бағишланган “Обид кетмон” қиссасини яратди. Шунингдек, у Гоголнинг “Уйланиш” комедияси ва бир қатор Ғарб ёзувчиларининг ҳажвий ҳикояларини ўзбек тилига таржима қилди.

Абдулла Қодирий Амир Умархон даври ва Намоз ўғри ҳақида романлар яратиш орзусида бўлган. Аммо мустабид тузум бу орзуларининг тўла рўёбга чиқишига имкон бермади. Абдулла Қодирий 1926 йилда “Муштум”да босилган “Йиғинди гаплар” мақоласи туфайли қисқа муддат қамалади. 1937 йилнинг 31 декабрида эса “халқ душмани” сифатида иккинчи бор қамоққа олиниб, 1938 йил 4 октябрда Тошкентда отиб ташланади.

Истиқлол даврига келиб Абдулла Қодирий номи ва ижоди чин маънода ҳурмат ва эъзоз кўрди. 1990 йилда Республика Президентининг Фармони билан Абдулла Қодирий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти таъсис этилди. 1991 йили эса Абдулла Қодирийга Алишер Навоий номидаги Республика Давлат мукофоти берилди.

Абдулла Қодирий 1994 йили Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг учинчи йиллигида миллий озодлик йўлида кўрсатган матонати ва буюк хизматлари, ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун “Мустақиллик” ордени билан мукофотланди.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти 2016) китобидан

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.