Абдулла Орипов (1941–2016)

0
15405
марта кўрилган.

Шоир, таржимон, публицист, жамоат арбоби Абдулла Орипов 1941 йил 21 мартда Қашқадарё вилояти, Косон туманидаги Некўз қишлоғида туғилди. Ўрта мактабни олтин медал билан тамомлагандан кейин (1958), ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетнинг журналистика факультетида ўқиди (1958–1963), “Шарқ юлдузи” журналида адабий ходим, “Ёш гвардия” ва Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётларида муҳаррир, “Ёш гвардия” драматик театрида бадиий бўлим мудири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида маслаҳатчи, катта адабий маслаҳатчи, Абдулла Қодирий номидаги Тошкент Давлат Маданият институтида ўриндошлик бўйича ўқитувчи, “Шарқ юлдузи” журналида муҳаррир (1963–1982), Ёзувчилар уюшмасининг Тошкент вилоят бўлими масъул котиби (1982–1983), “Гулхан” журнали бош муҳаррири (1983–1985), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Раёсати раисининг ўринбосари (1985–1987), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг котиби (1987–1989), Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш давлат агентлиги раиси (1989–2007), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси (1995–2009) вазифаларида ишлади. 2009 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Фахрий раиси. У 1990 йилда Ўзбекистон Олий Кенгашининг, 1995 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати этиб сайланган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенати аъзоси (2005–2010).

Абдулла Орипов Калифорния (АҚШ) фан, таълим, саноат ва санъат халқаро академиясининг аъзоси ҳамдир.

Дастлабки шеъри 1957 йилда, ўзбек шеъриятида ўзига хос воқеа бўлган “Митти юлдуз” номли биринчи китоби эса 1965 йилда нашр этилди. Шундан кейин “Кўзларим йўлингда” (1966), “Онажон” (1969), “Руҳим” (1971), “Ўзбекистон” (1972), “Ҳайрат” (1974), “Юртим шамоли” (1976), “Юзма-юз” (1978), “Нажот қалъаси” (1980), “Жаннатга йўл” (1980), “Сурат ва сийрат” (1981), “Йиллар армони” (1983), “Олтмиш ёшли ватаннинг олти ёшли ўғлони” (1983), “Эҳтиёж фарзанди” (1989), “Сен баҳорни соғинмадингми”, “Бобо ва набира”, “Қуш тили” (1991), “Муножот”, “Муборак ҳаж йўлларида”, “Ҳаж дафтари, Ҳикмат садолари” (1992), “Ҳикмат садолари” (1993), “Дунё” (1995), “Ибодат”, “Соҳибқирон”, “Сайланма” (1996), “Савоб” (1997), “Бедорлик” (1999), “Мустақиллик қўшиғи” (2000), “Бир қарасам…” (2001), “Шоир юраги” (2003), “Меҳр” (2004), “Кўз тумор” (2005), “Мен нечун севаман Ўзбекистонни”, “Биринчи муҳаббатим” (2006), “Талош палласи”, “Сайланма” (2007), “Она янглиғ ягона”, “Менга хушхабар айт” (2009), “Истиқлол манзаралари”, “Сайланма” (2011), “Эзгулик”, “Ранглар ва оҳанглар” (2012), “Туташ дунёлар”, “Янги шеърлар”, “Соҳибқирон” (2015) каби олтмишга яқин тўпламлари чоп этилди. 2000–2013 йилларда “Танланган асарлар”нинг етти жилдлиги босилиб чиқди.

Абдулла Ориповнинг достонлари, шеърлари кўплаб хориж тилларига таржима қилинди. “Родник” (1970), “Ветер Родины” (М., 1975), “Любовь к жизни” (М., 1980), “Жажда весны” (1985), “Удивление” (1985), “Ветер моего края” (М., 1988), “Сохибкиран” (1996), “Благословенно прожитое мной” (2003) сингари саккизта китоби Москва ва Тошкентда рус тилида босилиб чиқди. “Илҳом” (1984) тожик тилида, “Шеърлар” (1989) Урумчида уйғур тилида, “Ҳур ўлкам” (1999) мажмуаси Истанбулда турк тилида нашр этилди.

У буюк итальян шоири Данте Альигерининг шоҳ асари “Илоҳий комедия”нинг “Дўзах” қисмини тўлиғича ва “Аъроф” қисмидан тўққиз қўшиқни маҳорат билан ўзбек тилига ўгирди (1975,2005). Енье Хельтон, А. Пушкин, Н. Некрасов, Л. Украинка, Т. Шевченко, Р. Ҳамзатов, Қ. Қулиев, Махсатий Ганжавий, Егише Чаренц, Ҳ. Баччан, Ҳ. Мерилаас, Халил Ризо ва бошқа қардош шоирлар шеърларини таржима қилди.

Шоир ижоди мустақиллик йилларида ниҳоятда туйғуларга бой, файзли ва сермаҳсул бўлди. “Ҳаж дафтари” (1992) туркумига кирган шеърларида шоир маънавиятимиз манбаларини кашф этиш йўлидан боради. Қуръони Карим, Ҳадиси шарифлардан замонавий маънолар излайди ва топади. У достоннавис ва драматург сифатда ҳам маълум ва машҳурдир. Хусусан, “Соҳибқирон” (1996) шеърий драмаси ва “Истиқлол манзаралари” (2011) достони шоирга катта шуҳрат келтирди.

Ўзбек халқининг миллий тикланиш, ҳурфикрлилик ва мустақиллик учун курашида Абдулла Орипов шеърияти алоҳида ўрин тутади.

Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов Ўзбекистон Республикаси Мадҳияси ҳаммуалифидир. У 1994 йилда Абдулла Қодирий номидаги Давлат мукофоти билан, 1998 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони” юксак унвони билан тақдирланди.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.