Ўйлаяпмиз, ёзаяпмиз, яшаяпмиз…

0
133
марта кўрилган.

Икки фикр, икки ҳиссиёт, икки нигоҳ, икки дард, икки ҳақиқат, икки ёлғон, икки дид билан бир том остида яшаётганлар талайгина. Гулни кўрган кулга, кулни кўрган гулга қайрилиб қарагиси келмайди. Начора! “Муқаддас ришта” – тўда овози, қолаверса, “маъсум болаларнинг маъюс бахти”. Шукрки икки нигоҳ билан ҳам бир хаёлни кечираётганлар, борлиқни биргаликда туяётганлар йўқ эмас. Бу бирлик қаршисида қайғунинг-да қадди букилади.

Ўзбек аёллар насри борасидаги қолиплашган тасаввурларимизни пучга чиқараётган, нигоҳини руҳиятнинг зиддиятли чиғириқларига, жамият жароҳатларига қаратаётган адиба Зулфия Қуролбой қизи неча йилдирки залворли юрак эгаси, истеъдодли ёзувчи, таниқли журналист Абдуқаюм Йўлдошга ҳамроҳлик қилиб келяпти.

 

– Санъат – муҳаббат ва нафрат, ҳақиқат ва ёлғон, жаҳолат ва эзгулик, ҳиссиёт ва тафаккур, хаёл ва ҳаёт, таскинлар ва афсуслар, хуллас, еру осмон висолидан мавжуд бўлган ЁЛҒИЗЛИКнинг инъикоси. Балки, шу учун ҳам ижодкор фарзанди ўзининг йўлидан кетишини истамас. Ўзи чекаётган руҳий изтироблардан, эврилишлардан, виждон тўлғоқларидан, ютқизиқлардан боласини аяш учундир, эҳтимол?..

З. Йўлдошева: – Йўқ, барибир, мен истайман. Чунки адабиётга яқин одамдан ёмонлик чиқмайди. Қолаверса, шуни аниқ айта оламанки, ўғлим билан катта қизимда адабиётга нафақат ҳавас, балки жиччагина истеъдод ҳам бордай. Тўғри, улар ҳозирча бошқа соҳани танлашди. Аммо бўш вақтларида тузуккина ҳикоялар қоралаб туришибди. Қолганини вақт кўрсатар…

А. Йўлдошев: – Бу менинг хоҳишим билан бўладиган иш эмас-да. Истеъдоднинг тўқсон тўққиз фоизи меҳнат дейишади. Лекин ҳамма сир ўша бир фоизда! Иқтидорсиз одам ўзини курсига боғлаб қўйиб, бир ҳафта бош кўтармай нимадир ёзиши мумкин, лекин бу асар эмас, тузсиз ошдек бемаза нарса бўлади.

Умуман олганда эса, мен ёзувчи бўлиш учун филология ёки журналистика бўйича олий маълумот олиш шарт эмас, деган фикрдаман. Аксинча, ҳаёт мактабининг сабоқлари қўшилган истеъдод муҳимроқ. Чеховнинг врач, Достоевскийнинг инженер, Солженициннинг математик, Айтматовнинг зоотехник бўлганини эсланг. Агар истеъдод ҳақиқатан бор бўлса, у бир куни барибир юзага чиқади.

– Муаллиф сифатида ёзганларингиздан дил хира тортган дамлар учраб турса керак?

А. Йўлдошев: – Бир пайтлар Сергей Михалковнинг “Ёзаётганда ҳеч бўлмаса ҳарф терувчини ўйланг”, деган сатрига кўзим тушиб қолганди. Бу огоҳлантириш “горячий набор”, яъни қўрғошинга ҳарф теришлар даври ўтган бўлсаям, барибир аҳамиятини йўқотмаган. Мактабда ўқиб юрганимда эса геометрия ўқитувчимиз надомат ила: “Бизда қоғоз ишлаб чиқариш саноати жуда яхши ишлаяпти-ю, лекин ҳар хил ёзувчи-позувчилар кўпайиб кетди-да”, деб туриб, менга маънодор қараб қўйганди. Бу дакки ҳеч эсимдан чиқмайди. Ички масъулиятни тутиб турадиган, асарингни ўзинг қайта ўқиган пайтингда юзинг қизариб кетишидан асрайдиган залворли-залворли сабаблар кўп, фақат уларга риоя этиш қийинроқ кечади-да.

Ёзганларимдан уялмайман. Уларнинг ҳаммаси мен учун азиз. Муҳими шу.

