“Ҳануз шеър ёзишни билмайман…”

0
510
марта кўрилган.

 Турсунбой Адашбоев билан суҳбат

 

Таҳририятимизда таниқли болалар шоири Турсунбой Адашбоев билан ижодий учрашув бўлиб ўтди. Шоир ёшларнинг саволларига атрофлича жавоб берди, хотиралари, шахсий кузатишлари, адабиёт ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Қуйида ана шу гурунгдан парчалар эътиборингизга ҳавола этиляпти.

 

Бизнинг Жумавой ака

Болалигимизда “Катта бўлсанг, ким бўласан?” деб сўрашса, тенгдошларим ҳеч иккиланмай: “Тегирмончи бўламан”, дерди. Чунки нон чучук эди, тансиқ эди. Болаларнинг кўзига тегирмончи тўқ яшайдигандек кўринарди. Урушдан кейинги оғир йиллар, бир оёғи жанг майдонида қолиб кетган қишлоқдошимиз дарс беради. Бир хонада иккита синф ўқиймиз. Учинчи синф ўнгдаги, тўртинчи синф чапдаги парталарда ўтиради. Ўқитувчимиз: “Ҳозир тўртинчи синф топшириғини бераман”, дейди. Учинчи синфда ўқийдиган айрим ўқувчилар тўртинчи синфга берилган машқларни бажариб қўяди. Бир ойдан кейин “Сен тўртинчи синфга кўчдинг”, “Сен яхши ўқимаганинг учун тўртинчи синфдан учинчи синфга ўтасан”, деб қолади муаллим. Бир хонада ўқиб, бир йилда иккита-учта синфни тугатган тенгдошларимиз бўлган. Ўша пайтларда Жумавой Мўминов деган қишлоқдош акамиз Тошкентда ўқирди. Кўп ўтмай телевизорга чиқиб, “Оламда нима гап?” кўрсатувини олиб бора бошлади. Қишлоқ аҳли йиғилиб, ана шу дастурни кўради. Ўқитувчилар эса: “Тузук ўқисаларинг, сизлар ҳам Жумавойдай телевизорга чиқасизлар”, дейди. Болалар Жумавой акадек бўлишга интилиб, китобга ёпишади. Ана шунақанги қизиқишлар, муаллимларимизнинг қизиқтиришлари бизга қанот бағишлаган.

 

Достон ўқиб улғайдим

Менда адабиётга меҳрни ўзбек халқ достонлари уйғотган бўлса керак. Урушдан кейинги йилларда китоб кам эди. Қашқадарё, Сурхондарёда бахшилар достонни дўмбирада куйласа, биз томонларда эса қироат билан, оҳанг билан ўқиларди. Бобомга ва у кишининг даврадошларига достон ўқиб бериб улғайдим. Вақти келиб, Тил ва адабиёт институтида ишлаётган илмий ходимлардан бири: “Турсунбой ака, халқ достонларини ёзиб жўнатган экансиз. Улуғ достончилар хат ёзган экан”, деб қолди. У менга Ҳоди Зарипов, Музаяна Алвиянинг мактубини эслатганди. Кексаларнинг давраларида гурунг қизир эди. Қаҳрамонлик эртаклари, кичик достонлар айтиларди. Уларнинг кўпларини ёзиб олиб, шу соҳанинг билимдонларига хат орқали жўнатганман. Ҳоди Зарипов ана шундай мактубларимнинг айримларига ўз мулоҳазаларини билдириб жавоб ёзганди. Яна бир гап, эскидан одатим бор. Қандай китоб ўқимай, муаллифга хат орқали муносабатимни билдириб келаман. Масалан, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор сингари устозларнинг китобларини ўқиб ҳам мактуб ёзганман. Бу улуғ зотлардан жавоб мактубини ҳам олганман. Ана шундай хатларни бугунгача асраб келаман.

Абдулла Қаҳҳорга ҳикояларини шеърга солиб мактуб ёздим. “Тешик дастурхон” ҳикоянгиз нега тўпламга кирмади?” деб сўрадим. Адиб: “Нашрга тайёрлаётганимда “Тешик дастурхон”га ўхшаган ҳикояларнинг кўпини киритмадим, чунки жуда бўш экан”, деган.

