Европани забт этган тракторчи

0
127
марта кўрилган.

Ранг-тасвир санъати турлари орасида карикатурачилик ўзининг мавзу кўлами, яратилиш хусусиятига кўра бошқаларидан ажралиб туради. Сўнгги йилларда юртимизда рассомчиликнинг бошқа турлари қатори карикатурачилик ҳам ривожланмоқда. Карикатурачи рассом, “Дўстлик” ордени соҳиби Маҳмуд Эшонқулов ҳамкасблари орасида алоҳида ўринга эга.

Рассомни “Муштум” журнали ва интернет саҳифаларида эълон қилинган кўп­лаб карикатуралари орқали яхши таниймиз. Икки юзга яқин мукофотлар соҳиби, бир неча давлатларда ўтказиладиган турли танловларга иштирокчи ва ҳайъат аъзоси сифатида мунтазам таклиф қилинадиган катта рассом Маҳмуд ака қиёфасида содда ва камтар, танти ва чапани инсонни кўрамиз. У ижодий сафарлар билан дунёнинг йигирмага яқин давлатига бориб, ўзбеклигимиз рамзи – дўппини бошидан ҳеч туширмайди, устоз шоир айтгани каби бошда дўпписи билан қаддини ғоз қилиб юради…

Ушбу суҳбатимиз орқали сиз ҳам Маҳмуд Эшонқуловни ўзингиз учун кашф қиласиз, деган умиддамиз.

 

– Ассалому алайкум. Хуш келибсиз, Маҳмуд ака. Бугунги суҳбатимиз, расмиятчиликлардан йироқ, самимий руҳда ўтади, деган умиддаман. Одатга кўра, аввалбошда ўзингиз ҳақда қисқача гапириб ўтсангиз.

– 1958 йил гўзал Фарғонанинг Бешариқ туманида туғилганман. Ўртаҳол оила эдик. Отамнинг хотираларидан эшитганманки, у киши жадидлар очган янги усул мактабида ўқиган. Расм чизишга нима туртки бўлганини яхши эслолмасам-да, лекин уйимиздаги китобларни ўқиб, газета ва журналлардаги турли суратларни кўриб, расм чизишга иштиёқим ортгани рост. Очиғи, расм чизиш учун қоғоз-қалам қидириб юрмаганман. Кўмир ёки мих бўлса етар эди – мактабимиз девори мен учун рассомлар тахтаси эди (кулади). Деворларни “ижодим” билан тўлдирганим орқасидан, ота-онамга устозларим шикоят қилишарди. Уйда эса акаларим ва ота-оналарим иштирокида мени хонаки “суд” килишарди… Бошқа фойдали ишлар билан шуғуллансанг бўлмасмиди, деб танбеҳ беришарди…

– Шу ўринда бир нарса эсимга тушиб қолди. Болаларнинг севимли ёзувчиси А. Де Сент-Экзюперининг “Кичкина Шаҳзода” фалсафий қиссасида учувчи олти ёшида филни тириклай ютган илонни чизади. Расм худди шляпага ўхшайди. Катталар ҳам худди шундай ўйлаб, ёш рассомни ранжитишади. Бола эса ўша илонни ички кўриниши билан иккинчи марта тасвирлайди. Катталар эса унга “Бундан кўра, алгебга, жуғрофия, ҳисоб-китобни ўргансанг дуруст бўларди” деб танбеҳ беришади. Сизда ҳам шундай бўлган экан-да?

­– Ҳа, шунга яқинроқ бўлган. “Кичкина Шаҳзода”да боланинг атрофидагилар тасвирий санъатни тушунмаган бўлиши мумкин. Аммо мен асардагидек фалсафий ёхуд тушунарсиз расмлар чизмаганман. Оддий, доим кўриб юрадиган предметларни тасвирлаганман.

Шу ерда бир нимани айтиб ўтгим келди. Аввал биз ўқиб юрган пайтда – 60­–70-йилларда мактабда расм дарси яхши ўтилмасди. Сабаб, мутахассис йўқ эди. Ҳозир ҳам кўп мактаб­ларимизда шу аҳвол. Боланинг эстетик дидини шакллантириш учун, унинг кўнглига эзгулик уруғларини сочиш учун тасвирий санъат, адабиёт, мусиқа фанлари мактабларда пухта ўргатилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Буларнинг ҳаммаси – санъат. Санъат эса ёмонликка бошламайди, аксинча ундан узоқлаштиради. Ўша пайтларда мактабларда яхши устоз бўлганида, ҳозир Ўзбекистонда рассомлар сафи анча кенгайган бўларди…

 

– Маҳмуд ака, бундан 30-35 йил аввал сиз далада жавлон уриб трактор ҳайдаб, шудгорнинг бағрини “тилиб” юрардингиз. Тақдирни қарангки, бугун сизни нафақат юртимизда, балки дунё миқёсида ҳам карикатурачи рассом сифатида яхши танишади. Айтинг-чи, тракторчи бўлиб юрганингизда қачондир машҳур рассом бўламан деб ўйлаганмисиз?