З. Йўлдошева: – Мен эса айримларидан уяламан. Бир вақтлар “сариқ матбуот”да ишлаб юрган кезларим гонорар учун кўп нарсаларни ёзиб ташлаганман. Уларни асар деб бўлмайди. Лекин ўқувчилар шунақа нарсаларга қизиқиб, талаб қилишса, газета раҳбарлари бозоргир мавзуларни узлуксиз буюртма қилиб туришса ва яна яхшигина қалам ҳақи тўлашса… одам қизиқиб кетганини билмай қоларкан-да. Ўғлим Шаҳриёр: “Онагинам Алварадо, қушларни бўяб сотишни қачон бас қиласиз?” дерди. “Вақти-соати келганда,” деб жавоб берардим. Мана, ўша вақти-соат келган шекилли, икки йилдан буён кўнгилочар нашрлар учун ҳеч нарса ёзмаяпман. Лекин мундоқ олиб қараганда, ҳозирча сал-пал дуруст деб эътироф этилаётган асарларимнинг аксарияти айнан ўша вақтларда қоғозга тушган.

А. Йўлдошев: – Қозоқбой ака (Йўлдошев) баъзан буюртма сабаб бўлиб яхши асар яратилиши мумкин, деганди. Рост экан. Зулфиянинг “Кўланка” ҳикояси “Тафаккур” журнали бош муҳаррири Эркин аканинг “Бизгаям бир нарса ёзиб беринг, фақат икки-уч ҳафта ичида” деган “қатъий буюртмаси”дан кейин пайдо бўлганига ўзим гувоҳман.

– Ижодкор агар истеъдодини қўшқўллаб ҳавога совурмоқчи, ўзини эса ҳечликка ҳукм этмоқчи бўлса, марҳамат қилиб кундалик нашрда газетада ишласин, деган фикр тез-тез хаёлимдан ўтади.

А. Йўлдошев: – Институтни битиргандан кейин беш йил заводда ишлаганман. У даврлар… бошқача эди. Кунлик режа адо этилдими, жисмоний чарчоқ, иш устидаги бақир-чақирлар бирдан ёддан чиқади, Адабиётга эҳтиёж туғилади: ҳузур қилиб зўр асар ўқимасанг ёки ниманидир қораламасанг, ётиб ухлаб бўлмайди. Ўзимга маъқул кўпгина машқларим айнан ўшанда қоғозга тушган ёки кўнгилнинг бир чеккасига тугиб қўйилган. Балки шу сабаблидир, ҳамон заводни, беғубор иш муҳитини соғинаман, тушларимда кўриб чиқаман… Бироқ кун бўйи таҳририятда ишлаб, аксар ҳолларда ўзингни мутлақо кониқтирмайдиган қўлёзмаларни, саҳифаларни қайта-қайта ўқийвергандан сўнг шу қадар (фақат жисмоний эмас) чарчайсанки, кечқурун уйда қоғозга қарашга истак ҳам, ҳол ҳам қолмайди: қўлингдан келгани қурбонликка кетган яна бир кунингга бесамара ачиниш бўлади, холос.

– Қирқ йилдан зиёд вақт ўтган бўлса-да, “Новый мир” журнали тилга олинганда, шубҳасиз, Александр Твардовский номи эсланади. Бунга сабаб, у ёлғон ва ўзининг орасидан ингичка чизиқ тортиб олган эди, дейди замондошлари. Ёлғон билан юзма-юз, ёнма-ён яшаши мумкин, аҳён-аҳёнда кетса бойдан кетибди-да қабилида истеҳзоли табассум ҳам улашар. Лекин ўша сезилмас чизиқни ўзи учун “хитой девори”га айлантириб олиш руҳий риёзатсиз кечмайди. Бу мухолифатчи ёки инқилобчи бўлишдан-да мушкул, деб ўйлайман. Шу маънода бундай қалтис синовдан амал-тақал қилиб ўтган ва ўтаётган Бош муҳаррирлар сифатида жамият алвон рангларга бўялган даврдаги “Гулистон” журнали – Асқад Мухтор, бугунги “Тафаккур” журнали – Эркин Аъзам, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси – Аҳмаджон Мелибоев ва “Моҳият” газетасининг собиқ бош муҳаррири Абдуқаюм Йўлдошни биламиз…