 

Адабий қаҳрамон билан учрашув

Кўпчилик ижодкор дўстлар ва китобхонлар: “Турсунбой ака, кўрган-кечирганларингиз ҳақида насрда бирор асар ёзмайсизми?” деб сўраб қолишади. Мен эса: “Чавандоз бир отни чопса, яхши улоқчи бўлади”, деб ўйлайман. Негаки, маҳорат ҳам, тажриба ҳам бир адабий турда яхши ошиб боради-да! Тенг-тўш ижодкорларнинг айримлари ҳар мақомга йўрғалаб беобрў бўлди. Наср табиатига мос адабий кечинмалар, воқеа-ҳодисаларни ёзувчиликни уддалайдиган қадрдонларимга илиниб тураман. Масалан, дўстим Тоҳир Маликни она қишлоғим Сафед-Булонга таклиф қилганимда Кесак полвон билан учраштирган эдим. Уста адиб бу одамнинг образини “Шайтанат” қиссасига маҳорат билан киритиб юборди. Бундан камина ҳам, ёзувчи ҳам бирдек хурсандмиз.

 

“Сиз Турсунбой Адашбоевсиз-а!”

Ўтган асрнинг 60-йилларида қизиқ воқеа бўлган эди. Вилоят газетасида ишлайман. Тошкентга ўқишга бораман, деб чоғланиб юрибман. Ишдан рухсат олиш учун муҳарриримиз Ҳалимжон Ҳамидовга маслаҳат солдим. Раҳбар эса: “Турсунбой, ўқишга бораман деганингизни ҳеч кимга айтманг! Элга танилиб қолдингиз, ҳамма журналларда шеърларингиз чиқяпти. Борди-ю, киролмай қолсангиз, масхара бўласиз-да!” деб қолди. Бошқа ёру дўстларга айтмасдан, Тошкентга келдим. Ҳозирги Миллий университетга имтиҳон топширяпман. У пайтларда кириш синовларида иншо ёзиларди. Менга “Ойгул билан Бахтиёр” мавзуси тушди. Бу достон ёд бўлиб кетганди. Ўзимга ишонганимдан қораламасиз ёзиб бердим. Беш кундан сўнг икки баҳо чиқиб турибди. Додимни кимга айтишни билмайман. Дардимни ичимга ютиб, қишлоғимга қайтдим. Имтиҳон натижасини муҳарриримизга айтгандим: “Эртадан ишга чиқинг”, деди. У киши ана шундай бағрикенг, меҳрибон киши эди.

Кейинги йили яна келдим. Қарангки, бу сафар ҳам “Ойгул билан Бахтиёр” ҳақида иншо ёздим. Бу гал беш чиқиб турибди. Ҳайронман. Оғзаки имтиҳонга кирсам, бир ўқитувчи:

– Сиз Турсунбой Адашбоевсиз-а! – деб сўраб қолди.

– Ҳа, менман, – дедим.

– Мен Саттор Ҳайдаровман. Ўтган йили имтиҳонда биринчи марта назоратчи бўлиб ишлагандим. Тажрибасизлик қилибман. Сизнинг иншонгизни олғирлар бошқасига бериб юборган, – деди.

Ҳайрон қолдим. Бу тўғрисўз ва дангал муаллим билан қадрдон оға-ини бўлиб кетдик. Энди ўйлаб қарасам, у пайтлари ўқишга кириш имтиҳонларида ҳар хил “фокус-мокус”лар бўлган экан. Бугун эски замонлар ортда қолди. Сизлар тест синовларидан ўтиб, ўқишга қабул қилингансизлар.

 

Пародиябоп эмасми?!

