Бир ўлкаки, тупроғида олтин гуллайди!..

0
1025
марта кўрилган.

Мустақиллик ҳар бир юртдошимиз ҳаётида ўзгача ўрин тутади. Исталган киши билан суҳбатлашиб кўринг, у ўз ҳаёти мисолида шундай таърифлаб берадики, мустақиллик ҳаммадан кўра шу инсон учун қадрли экан-да, деган хулосага келасиз.

“Ўзбекистон” телерадиоканали “Ижтимоий-сиёсий, сотсиал-иқтисодий дастурлар” бош муҳарририяти режиссёри Жўрабек Ҳамроев билан суҳбатлашиб, биз ҳам шундай фикрга бордик. Келинг, доимо кадр ортида меҳнат қиладиган режиссёр акамизга “микрофон”ни тутқазсак-да, у кишини “эфир”га олиб чиқсак. Нима дейсиз?..

 

“Чарли Чаплин” мен бўлганман…

– Қарши шаҳридаги Арабхона маҳалласида туғилиб катта бўлганман. Отам паррандачилик фабрикасида қоровул эди. Онам уй бекаси, кўриб турганингидек, уйимизда ҳеч кимнинг санъатга алоқаси йўқ. Шундай оиладан ашулачи чиқиши одамлар учун қизиқ кўринган бўлса керак. Лекин мен иложи борича уларни қойил қолдиргим келарди. Болалик-да. У-бу нарсаларни хиргойи қилишимни эшитган ота-онам мени шаҳардаги 1-мусиқа мактабига беришган. Шу тариқа санъат оламига кириб келдим, – ҳикоясини бошлайди Жўрабек Ҳамроев. Қизиқ, у кишини режиссёр сифатида билардик. У бўлса сўзни қўшиқчиликдан бошлади. Аслида-ку, бугун кимдир: “Мен ҳам қўшиқ куйлайман, асли қўшиқчиман” деса ажабланадиган замон эмас. Зеро, бу соҳада ўзини синаб кўрмаган касб эгалари кам ҳозир. Ҳайратланганимизни пайқаган режиссёр шундай давом этди: – Санъат даргоҳи кенг, унда истаган одам ўз имкониятларини синаб кўриши мумкин. Лекин менда чиндан ҳам хонандаликка иқтидор бор эди, деб ўйлайман. 1988 йили Самарқандда ва бир йилдан сўнг Сурхондарёда бўлиб ўтган “Санъат ғунчалари” республика танловларида биринчи ўринни олишим мени бу соҳага янада боғлаб қўйган. Аммо орадан йиллар ўтиб, телевидение мени ўзига жалб этди. Тошкент давлат маданият институти оммавий байрамлар режиссёрлиги факултетида таҳсил олиш мобайнида “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи”, “Талабалик йилларим”, “Маслаҳат” каби кўплаб кўрсатувларда турли ролларни ижро этиб юрдим. Ҳа, айтгандай, ўша йиллари Янги йил байрам дастурларида чиқадиган “Чарли Чаплин” эсингиздами? Ўша мен эдим. Оз эмас, кўп эмас, етти йил шу образда чиқиш қилганман. Лекин актёрликка даъво қилмасдим. Бу ишнинг ҳам ҳақиқий усталари борлигига ақлим етарди.

 