А. Йўлдошев: – Сиз айтган одамлар биз учун қўл етмас орзудек гап… Газетада эса виждонан ишлашга ҳаракат қилдик, холос. Албатта, озгина ёшлик романтикаси ҳам бор эди, бусиз мумкин эмас-да. Ундан кейин, жуда қойиллатиб ташладик, деб айтолмайман, ўзимизга яраша хатоларимиз ҳам бор эди. Шукрулло ака, Аҳмаджон ака (Мелибоев), Хуршид ака (Дўстмуҳаммад) каби куйинчак устозларнинг маслаҳатларига имкон даражасида амал қилишга уриндик. Газета сал тилга туша бошлагандан кейин эса унинг атрофида турли “ғилоф бандалари”ю Чарли Чаплиннинг ўт ўчирувчи қаҳрамонига ўхшаш кимсалар ўралашиб қолишди: милтиллаган чўғ кўриниб қолса ҳам бўлди, дод солиб сув сепаверишади. Жамоа билан келишган ҳолда, шамол тегирмонларига қарши от солиб, тинка-мадоримизни қуритгандан кўра ўз ихтиёримиз билан бўшаб қўя қолайлик, деган қарорга келдик.

Мен эрталабдан киоскага чопиб, янги газеталарни сотиб олишни, уларни ўқиб чиқишни орзу қиламан. Лекин саккиз саҳифасини беш дақиқада бемалол қараб чиқиш мумкин бўлган нашрлар кўпайган сари дўконга чиқиш истаги тескари пропорция асосида сусайиб бормоқда. Икки томчи сувдай бир-бирига ўхшаш, одам боласи гапирмайдиган қуп-қуруқ тилда битилган сип-силлиқ мақолалар. Мана, журналнинг номи “ЖаннатМакон”. Ким ҳам ер юзининг жаннатга айланишини истамайди. Яхши ният-да. Аммо биз айнан мана шундай маконда яшаяпмиз, тамом-вассалом, деб даъво қилиш “Қуёш шаҳри” воқеликка айланди дейиш билан баробар эмасми? Ахир инсон, жамият бор экан, албатта, катта-кичик муаммолар, ташвишлар бўлади. Чеховни эсланг: “Праздная жизнь не может быть чистой”. Айтмоқчи бўлганим, ҳар кишининг ўз ўрнида виждонан ва ҳалол ишлаши бизни ер юзининг беҳишти бўлган Комил Жамият сари қанчалик яқинлаштирса, журналистларнинг сохта мақолалари ундан шунчалик узоқлаштиради.

 – “Фалончи устоз бўлганларида эди, бунга ҳеч йўл қўймасдилар,” деганга ўхшаш гаплар қулоққа чалиниб туради. Бироқ синчиклаб кузатсанг, ўша қиёфаларнинг ҳам “мана адабиёт” деб кўтар-кўтар қилган баъзи нарсалари сўз санъатининг бор-йўғи сояси, руҳиятнинг хомаки чизгилари эканини фаҳмлаш қийин эмас… Адабий жараёндаги айрим томошаларни кўриб, ичи бўм-бўш ноғорадан “Чўли ироқ”ни чиқаришга уриниш бир анъана экан-да, деган кўникма пайдо бўляпти, менда…

А. Йўлдошев: – Лермонтовда “Замондош наслимга қарайман ғамгин”, деган мисра бор. Мен бугун адабий жараёнда ўралашиб юрган кўплаб “ёзғувчи” ва “шиғирчи”ларгаю, уларнинг кўп сонли “мухлислари”га ачиниб қарайман. Сизнинг куйинганингизча бор, бундай қаламкашларнинг ошиғи олчи: қалин муқоваларда, катта-катта тиражларда кетма-кет китоблар чиқариб ётишибди, бирон жойга боришса ғурур билан ўзларини “мен ёзувчиман” ёки “мен шоирман” деб танитишади. Тушунмайман: юракдан чиққан битта самимий жумла ёки мисра ёзмасдан ҳам “ёзувчи” ёки “шоир” бўлиш мумкин экан-да, а? Лекин бу ғалатиликнинг бошқа томони ҳам бор: бундай “ёзғувчи” ва “шиғирчи”лар тўдаси ортида улар ишонган, уларни жон-жаҳдлари билан қўриқлайдиган номдор “фалончи-пистончи акахон”лари туришади. Бир эмас, бир неча бор шундай бўлди: тақризга берилган “танқиддан тубан” асар ҳақидаги номдор ёзувчиларнинг “оқ йўли”ю, муаллифни салкам классик адибга чиқариб қўйган серкўпик мақолаларга эътибор бермасдан холис фикрларни ёзиб берасан. Эртаси кундан эса қўнғироқ ёки ишхонангга “визитлар” бошланади: “Тушунмадик, фалончи-пистончи акахонларга жуда ёққан асар нега энди сизга ёқмайди?”.

