Болалар дунёсида яшаётган адиб

0
521
марта кўрилган.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди ТЎХТАБОЕВ билан суҳбат

 

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, давлат мукофотлари лауреати, болаларнинг севимли ёзувчиси Худойберди Тўхтабоевнинг асарлари немис, италян, франтсуз, эcтон, латиш, фин, чех сингари дунёнинг ўттиздан ортиқ тилларига таржима қилинган. Телероманлари асосида экранлаштирилган филмлар ёш томошабинларнинг меҳрини қозона олди.

 

Сиз бола руҳиятини яхши ўрганган ёзувчисиз, асарларингизда уларнинг дарди сизнинг дардингиз, қувончи қувончингиз эканлиги сезилиб туради. Сиз болалар дунёсидан ўзингизни топа олган ёзувчисиз…

– Болалар ёзувчиси ёш болага ўхшайди. Мана, ҳозир ҳам ўзимни боладай ҳис қиляпман. Эркалик қилиб, сизга бир мақтанай-да! Ёш дўстларимга атаб ёзган асарларим сабаб меҳрини қозондим. Уларнинг ғаройиб оламидан ўзимни топдим.

Марк Твен, Жанни Родарилар ўз асарларида илмга интилувчан, саргушатга қизиқувчан, қийинчиликлардан қўрқмайдиган, тенгқурларига ёрдам берувчи қаҳрамон образини яратишган. Албатта, улар ҳам болалар оламидан олиб, бадиийлаштириб яна болаларнинг ўзига асар ҳолида қайтаришган. Ана шундай асарлар ўлмайди, қайта-қайта нашр этилади. 90 ёшли укриналик ёзувчи Григорий Тутунюкни шогирдлари бир бурчакда йиғлаб ўтирганини кўришган. Кексайганда ҳам беғуборлигини сақлаб қололган адиб, ҳақиқий болалар ёзувчисидир.

Менга бола йиғласа кўзимга ёш қуйилиб келишини кўп айтишган. Баъзи ёзувчилар қаҳрамонларни хаёлан қидиради, ёлғон тўқимадан иборат саргузаштга ўралашиб қолади. Аслида, қаҳрамонни ҳаётнинг ўзидан қидириш керак, улар ҳар қандай фантазияни йўлда қолдиради. Масалан, шахматчи Исломбек Синдаров беш ёшида бутун дунёни лол қолдирди. Унинг иқтидорини тасаввурда жонлантириб, фантазия жанрига хос, болаларбоп гўзал асар яратса бўлади. Дейлик, ўсмирлар ўртасида бир-бири билан ҳисобли дўстлашиш, сўкиниб гаплашишдек қусурлар учрайди, айниқса, катталарни ҳурмат қилиш каби инсоний фазилатлар камайиб бораётгандек, ана шунинг ўзидан тарбиявий аҳамиятга молик асарлар пайдо бўлади. Болалар ёзувчиси болалар дунёсида яшаши керак.

Шунингдек, “Мен ҳаммадан яхшиман, энг яхши кийимларни мен кийишим керак”, “Мен дарсда олдинги партада ўтиришим шарт”, “Мени ҳамма ҳурмат қилиши лозим”, дея ўзига юқори баҳо берадиган болалар бор, улар билан ҳамсуҳбат бўлиб, ички дунёсини ўрганиш, аниқроғи, худбинлик кайфиятининг сабабларини билиш болалар ёзувчиси учун зарур. Ана шунда ҳаётий асарлар яратилади.

Сиз, бугун болалар учун намойиш этилаётган мултфилмларга бир эътибор беринг-а, қаҳрамонлари аждаҳолар, қароқчилар, жодугарлар, нега шундай? Биз фарзандларимизнинг қалбини четдан кириб келаётган тажовузкор нарсалардан эҳтиёт қилиб, ўрнига аждодларимиздан етиб келган қадриятларни сингдиришимиз керак. Миллатни миллат қиладиган нарса – бу унинг маънавий қадриятидир.

 

Боладаги айрим иллатлар оиладан юққан бўлса, сиз тарбия билан тўғри йўлга солса бўлади деб ўйлайсизми?..