– Йўқ. Чунки отам рассомчиликдан наф йўқ, ундан кўра яхши касб ўрган, дердилар. Ростдан ҳам, ўша пайтда теварак-атрофимизда рассомлик орқасидан ном қозонган, рўзғор тебратадиган одам йўқ эди. Кейин отамнинг насиҳатига қулоқ солиб, тракторчилик касбини танладим. Ўша пайтларда қишлоқ хўжалиги анча ривожланган бўлиб, тракторчилик орқасидан яхшигина пул топиш мумкин эди. Лекин барибир расм чизишга бўлган муҳаббатим ўшандаям сўнмаган. Шундай қилиб, 35-40 ёшлар оралиғида Тошкентга келиб, ҳозирги Низомий номидаги педагогика университетининг тасвирий санъат факультетига ўқишга кирдим. Бир муддат мактабда расм ва чизмачиликдан дарс бериб юрдим, маданият уйида ишладим. Кейин савдога ўтиб кетдим, яхшигина даромад топиб, уй-жой қилдим, мошина олдим. Лекин барибир улар кўнглимга расмдек роҳат бахш этмасди. Шунинг учун карикатураларимни газета-журналларга жўнатиб юрдим. 1996 йил “Муштум”дан ишга таклиф хати келди. Шу-шу, Тошкентда ижод қилиб юрибман.

 

– Бошқа ўзбек карикатурачилардан фарқли ўлароқ, сизнинг расмларингизда умумбашарий муаммолар – терроризм, гиёҳвандлик, ирқчилик, оммавий маданият, экология каби жиддий мавзулар қаламга олинади. Расмларингизда шунчаки кулги қўзғамасдан, сатира ёки юмор орқали ижтимоий муаммоларни кўрсатиб, ҳажв қиласиз. Шунинг учун ҳам кўплаб нуфузли танловларнинг мутлоқ ғолиби, махсус мукофотлару гран-приларнинг соҳиби бўлгансиз. Сиз карикатураларингизга мавзуни атай ахтарасизми ё кутилмаганда хаёлингизга келадими? Умуман, расмларингизнинг яратилиш жараёни ҳақида сўзласангиз…

– Очиғини айтаман, мавзу излайман. Сиз айтган йўналиш­ларда расм чизиш доимги режам десам ҳам бўлади. Аммо уни қай йўсинда чизиш, қандай деталлардан фойдаланиш учун фикр юритмаса бўлмайди. Мана, ҳозир интернет роса оммалашган. Интернет сайтларига кираман, телевидениедан янгиликларни кузатиб бораман. Лоф деманг-у, дунёга овоза бўлган ҳеч бир воқеа эътиборимдан четда қолмайди. Ҳар бир ҳодисага муносабат билдиргим келади, шунинг учун дарров қоғоз-қалам олиб, расм чизишга киришаман.

Карикатурачиликда битта нарса муҳим. Фақат кулги уйғотиб ёки мазах қилиб обрў оламан дейиш хунук иш рассом учун. Ёки катта танловларда ғолиб бўламан деб, манфаат ортидан ижод қилиш ҳам ярамайди. Яна бир ёмон одат урчияпти: карикатура охирги пайтларда адоват қўзғаш, фитна яратиш учун дастак бўлаяпти. Хабарингиз бўлса керак, Францияда Пайғамбаримиз (с.а.в.)ни камситиб, карикатура чизишди. Бу фақат пайғамбаримизга эмас, у зотнинг ортида турган бутун мусулмон умматини ҳақоратлаш эди. Бошқа нарса эмас! Шунинг учун мен инсонни унинг миллати ёки динига боғлаб мазах қилишдан ўзимни йироқ тутаман. Кўпчиликни қийнаётган муаммоларни ранг орқали баралла айтишга уринаман.

 

– Маҳмуд ака, шу ўринда сал жиддийроқ савол бераман. Фақат мени тўғри тушунасиз, деган умиддаман. Ўзингиз таъкидлаганингиздек, ҳаммамиз мусулмонмиз. Исломда расм чизиш ман қилинган, дейишади. Шу ҳолат сизни рассомликдан қайтарганми ҳеч?

– Ҳечам хижолат бўлманг, сизни тўғри тушундим. Хўш… саволингиз, рости, жиддий. Бу ҳақда кўп ўйлаб кўрганман. Ҳақиқатан ҳам, жонли яратиқларнинг шаклини яратиш фақат Ўзигагина хос. Мен шу ҳолни рад этмаган ҳолда, баъзан фикр юритиб кўраман, тарихга назар соламан, илми бор одамлар билан суҳбатлашаман. Назаримда, расм чизишнинг маълум давр ман этилгани ўша пайтдаги ҳолат билан боғлиқ. Яъни, яхши биласиз, одамлар ягона Яратганга эмас, турли расм ва ҳайкалларга сиғиниб турган бир пайтда расм чизиш маъқул иш сифатида қаралмаган. Аммо кейинчалик вазият, тасвирий санъатга муносабат ўзгарган. Тарихга бир назар солинг: Камолиддин Беҳзод катта мусаввир бўлган. Ўз замонасининг машҳур кишиларининг суратини чизган. Ўрта асрларда яратилган меъморий обидаларда турли ҳайвонларнинг расмлари бор… Ҳозирги замонда кўплаб танловларда араб дунёсидан ҳам рассомлар келади. Эрон Ислом Республикаси карикатурачилари дунёдаги энг машҳур рассомлардан… Айтмоқчи бўлганим, одамнинг амали ниятига ҳам боғлиқ. “Амаллар ниятга боғлиқ” деган ҳадис кўнглимга ёруғлик бағишлайди…