Бундай гуруҳ ва гуруҳчалар бугун ёки эртага йўқ бўлиб кетмайди, албатта. Эҳтимол, уларнинг ишлари янада юришиб кетар. Аммо, шукрки, адабиётимиз савиясини бундайлар бегиламайди. Назаримда, кейинги беш-олти йил ичида оғиркарвон насримизда бир гуруҳ ҳақиқий иқтидор соҳиблари чиқишаётандек. Гап уларни асраб-авайлашда, ҳамишагидай, истеъдодсизлар бемалол ўз йўлларини топиб кетаётган бир шароитда истеъдодларга ёрдам беришда, уларни тушунишга уринишда. Токи бу салоҳиятли қаламкашларнинг ҳам овози “икки дарё оралиғида” қолиб кетмасин…

Кейинги пайтларда пайдо бўлган яна бир туркум “ёстиқдай-ёстиқдай” асарларни ўқиб эса, беихтиёр ўтган асрнинг 50-60-йиллари сандиғида қолиб кетган “конфликтсизлик назарияси” яна реабилитиция қилиндими, кечаги кунга бугунги кун нуқтаи назаридан баҳо бериш кўникмаси урчиб кетмаяптими, деган хавотирга борасан киши. Ижодкорни халқнинг виждонига ўхшатишади. Виждонга эса адабий маддоҳлик, ҳақиқатни сохталаштириш ярашмайди…

З. Йўлдошева: – Тўғрисини айтсам, менинг бировларга ачинишга ҳам, уларни танқид қилишга ҳам вақтим йўқ. Аввалдан шошиб яшардим, худди ҳеч нарсага улгуролмай қоладигандай. Ҳозир ҳам шундай. Қолаверса, уй-рўзғор, тўртта бола, келди-кетди, борди-келдилардан ортган озгина вақтимни адабиёт учун, ўзим учун сарфлаётганимнинг ўзи катта гапдай туюлади. Маддоҳлар, маҳаллийчилик билан ҳам ишим йўқ. Кўпгина истеъдодли кишилар аламзадалик туфайли чеккада қолиб кетишган. “Мен уларнинг “тоғораси”га сиғмадим, бор-е, ҳаммасини бердим ўшаларга!” деб қўл силтаб кетиш ҳам яхшиликка олиб келмайди. Шу ўринда Франц Кафканинг бир гапи менга ёқади: “Хонага кир. Эшикни ёп. Ёзув столига ўтир. Ва кут. Кут. Шунда сенга бутунлай бошқа олам юз очади…”

– Бу жиддий гаплардан кейин оилани ҳам эслаб ўтмасак бўлмас…

А. Йўлдошев: – Оиланинг асоси муҳаббат ва эр-хотиннинг бир-бирини тушуниши бўлса керак. Кейинги қаторда фарзандлар олдидаги масъулият туради.

З.Йўлдошева: – Биз фарзандларимизни ўстиряпмиз, ишлаяпмиз, ўйлаяпмиз, ижод қиляпмиз, чарчаяпмиз, изтироб чекяпмиз, севиняпмиз, бир сўз билан айтганда яшаяпмиз.

– Шоир Эшқобил Шукурнинг бир шеърида “Лаҳзада яша, лаҳзани ушлаб қол” деган маънодаги фикр бор. Лекин тутқич бермас лаҳзалар, яшалмаган умр армонини ҳар ким ҳар хил тушунади…

А. Йўлдошев: – Вақт. Энг қиммат ва энг арзон бойлигимиз… Ўзбекда нима кўп – тўй кўп, базм кўп. Бунга сўнгги пайтлари ёмғирдан кейинги қўзиқориндай кўпайиб кетган “гаплар”у “ош”ларни қўшинг. Ишқилиб, бемалол йилнинг 365 кунига етиб ортади. Дейлик, уйимдан юз чақирим нарида яшайдиган танишимнинг соат бешда тарқатиладиган наҳорги ошига етиб бормасам, осмон узилиб ерга тушадими? Ё мен одамгарчиликдан чиқиб қоламанми? Ахир, бу аҳволда қачон ишлаймиз, қачон ижод қиламиз, қачон ФИКРЛАЙМИЗ?

