Абдулла Қаҳҳор (1907–1968)

0
11426
марта кўрилган.

Ўзбек адабиёти тараққиётига катта ҳисса қўшган Абдулла Қаҳҳор 1907 йили Қўқон шаҳрида темирчи оиласида дунёга келди. Ўрта маълумотни Қўқонда олган Абдулла 1925 йилда Тошкентга келиб, “Қизил Ўзбекистон” газетасида ишлайди.

У Ўрта Осиё Давлат университетининг педагогика факультетида (1930) таҳсил олди. Ёзувчи “Совет адабиёти” журналида масъул котиб, Ўзбекистон Давлат нашриётида муҳаррир лавозимларида ишлади (1954–1956).

Абдулла Қаҳҳорнинг ижоди 1924 йилдан бошланган. Дастлаб “Муштум” журналида, “Янги Фарғона” газетасида унинг ҳикоя, фельетон, хабарлари босилди. Ёзувчининг “Олам яшаради” номли биринчи ҳикоялар тўплами 1935 йилда чоп этилган.

30-йилларда адибнинг учта “Ҳикоялар” тўплами (1935,1938,1939) китобхонлар қўлига тегди. Бу даврда Абдулла Қаҳҳор кичик ҳикоялардан ташқари “Сароб” (1935) романини ёзди.

Уруш йилларида ёзувчининг бир қанча фельетон, очерк ва ҳикоялари эълон қилинди. “Асрор бобо”, “Дардақдан чиққан қаҳрамон”, “Кампирлар сим қоқди”, “Хотинлар”, “Олтин юлдуз” каби ўнлаб ҳикоя ва қиссаларида ўзбек жангчиларининг мардлиги, халқимизнинг меҳнатдаги жонбозликлари, юксак ватанпарварлиги ифодаланган.

Ёзувчининг урушдан кейинги йилларда яратган “Қўшчинор чироқлари” (1951) романи жамоалаштириш мавзуига бағишланган.

У ўзининг “Шоҳи сўзана” (1951), “Оғриқ тишлар” (1954), “Тобутдан товуш” (1962), “Аяжонларим” (1967) комедиялари билан ўзбек драматургияси ривожига салмоқли ҳисса қўшди. Айниқса, “Шоҳи сўзана” пьесасида драматург қўриқ ва бўз ерларни ўзлаштириш мавзуини зўр маҳорат билан ёритди. Пьеса республикамиз ва қатор хорижий мамлакатлар саҳналарида муваффаққиятли намойиш қилинди. Ёзувчининг “Синчалак” (1958), “Ўтмишдан эртаклар” (1965), “Муҳаббат” (1968) қиссалари ўзбек насрининг тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилди.

У “Ўтмишдан эртаклар” қиссаси учун Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган. Ўзбек китобхонлари Абдулла Қаҳҳор таржимасида М. Горькийнинг “Менинг дорилфунунларим”, Н. В. Гоголнинг “Ревизор”, Л. Н. Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” романи (I, II китоблари) ва бошқа бир қатор асарларни ўз она тилларида ўқишга муваффақ бўлганлар.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор мустақиллик йилларида ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти 2016) китобидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.