Шаҳримга кетаман…

– 1997 йил ўқишни тамомлаш арафасида институт раҳбарлари битирувчилар билан алоҳида-алоҳида гаплашиб чиқди. Менга келганда сўрашди: “Йигит, қаерда ишламоқчисиз?” Яширмайман, талабаликнинг илк йилларида кўрган қийинчиликларим ҳалиям эсимда эди ва ўқишни битира солиб, уйимга кетаман, деб ўзимга сўз берган эдим. Ётоқхоналар бир аҳволда, ошхонада ўнлаб талабалар овқат қилиш учун навбатда туришарди десам, ҳозир фарзандларимга эриш туюлади. Уларнинг тенгдошлари минг шукрки, ҳамма шароитларга эга талабалар тураржойларида яшашади. Нон, озиқ-овқат маҳсулотлари тақчил, оғир шароитларда таҳсил олган авлодни биламан. Биз ҳам ўшандай ҳолатлар ўзининг сўнгги умрини яшаётган даврда ўқишга кирганмиз… Хуллас, мендан келажагим ҳақида сўрашди ва мен ўйланиб ўтирмай, Қаршига кетаман, бу ерда қолмайман, деб жавоб бердим. Шунда устозларимиз бироз ўйланиб қолишди ва сени республика телевидениесига тавсия қилмоқчи эдик, дейишди. Бу гап мени ўйлантириб қўйди. Ахир, шундай имкониятни бой берсам, бу мен учун катта армон бўлиб қолишини ҳам билардим-да…

Ёш режиссёрни “Ўзбекистон” телеканалида ёмон кутиб олишмайди-ю, ҳар жойнинг тош-тарозиси бор, деганларидек, “йигитча”ни синовдан ўтказишга қарор қилишади. “Имтиҳон” ярим йил давом этиб, ниҳоят, Ж. Ҳамроев режиссёр ассистенти вазифасига ишга қабул қилинади. Ўша вақтларда (1997–1998 йилларда) анча машҳур бўлган “Сомон йўли”, “Бокира туйғулар” каби кўрсатувлар, “Сайқал” тележурналида режиссёр ассистенти бўлиб ишлаган вақтларини эслар экан, Жўрабек ака ўзига устозлик қилган Рўзибой Қўлдошев, Фозил Тиловатов номини миннатдорлик билан тилга олади.

 

Унутилмас куним…

– Иш жараёнида билимимни мустаҳкамлаб бордим. Бунда албатта, техник ходимлар учун махсус курс менга ёрдам берган. Унда оддий ва мураккаб монтаж, тасвирчиликни ўзлаштирдим. Орадан кўп ўтмай, ҳар бир редаксияга “Панасониc – 9500” супер ВҲС камерасиниберишди ва бизга берилган камера менга топширилди.

2000 йилнинг 3 сентябр куни режиссёрликка тайинландим. Бу ҳаётимдаги энг қувончли кунлардан бири бўлиб қолди.

 

“Бир ўлкаки…” туфайли эл кездим…

Бу кўрсатув режиссёри бўлиш қаҳрамонимиз фаолиятидаги олдинга ташланган катта қадам бўлди.

1996 йил ташкил этилган ушбу кўрсатувни бир марта кўрган томошабин қайта-қайта кўргиси келади. Сабаби оддий: у бир жойда ўтириб, интернетдан ё бошқа каналлардан “кўчириб” тайёрланадиган кўрсатувлар сирасига кирмайди. Унинг ижодкорлари юрт кезишади. Одамлар ичига кириб боришади, уларни тинглашади ва эфирга олиб чиқишади. Дастурнинг ғояси, мақсад-муддаоси ҳам аниқ: жонажон ватанимизнинг мўъжизакор жойларини тасмага муҳрлаш ва намойиш этиш. Инжа қадриятларимизни кўз-кўз қилиш, ёшлар онгида ватанпарварлик ҳиссини ошириш, умуман, айтаверсак, унинг таърифи узун. Оддий қилиб айтганда, ниҳоятда табиий ва дилтортар кўрсатув.