Зулфия мени бунақа тадбирларга қатнашишга ундайди: “Ахир бир кун сиз ҳам элга ош берасиз, шунда мана шу улфатларингиз ёнингизда туради”. Бунақа манфаат илинжи мени баттар қониқтирмайди, унга Эркин Аъзамнинг бир қаҳрамони гапларини ўқиб бердим. Мана, компьютернинг “Рабочий стол”ида турибди: “Ҳали хўроз қичқирмай туриб шаҳарнинг бир чеккасидан нариги чеккасига ошга бориб, кейин кун бўйи ишхонада мудраб ўтирамиз! Униси камдек, пешин бўлар-бўлмас, тағин ошхўрликка отланамиз. Тушлик баҳона, тиш кавлаб соат икки-учларда қайтамиз. Қорин шишган, қўл ишга бормайди, яна талай замон ланж! Стол устини саранжомлаб, энди ишга киришаман деганингизда иш куни тугаб қолади… Бунақа бағрикенг ҳукумат қайда бор-а?! ”

Лекин, таассуфки, аксар ҳолларда урф-одатлар, анъаналар одамдан устун келади. Мисол учун ортиқча сарф-харажатли, дабдабали тўй ҳеч кимга керак эмаслигини ҳамма билади, аммо “кимўзар”га тўй қилиш кучайгандан кучайиб бораяпти. Мен ҳам элга қўшилиш, ажралиб қолмаслик учун ора-сира “ош” ва “гап”ларга бориб тураман. Ўзимни ишонтириш учун “хонанишинликни давр кўтармайди” деб қўяман.

З. Йўлдошева: – Лекин одам одамлар орасида бўлгани, уларга аралашиб тургани яхши. Агар шу нарсалар баҳона бўладиган бўлса, мен бир сатр ҳам ёза олмаслигим керак эди. Очиғини айтаман, дугоналарим билан “гап”имиз бор. Аммо бу ерда гап эрта тўй қилсам, шулар ёнимда туради, деган манфаатда эмас аслида. Бошқаларни билмадим-у, аммо мен одамлар орасида бўлганимда улардан кўп нарсани ўрганаман, эшитаман, ҳар хил фикрлар, сюжетлар мана шундай дамларда пайдо бўлган миямда. Гоҳида ўзимга ҳам ғалати туюлади-ю, лекин айтмасам бўлмайди, мен ўша “гап”ларга, тўйларга одамлардан нимадир эшитиш учун бораётгандай бўламан. Мана шуни манфаат деса бўлади менимча…

– Сизлардаги руҳий мувозанатни нима бузиб, асабийлаштириши мумкин?

А. Йўлдошев: – Ҳасад билан ғийбат; истеъдодсизнинг истеъдод даъво қилиши.

З. Йўлдошева: – Ҳасад билан ғийбатни ҳамма ҳам ёқтирмаса керак. Лекин ёмон кўриш билан бирон нарсага эришиб бўлмайди. Яхшиси шунақа нарсалардан юқорироқ туришга ҳаракат қилиш керак дейман. Дунё икки қарама-қаршилик – яхшилик ва ёмонлик асосига қурилган бўлса, наилож! Шундай экан, одамлардан ҳар нарсани кутиш мумкин. Ҳатто ўз яқинингиздан ҳам. Бундан дил оғрийди, албатта. Ўзингизни тубсиз жарликка тушиб қолгандай ҳис қиласиз. Муҳими, ана шу “жар”ликда қолиб кетмаслик! Мана шуни тушуниб етгунимча, эҳ-ҳе…

А. Йўлдошев: – Қачон шунақанги иллатларга дуч келсам, улардан узоқроқ юришга ҳаракат қиламан. Ўзим ишлаб турган жойда бунақанги ҳол қайта-қайта учрайверса “сўнгги чора” сифатида шартта бўшаш ҳақида ариза ёзаман.

Тўғри, ўзим ҳам фаришта эмасман. Анча йиллар бурун ўзим ўзимга назмий ташхис ҳам қўйгандим: “Ўзим беистеъдод, инжиқ одамман, Иззат-нафсим эса нақ осмонча бор…” деб бошланарди бу шиғир.

З. Йўлдошева: – Иқбол, нимагадир менга Абдуқаюм аканинг шеърлари кўпроқ ёқади. Мен шеър ёзолмайман.

А. Йўлдошев: – Эришилмаган нарсанинг жилваси кучлироқ бўлади-да.