 

– Карикатураларингизни кўрган киши аввалбошда бир жилмаяди, кейин ўйга толади. Сабаби, сизнинг расмларингизда кулги эмас, муаммони очиб бериш биринчи ўринда туради. Лекин танқид ҳам, юмор ҳам омухта. Сўрамоқчи бўлганим, расмларингиз орқасидан кел(алёт)ган раҳматларни санамасам ҳам бўлади, аммо улар орқасидан маломат ҳам эшитганмисиз?

– Йўқ. Лекин бир-икки киши расмларингизда ундай демоқчи бўлибсиз, бундай демоқчи бўлибсиз, деб писанда қилган…

Авваллари ҳар бир жамоа ёки ширкат хўжаликларида далашийпонлар бўларди. Бу ерда далада ишлайдиганлар овқатланиб ва дам олиб кетарди ёки раҳбарият томонидан ул-бул нарса айнан шу ерда тарқатиларди. Кейинчалик далашийпонларига ошна-оғайнилар йиғилиб, дам олишга боришлар кўпайиб кетди. Соя-салқин жойлар, ҳовузлари бўларди-да. Мен ҳам худди шу ҳолатни – маишат бўлаётган ҳолатни тасвирлаб, карикатура чиздим. Қандай десам экан, хуллас, ишчилар тушлик қилиш учун далашийпонга келишса, бригадир “Уйларингда овқатланиб кел” дегандай уларни ҳайдаётганини чизганман, холос. Рост гап, айнан бир киши ёки аниқ бир жойни  назарда тутмаганман.

Кунларнинг бирида водийга бориб қолдим. Бир бригадир танишим “Муштум”даги расмингни кўрдим, яхшимас унақа қилиш”, деб қолса бўладими. Мен ҳайронман. Кейин билсам, ўша карикатурамни бригадир кўрган экан. У мени чизган деб ўйлаб, ҳадиксираб қолган. Мен ўшанда хурсанд бўлганман, очиғи. Демак, битта расм билан кимдир ўзини тартибга солиб олибди. Санъатнинг кучи ҳам шу-да ўзи!

Яна бир гапни ҳам айтиб ўтмасам бўлмас. Ўзимиздаги муаммо ва камчиликлар  туширилган расмларимни халқаро кўргазмаларга жўнтамайман. Агар шундай қилсам, юртимни, миллатимни, давлатимизни бошқалар кўзига ёмон кўрсатиб қўйишим мумкин, бошқалар наздида ўзбеклар бундай халқ экан, Ўзбекистон бундай давлат экан, деган тасаввур уйғониши мумкин. Уларни ўзимиз учун, юртдошларимиз кўриб бу нуқсонлардан халос бўлишлари учун чизаман. Бинобарин, бизда “Уйдаги гап кўчага тўғри келмайди”, деган нақл бор…

– Маҳмуд ака, истеъдод ҳам суяк суради, деган гап бор. Илм-фан ҳам буни тасдиқлаб, қобилиятлар муайян даражада ген орқали авлодларга  ўтади, дейди. Бу хусусда нима дейсиз? Сизнинг фарзандларингиз ёни невараларингиз ҳам ранг-тасвирга қизиқадими? Ишингизни давом эттиришяптими?

– Бир ўғлим расм чизишга қизиқди. Ҳатто рассомчилик коллежида ҳам ўқиди. Қизиқиши сўндими, билмайман, бир йилдан сўнг ўқишни ташлаб кетди. Ҳозир у ёнимда – Тошкентда. Унинг болалари ҳам қизиқмади рассомчиликка. Лекин қишлоқда қолган ўғлимнинг учта  фарзанди расм чизади. Биттаси сал бўшроғ-у, лекин иккитасидан рассом чиқади, деб умид қиляпман. Уларга мавзуларни айтиб тураман, борганимда расмларини кўриб, фикрларимни билдираман. Ҳатто уларнинг расмларини халқаро танловларга ҳам жўнатиб тураман. Шукр, кичик бўлса ҳам мукофотлар олиб туришибди. Улар мен эгалламаган марраларни ҳам эгаллашларини истайман.

 

– Самимий суҳбат учун сизга ташаккур, Маҳмуд ака. Ижодингизга ривож, оилангизга тинчлик-хотиржамлик тилаймиз.

– Саломат бўлинг. Мен ҳам журнал ишларига ривож тилайман. “Yoshlik” доимо ёшларга қанот бўлсин!

 

Ҳусан Мақсудов суҳбатлашди.

 

 “Ёшлик”, 2018/1

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.