– Олимларнинг айтишича, она қорнидаги чақалоқда олдин мия, кейин қалб шаклланар экан. Қаранг, аввал онг, сўнг ботиний кўз, ундан сўнг бошқа аъзолар шаклланади. Кейин кўрган нарсалари ёки эшитган эртаклари орқали оламни англай бошлайди. Боланинг ўзини англаши ва ақлий фаолиятида 3-5-7 ёш асосий босқич вазифасини ўтайди. Барча тушунчалар, таассуротлар ўша ёшнинг устига қурилади. Оиладан ўтадиган айрим қусурларни инкор этмайман. Салбий хислатлар атроф-муҳит, мактаб ва катталар таъсирида пайдо бўлади. Бари бир таълим ва тарбия кўп нарсани ўзгартиришга қодир. Боладаги меҳнатсеварлик ёки ижодий қобилият таълим, тарбия воситасида рағбатлантирилмаса ривожланмай қолади. Масъулият бўлмаса ноёб истеъдодлар сояда қолиб кетиши мумкин. Истеъдод тарбияга муҳтож.

Ҳазрат Навоийда “Эл нетиб топгай мениким, мен ўзимни топмасам”, деган бетакрор сатр бор, буни эслаганим, мен болага ўзини англашига ёрдам бериш керак демоқчиман. Болани руҳан ва жисмонан тарбиялашни Жанубий Корея ва Япония яхши йўлга қўйган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мактабгача таълимни янгича шаклда, кенг миқёсда шакллантирайлик деяпти. Бу гендаги қобилиятни эртароқ англашга ва ривожлантиришга ёрдам беради. Ўзим баъзида кўриб қоламан: “Мен бугун ҳаммадан яхши чизаман”, деб чопқиллаб боғчага кетаётган кичкинтойларни ёки “Мен бугун, албатта, беш баҳо оламан”, деб шаҳдам қадамлар билан мактабга кетаётган ўғил-қизларни, шу дамларда беихтиёр ўзимнинг болалигим ёдимга тушади…

…Болалигим уруш авжига чиққан паллага тўғри келган. Оналар: “Эй Аллоҳ, шу қишдан болаларимни соғ-омон олиб чиқармиканман”, деб зорланарди. Қиш бўлишига қарамай, мактабга юпун кийиниб борардик. Қўлимизга яримта нон тегса, бир бурдасини еб, бир бурдасини синглимизга олиб келардик. Отам Украинанинг Херсон вилоятига қулоқ қилингач, онам ўзидан 40 ёш катта, беш болали чолга турмушга чиққан. Ана шундай мураккаб шароитда машаққатли кунларни бошдан кечирганман. Болалигим азоб-уқубат, хўрликлар ичида кечган. Шундай бўлса-да, ўзимдаги жисмоний ва руҳий ҳолатни сақлай олганман. Етимлик кишини тезроқ чиниқтираркан, камолотга етказаркан…

Бугунги болалар – Мустақиллик фарзандлари. Тинч, осуда, фаровон ҳаётда билим олишмоқда. Бунга фақат шукр қилиш керак!

 

Асарларингиздаги қаҳрамонлар 13-17 ёшли болалар. Бу пайтда беғуборлик билан бирга масъулиятли давр бошланади. Энди бола ўз уйига сиғмайди. Ота-онаси ва муаллимлар берган таълимга қаноат қилмайди, Ҳошимжондек дунёга чиққиси, қаҳрамонликлар кўрсатгиси келади…

– Ҳа, албатта, бу ёшда болалар дунёни эгаллагиси келади. Уларда масъулият пайдо бўлади. Энди у ўзини бошқаларга кўрсатгиси келади. Истеъдодини юзага чиқаришга интилади. Дунёни ўргана бошлайди.

Биласизми, кўчада бирон болага дуч келсам келиб менга дардини айтади, бундан севинаман, ёзганларим беҳуда кетмабди деб. Баъзан эса маҳалла-кўй, мактаб, қўни-қўшнилар орасида безори, ўғри, жанжалкаш деб ном чиқарган ёш дўстларим билан суҳбатлашганимда, уларнинг вужудида фавқулодда қайнаб ётган истеъдод борлигини кўраман. Бундай пайтда қаттиққўллик билан босим ўтказиш эмас, болага қобилиятини ташқарига чиқариш, ўзини кўрсатиш учун шароит яратиб бериш керак. Гоҳида бу кучни бошқаришга ўзининг кучи етмаслиги мумкин. Болага ҳар томонлама мукаммал тарбия бериш қийин, албатта. Лекин, яхши таълим-тарбия билан одати ёмон боладан элга муносиб фарзанд етишиб чиқиши мумкин.