– Йўқ, менга ҳам ёқади. Яхши эслайман, 2004 йилда ёзилган “Сервиқор либослар сиймин танда хор, Кўркам чеҳраларда жаҳоний малол…” деб бошланувчи балладалари ҳанузгача юрагимда ўрмалаб юради…

З. Йўлдошева: – Баллада газетада чиққанида ҳамкасб дугоналарим билан ўқийвериб-ўқийвериб, ёд олиб қўйгандик. Ёлғиз аёл. Бахтга, муҳаббатга ташна аёл, ўта мағрур Аёл. “Калит буралади… Муздай манглайин Муздайин кўзгуга босади Аёл – Парда ёпилган сўнг оққуш либосин Юлқиган кампирдан яшринган мисол”. У севилган Аёл. Мўъжизавий муҳаббат эса Аёлни қўл етмас юксакликка кўтаради: Аёл Қорбобо қиёфасида келадиган суюклиси билан учрашади. “Қорбобо аёлни қучар авайлаб, Лабларидан бўса олар беозор. Ташқарида… Тунни кундузга улаб Эланиб-эланиб ёғар оппоқ қор”. Аммо суюкли ёр қайтиб кетмоғи лозим… “Аёл тушунади… Беун бош эгган, Йигитнинг қўлларин маҳкам ушлайди. Мана шу туришда видолашётган Ярадор оққушга жуда ўхшайди… ” Ўша лаҳзалар учун ҳам яшаса арзийди. Кимдир кимнидир севаркан, муҳаббат тугамагунча дунё ҳам парчаланиб кетмайди.

– Мени бир-бирларингизнинг ижодларингизга муносабатингиз қизиқтиради.

А.Йўлдошев: – Албатта, биз “социалистик мусобақа” ўйнаб қалам тебратмаймиз. Бунинг устига иккаламизнинг ёзиш услубимиз бир-биридан кескин фарқ қилади. Зулфия ёзганларининг биринчи ўқувчиси ва албатта биринчи танқидчиси ўзим бўламан. Пашшадай камчилик топиб олсам бас, “Шу ҳам асар бўлдими? Бунақаларни мен чап қўлим билан ёзиб ташлайман!” қабилида “урганим-урган”. Лекин “Тафаккур”, “Момо Ҳаво”, “Аёл”, “Кўланка” каби ҳикояларини, “Армон асираси” романини ўқиганимда иккала қўлимни кўтариб таслим бўлганман: “Женгдинг, Қуролбой қизи!” деб.

Зулфия ёзганларимни танқид қила бошласа, рости, бу менга ёқмайди. “Сен филологсан, адабиётни тушунмайсан!” тарзида қарши ҳужумга ўтаман. Кейинроқ, ёлғиз қолгач, ўша танқид қилинган жойларни қайтадан ўқиб чиқаман. Кўпинча у ҳақ бўлиб чиқади. Нимаям дердим…

З. Йўлдошева: – Менга Абдуқаюм аканинг “Шайх-ур-раис”, “Тушов”, “Уч қоп ун” каби ҳикоялари ёқади. Аммо… тўғрисини айтсам, “Алвидо, гўзаллик”ни мен сал бошқачароқ ёзган бўлардим.

– Сизларга сўнгги таъсир қилган воқеа…

А. Йўлдошев: – Шунча уринсам ҳам ҳеч эсимдан чиқмаётгани тўсатдан эллик ёшнинг бостириб келиши бўлса керак. Бирдан қўнғироқлар, қутловлар. Хижолатдан иссиғинг чиқиб, қаерга яширинишингни билмай қоларкансан. Худди қандайдир тушунмовчилик бўлаётгандай, гап мен эмас, бошқа биров ҳақида кетаётгандай. Ахир, қандай қилиб бир пасда ярим аср яшаб қўйдим? Агар ҳужжатлар билан календар алдамаётган бўлса, унда шу ёшга етиб қўйиб ҳам нега шунча кам иш қилдим? Нега дилга тугиб қўйилган орзу-армонларнинг асосий қисми ҳамон тахи бузилмай турибди? Нега кўп вақтимни бекорчи юмушларга совурдим?…

З. Йўлдошева: – Болалагимда эллик ёшли одам деганда кўз олдимга мункиллаб қолган чол келарди. Бугун турмуш ўртоғимга қарасам, бу тушунча хатодай. Абдуқаюм ака ҳалиям ўша-ўша, сочларида бир тола оқ йўқ, мўйлов ҳам жойида…

 

 

Иқбол Қўшшаева

ёзиб олди.

 

“Ижод олами”, 2018/6

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.