– Устозимиз Фарҳод Бобожонов муаллифлигидаги ушбу кўрсатувга вақтида Жаҳонгир Қосимов, Мурод Ражабов, Қаҳрамон Ашуров, Қодир Саъдуллаев сингари устозлар режиссёрлик қилган. 2003 йилдан уларнинг ишини давом эттириш менинг чекимга тушди. Масъулиятини билсам-да, шу кўрсатувда ишлаш менга маъқул келган. Шу пайтгача юртимизнинг эҳ-ҳе, қанча ажойибу ғаройиб гўшаларида бўлмадик, дейсиз! Ишонасизми, суратга олиш учун 98 марта сафарга чиқдик, 400 га яқин кўрсатув тайёрладик, аммо ўша ёритган 400 га яқин жойнинг 400 га яқин турфа урф-одатлари, қадриятлари, анъаналари бор! Ҳар бир қишлоқ ва маҳалла ўзига хос. Ҳар бир вилоят, туман, қишлоқларимиз ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туради. Масалан, ўиждувон тандирларини кўриб, жуда ҳайратланганман. Новвой тандирнинг ичига кириб нон ёпганини қаерда кўргансиз? Мен ўиждувонда кўрганман. 500 тагача нон сиғадиган “гигант” тандирлари бор, энг кичкинасига 70 та нон ёпилар экан. Съёмка қилаяпмиз, новвой ичкарида туриб, киринг-киринг, дейди. Тасаввур қилинг, тандир ичига камера билан қандай кириб бўлади?!. Ёки Навоий вилоятининг Зармитан қишлоғи қатиғининг таърифини кўпчилик эшитган. Мен уни ўзим кўрганман. Бир косасини олиб келишди. Косани тескари тутса тўкилмайди, дейишди. Ишонмадик. Шундай қилиб кўрсатди. Айтишларича, шундоққина қўшни қишлоқда ҳам бунақа қатиқ уютолмас эканлар. Гап тупроқдами, ҳаводами, маҳоратдами, ҳеч ким аниқ билмайди.

Одамларимиз ҳам ўзгача.

– Э, бўлди-яй, туракинглар, овқат яхлаб қолади! – дейди сурхондарёлик мезбон съёмка ўртасига келганда. Фарғоналик мезбон манзират билан, секин овозда дастурхонга таклиф қилади. Қаранг-а, икковиям сизга ёқади. Икковиям қадрдон, икковиям сиз учун азиз. Бундай халқни дунёда топиб бўлмайди.

 

“Олтин қалам” – жамоамизники!

Жўрабек Ҳамроев 2008 йилда “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан, бу йил эса “Олтин қалам” мукофоти билан тақдирланди.

– Бирор кўрсатувни суратга олишдан олдин, уни аввал хаёлан суратга оламан. Съёмкадан кейин хаёлан монтаж қиламан. Умуман, режиссёрлик қилган кўрсатувларимнинг биринчи томошабини ва танқидиси ўзимман. Халққа саёз нарсани тутқазгандан кўра, бошқа иш қилган маъқулроқ, дейман ўзимга ўзим. Муаллиф, режиссёр, оператор ва техник муҳандис бир-бирини тушунмаса, яхши кўрсатув яралмайди. Менинг бахтим шундаки, ҳамиша яхши муаллифларга дуч келдим. Фарҳод Бобожонов (муаллиф), Рустам Холиқназаров (тасвирчи) ва Фарҳод Мусаев (техник муҳандис) билан бирга мана неча йиллардан буён ушбу кўрсатувни тайёрлаб келаяпмиз. Ўқувчилардан агар дастуримиз кимгадир ёқса, томошабин олқишласа, буни Фарҳод ака, қолаверса, бутун ижодий гуруҳ, телерадиоканалимизнинг меҳнатидан деб билишларини сўрардим. Қўлга киритган мукофотларим аслида уларники.

 

Мана, азиз ўқувчи, бир юртдошимизнинг йигирма йил ичида босиб ўтган йўлини “қисқа метражли” шаклда бўлса-да кузатдингиз. Умуман, Жўрабек ака эмас, ўсмирлик ва дастлабки ёшлик онлари озодлик насими яқинлашаётган даврда ўтган аксарият ака-опаларимиз бугунги ҳуррият замонимиз ҳақида шукроналик билан гапирадилар.

– Энг катта тилагим, бағрикенг, самимий ва танти халқимиз омон бўлсин, – деди Ж. Ҳамроев. – Мустақиллик байрами ҳаммамизга муборак бўлсин.

Сизгаям қутлуғ бўлсин, дедик…

 

Элмурод НИШОНОВ,

“Туркистон” мухбири

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.