Саид Аҳмад домла: “Болалар ёзувчиси бола ҳақида асар ёзаётганда асари тугагунча бола бўлиб турмаса, уни ҳеч ким ўқимайди”, деганди. Чунки болалик орзулари бир нуқтада турмайди. Ёзувчи улар оламини яхши билиши, ўй-хаёллари, симобдек беқарор ҳаётини синчковлик билан ўрганиши, ўзи ҳам ҳар нарсага қизиқувчан бўлиши керак.

 

Дунё адабиётида болалар учун йигирма тўрт жанрда асарлар ёзилади. Бу жанрларда ижод қилиш Германия, Англия ва Жанубий Кореяда яхши ривожланган. Бизда болалар адабиётида жанр қашшоқлиги туфайли эртак, таржима асарлар, “Ўзинг бўя” сериясидаги юпқа китобчаларни қайта-қайта нашр қилиш айрим нашриётларнинг асосий даромад манбаига айланиб қолмаяптимикан…

– Тўғри, шу кунларда болалар адабиёти, айниқса, насрий асарларга жуда катта эҳтиёж сезаяпти. Бу турда болалар севиб ўқийдиган асарлар яратилмаяпти. Айтганингиздек, китоб расталарини такрор босиладиган эртаклар, “Ўзинг бўя” сериясидаги юпқа китобчалар эгаллаб олгани бор гап.

Мен республикамизнинг турли вилоятларида ижодий учрашувларда бўламан, “Қани, болалар, ким қандай китоб ўқиди?” – дея савол бераман. Баъзан бирор ўқувчидан садо чиқмай, зал сукунатга чўмади. Ўқитувчиси ёрдамида зўрға “Тоҳир ва Зуҳра”, “Зумрад ва Қиммат”, “Уч оғайни ботирлар”ни санайди. Эртакларга ортиқча ружу қўйиб, бугунги кун болалар ҳаётига бағишлаб китоб олиб келган ёзувчини камситадиган ноширлар бор, уларга аламли сўз айтгим келади. Афсуски, айтолмайман. Айтсам, ўзимнинг китобимни ҳам чиқармай қўйишади.

Ҳар йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бўладиган болалар адабиётининг ҳисобот йиғилишида қатнашаман, болаларга атаб ёзилган шеърлар, ҳикоялар тилга олинади. Бу асарлар мутахассислар томонидан таҳлил қилинади. Аммо, натижа йўқ.

Жанр масаласига келсак, ҳартугул эътибор берилаяпти. Ҳатто техникага оид асарлар адабиёт сифатида шаклланаяпти. Болалар шу пайтгача техникага оид билимларни фақат турли энтсиклопедиялардан оларди. Техника билими ҳам маданият. Бу интеллектдаги ривожланиш омилларидан бири. Европа мамлакатларида ҳар бир бола уч соҳани билиши қаътий қилинган. Биринчиси – ўзининг қизиққан соҳаси, иккинчиси – техника билими кўникмаси, учинчиси – бирор касб-ҳунар эгаси бўлиш. Бугунги яратилган имкониятлардан фойдаланиб, биз ҳам болалар адабиёти деган ўзига хос оламни бойитишимиз керак. Мен болалар учун нафақат техникага, балки ўсимликлар, ҳайвонлар дунёсига оид асарлар яратилиши тарафдориман.

 

Шу ўринда, Тургеневнинг: “Битта дарахтни ўрганиш учун барча дарахтларни қучоқлаб чиқиш шарт эмас. Битта дарахтни ўрганишнинг ўзи кифоя”, деган гапи ёдимга тушди. Мухбир сифатида бугун ўзига тўқ битта оила фарзандини қандай китоб ўқиётгани, қандай киноларни кўраётгани, қандай мусиқа тинглаётгани билан қизиқдим. Баъзи оилаларда китобхонлик у ёқда турсин, бола ўз хатосини англаб етиши учун ҳатто бирорта ўзбекона ибора ёки мақол ишлатилмас экан. Сиз бизнинг ота-оналаримиз шу қадар эринчоқ деб ўйлайсизми?