Яхши асар ўқисам, қувонаман. Бадиий бақувват асар фақат муаллифнинг эмас, адабиётнинг, миллатнинг ютуғи бўлади. Шу боис “Шарқ юлдузи”да, “Ёшлик”да, умуман олганда, адабий нашрларимизда яхши асарга кўзим тушса, албатта, таҳририятга бориб, ижодкорнинг телефонини олиб, қўнғироқ қилиб табриклайман. Қорақалпоғистонда бўладими, Сурхондарёдами, асарининг қайси жиҳатлари мақъул келганлигини айтаман. У эса: “Турсунбой ака, пародиябоп эмасми?” деб сўрайди. “Яхши ёзилса, пародияга ўрин қолмайди”, деб жавоб бераман мен.

Сўз ўрнида ишлатилмаса, битганида туз бўлмаса, пародия ёзилади-да. Мана, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфидай шоирларнинг шеърлари пародияга имкон бермайди. Менга совға қилинган китобларнинг кўпига “Пародия ёзмаслик шарти билан”, деб дастхат қўйилган. Айниқса, кейинги пайтда бу шарт янада кўпайди. Китоб бердингми, шарт қўйиб нима қиласан! Яна бир гап, пародиядан нега қўрқасан?! Бир-биримизга камчилигимизни айтмасак, ким айтади. Ҳар қандай хатони ўз вақтида тузатишдан, келгусида яна шундай нуқсонларга йўл қўймасликдан муаллиф ва адабиёт ютади-ку!

Шоир-ёзувчилар адабиётшунослар билан “шаҳар талашмасдан”, дўст бўлиши керак, деб ўйлайман. Шунда бадиий бақувват асарлар пайдо бўлади. Ҳозир бир одат авж олди: айниқса, ёш ижодкорлар танқидни ёқтирмайди. “Ия, сен танқидга чидамасанг, фикрни ёмон кўрсанг, нимага ёзасан?!” десангиз, оғринади. Адабиёт чидаганга чиқарилган, буни, айниқса, жиддий ниятли ижодкор англаши керак.

Пародия ёзганимга раҳмат айтиб, камчиликларини тан олиб, “Шу шеъримни қайта ишладим, бир эшитинг”, дейдиганлар ҳам бор. Аммо хатосини тан олмасдан тумтайиб, бир йил, ярим йилдан кейин: “Э, Турсунбой ака, тўғри ёзган экансиз”, дейдиганлар ҳам бор. Адабиёт масаласида доим холис сўзни айтиш керак. Йўқса, маломатга қоламиз. Вақти келиб, фалон асрда яшаган устозлар бир-бирининг камчиликларини кўрмай, кўрса-да кўрмасликка олиб яшаган экан, дейишади-ку?!

Миртемир домланинг “Хўрсиниқ” шеърини эслайлик. “Ҳануз шеър ёзишни билмайман” деган сатр билан якунланади. Бир ўйлаб кўринг-а, Миртемир домла бу шеърни 1973 йили ёзган экан. Бу пайтда у кишининг олдига тушадиган шоир йўқ эди. Атрофида шогирдлари бисёр, обрў-эътиборли шоир. Аммо домланинг гапини қаранг:

 

Тақдиримга ҳеч ҳам ўпка қилмайман,

Қўлимдан келмайди деган пеша кам.

Баъзан кўзларимда томчи-томчи нам…

Ҳануз шеър ёзишни билмайман.

 

Мен эса, ҳануз ҳайронман. Миртемир шеър ёзишни билмаса, ким билар экан?!

Замондошларимиздан бири ёзади:

 

Шеър ёзмаган туним йўқ,

Шеър айтмаган куним йўқ.

 

Ҳар куни шеър ёзиб бўладими, ахир? Ёзилган тақдирда ҳам, қандай шеър бўлади у!? Шу шеърни ёзган дўстимга шундай пародия ёздим:

 

Устоз Ғафур Ғулом ҳам

Ёзмагандир ҳар куни.

Эсланг Асқад Мухторни

Ёки Рауф Парфини.

Шоир наҳот дам олмай,

Қалам тишлаб ўтирса;

Кўк буржида булутлар

Элак қоқса, кўпирса;

Эвазига осмондан

Шеърлар тутдай тўкилса?

Жўн ва оддий сатрни

Кашфиёт деб жўшмайлик.

Биродар, шеъримизга

Ёлғон гапни қўшмайлик.