– Бунга битта сабабни кўрсатиш жуда қийин. Аммо Президентимиз Шавкат Мирзиёев олиб бораётган бугунги иқтисодий, сиёсий, маърифий ислоҳотлар жамиятни бирдан уйғотиб юборди. Ота-оналарнинг бола олдидаги масъулияти оширилди. Айниқса, бошланғич таълимгача бўлган тарбияга алоҳида эътибор қаратилгани Юртбошимизнинг “Эй ота, Эй она, Эй мураббий! Бола тарбияси учун жавобгарсан”, деган мурожаати бўлди. Хўш, бугун неча фоиз оналар фарзандларига халқ достонларини ўқиб бераяпти? Аллани қайси оҳангда айтаяпти? Бу саволга ҳеч ким жавоб беролмайди. “Ўзинг бўя” сериясидаги юпқа китобчалар ҳозирги ота-оналарни эринчоқ қилиб қўйди. Фарзандларини китобга қизиқтириш ўрнига, телевизор олдида думалаб катта бўлиши учун шароит яратиб бераяпти. Боланинг хотирасидан кўп нарсалар ўчиб кетиши мумкин. Аммо ўқиган асар қаҳрамонлари ва унинг қилиқлари унутилмайди. Ота-оналар фарзандини моддий жиҳатдан таъминлаш билан бирга, маънавий дунёсини бойитиш ҳақида ҳам ўйлаши керак.

 

Сиз табаррук ёшда ижодий сафарларга чиқиб турасиз, бу сизга илҳом берадими?

– Ҳа, албатта. Республикамизнинг турли вилоятларида, хусусан, Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка, Бекобод ва Зангиота туманларида бўлганимда, ёш фермерлар билан учрашдим. Ҳатто кечаси бир фермернинг чайласида ётиб қолдим. 87 гектар ери бор экан. 10 гектаридан уруғлик чигит оларкан. Фермер пахта ҳосилга киргунча неча марта чопиқ қилинишию неча марта сув ичишини мароқ билан сўзлаб берди. Эртаси куни чорвадорникида меҳмон бўлдим. Украинадан эчки олиб келибди. Кунига 6 литр сут бераркан. Бундан таъсирланиб ёзган “Янги оҳангда куйлаётган вилоят” сарлавҳали мақолам “Халқ сўзи” газетасида чоп этилди.

Тўғри, далада меҳнат қилаётган ёш дўстларимнинг эришган ютуқларидан қувонсам, камчиликларини кўриб кўнглим тўлмади. Баъзилари тадбиркорлик билан шуғулланаман деб давлатдан олган каттагина маблағни арзимаган ишларга сарфлаётир. Олис ҳудудлардаги унумдор ва серҳосил ерлар бекор ётганига куйиндим. Болаларнинг фантазия, билими ва меҳнатсеварлигини оширадиган, қишлоқ ҳаётини ёритиб берадиган тўкис асарлар зарурлиги кўнглимдан кечди.

 

Газета – ахборот етказувчи восита. Билмоқчи бўлганим, жамиятни тозалашда фелетоннинг аҳамияти борми? Сиз адолатсевар фелетончисиз. Лекин, ҳадеб ўғрилар, пиёнисталар, порахўрлар тўғрисида ёзаверсанг, яхши одамлар ҳам кўзингга шубҳали кўринадиган бўлиб қоларкан. Сизда ҳам шундай бўлганми?

– Газета ахборот ташувчи бўлгани билан унда катта гап айтмасанг, катта журналист бўлолмайсан. Тўғри, фелетон ёзиш керак. Аммо, ҳар соҳанинг ўз мутахассиси бўлгани яхши. Фелетон ҳаётга мафтун, одамлардан гўзал фазилатлар қидирадиган, завқ-шавқ билан тасвирлайдиган истеъдодли ёзувчиларни йўлдан тойдириши мумкин.

“Тошкент ҳақиқати”, “Қизил Ўзбекистон” ҳозирги (“Ўзбекистон овози”) газеталарида 14 йил фелетончи бўлиб ишладим. 300 дан ортиқ фелетонларим Т. Худойбердиев, Н. Каримов, Н. Баранова, I. Тўхтаев деган номлар остида босилди.

Мен ўшанда адолатсизликларга қарши фелетонларим билан курашдим. Бир устозим: “Фелетонларинг бир куни бошингга бало бўлади. Яхшиси сен роман ёз. Таъсири кучли бўлади”, деганди. Шу гапи таъсир қилиб, болалар адабиётига ўтиб кетдим.

 

Адиба УМИРОВА

“Ҳуррият” мухбири

 

uzhurriyat.uz

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.