 

Пародия ёзиш учун шеър қидирмайман. Аммо кўп учратаман. Кейинги пайтда пародиябоп шеърлар кўпайиб кетаётгандай. Мана, масалан, ёш шоирлардан бири “Суйгули” шеърида:

 

Йўлингни кута-кута,

Куним елга совурдим.

Гармселда гувраниб,

Юрагимни қовурдим…

 

деб ёзибди. Унинг бу сўзларига пародия ёзмасликнинг ҳеч имкони йўқ.

 

Гармселда гувраниб,

Бисотингни совурма.

Ўпкангни бос, кофе ич,

Егин туркча шовурма.

Бургага аччиқ қилиб

Қалтис ишга дов урсанг,

Зира, пиёз қўшмасдан

Юрагингни қовурсанг,

Алкаш дўстинг билмасдан

Қилар уни закуска,

Унда қизни етаклаб

Ким боради ЗАГСга?..

 

Бундан мақсад ёш шоирни кулгига олиш эмас, шеърдаги камчиликларини шеърий йўл орқали кўрсатиб, сўзни ўринли ишлатишига хайрихоҳлик билдиришдир.

Шоира сингилларимиздан бирининг шундай мисралари бор:

 

Мен кўприкнинг ўртасида

Қотиб турган серкаман.

Йўлим бўшат, эрка бўлсанг,

Мен ҳам сендек эркаман.

 

Унга мана бундай сўз айтгандим:

 

Олмахоннинг ўрисчаси

“Белка” бўлади.

Куракнинг сал тепароғи

Елка бўлади.

Фарзандларнинг кенжатойи

Эрка бўлади.

Ҳайвонларнинг ҳайвонлардан

Фарқи бор, синглим!

Така зотин ахта қилса,

Серка бўлади…

 

Сумкангизда нима бор?

“Нега фақат болалар ҳақида ёзиб ўзингизни чеклайсиз, катталар ҳақида ёзиш ниятингиз борми?” деб сўраб қолишади. Йўқ, қўлимдан келмайди. Болалар учун ёзадиган икки-уч ёзувчи бор, шоир бор. Болаларга шеър ёзиб топган жиндай обрўмни ерга урмоқчи эмасман. Аммо катта шеъриятнинг, катта прозанинг мухлисиман. Шоир-ёзувчиларимизнинг ижодини кузатиб бораман. Сабаби оддий – ҳар ким қўлидан келадиган ишни қилгани яхши-да! Болаларга атаб ёзган шеърлари билан устоз Қудрат Ҳикматнинг назарига тушган Йўлдош Сулаймон бирданига прозага ўтиб кетди. Қисса ёзди, роман ёзди. Кейин болалар адабиётига қайта олмади. Ёзди, аммо аввалги асарларига ҳеч яқин келмади. Биласизми, нега? У болалар дунёсидан чиқиб кетганди.

Гоҳида катта сумка кўтариб юраман, ҳамма ҳайрон: “Саксонга чиққан отахон бу сумкага нима солиб олган”, деб. Ичи тўла шеър бўлади. Вилоятларда ижод қилаётган ука-сингилларимнинг шеърлари бўлади. Бири хоразмлик, бири наманганлик… Уларни яхши танимайман ҳам, ижодий учрашувларда гаплашган бўлсам керак-да. Хат йўллаб, машқларини жўнатишади. Ўқийман, яхши шеър учраб қолса, “Гулхан”, “Ғунча”, “Тонг юлдузи” ва бошқа нашрларга тавсия этиб бораман. Чунки бизга ҳам бир замонлар Қудрат Ҳикмат, Миртемир домла, Асқад Мухтор каби улуғ шоирлар шундай ёрдам қилган. Шеърларимизнинг хато-камчиликларини кўрсатиб, тузатиш учун йўл-йўриқ бериб, нашрларга тавсия этишган. Ёшларга ғамхўрлик қилиш, тўғри йўл кўрсатиш, интилишларини рағбатлантириш катта авлоднинг бурчидир.

 

Гурунгни Нурилла қоғозга туширди.

 

“Ёшлик”, 2016 йил, 5-сон.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.