Аравага қўшилган оҳу қиссаси

0
172
марта кўрилган.

Таниқли ёзувчи Шароф Бошбеков билан суҳбат

 

– Гарчи театр – ибратхонадир, деган қарашлар неча юз йиллардан бери қалбимизга сингиб кетган бўлса-да, ҳамон бизни ана шу адабхона ўзининг вазифасини қай даражада уддалаётгани қизиқтиради. Ривожланган мамлакатларда ҳам маданий тараққиётнинг юксак мезони сифатида театрга алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар бир янги асар катта идрок билан саҳналаштирилади. Суҳбатимиз бошида ана шу театр ҳаёти ва томоша маданияти ҳақида кўнглингиздаги фикрлар билан ўртоқлашсангиз.

– Оламда театр деган мўъжиза пайдо бўлгандан бери унинг томоша кўрсатишдек яккаю ягона вазифаси бўлган. Шунинг учун залда ўтирганларни томошабин деймиз. Томошабин театрга мавзу ёки муаммо учун эмас, томоша кўргани келади. Афсуски, биз театрнинг ана шу азалий ва табиий вазифасини бир четга суриб, унга жуда кўп вазифалар юкладик. Бир тасаввур қилинг: хушманзара гўшада ниҳоятда гўзал бир оҳу юрибди. Табиат унга инсон кўзини қувонтиришдек эзгу вазифа юклаган. Биз уни бундай вазифадан озод этиб, бошқа вазифа юкладик, яъни… аравага қўшдик! Оқибатда гўзаллик нобуд бўлди, аравадаги юк ҳам жойида қолаверди… Аянчли ҳол, тўғрими? ОҲУ+АРАВА=ТЕАТР.

Келинг, энди “аравадаги юк”нинг нималигини кўриб чиқайлик. “Театр – минбар” дейилди ва саҳна нотиқлар минбарига, томошабин лектсия тингловчиларига айлантирилди. “Театр халқдан олдинроқда юриши керак” дейилди. Олдинроқ юрдик. Орадан бир оз вақт ўтиб мундоқ орқамизга қарасак, бизга ҳеч ким эргашмаётган экан! Шахдам қадамлар билан олға кетаверибмиз-у, бир мартагина орқамизга қараб қўйиш эсимизга келмабди. Узилиш, орқадаги масофа анча – қайтгимиз келмади. Шўрлик томошабинни маданиятсизликда, қолоқликда, театрдек нафис санъатни тушунмасликда айбладик. Шу қадар илгарилаб кетдикки, энди бизни на “олдиндагилар” тушунади, на орқада қолиб кетганлар! Зўр бериб вазиятдан чиқишнинг йўлини қидирдик. Топдик ҳам: томошабинни театрга мажбурлаб олиб келдик. Ҳамма чипталар сотилгани ҳолда залда ўтирган яккам-дуккам томошабин олдида хижолат ҳам бўлмадик. Уялишга вақт йўқ – “аравадаги юк” оғир эди. “Биз халқни маданиятли қиляпмиз!” деб ўзимизни овутдик. Ўзимизни мақташга ўтдик. Матбуот, радио-телевидение, турли катта-кичик минбарлар хизматимизда бўлди. Бора-бора мақташ ва мақтаниш қон-қонимизга сингиб кетди. Ишимизни холис, ҳаққоний баҳолашга, камчилик ва хатоларимизни мардона тан олишга вужудимиздаги ҳар бир ҳужайра қаршилик кўрсатадиган бўлиб қолди. Қанчалик мақтанмайлик, бизга барибир ишонишмади – чипта сотувчиларимиз зерикиб қолаверди… Яна чора қидирдик. Йўқ, бу сафар айбдорни қидирдик. Аввалига, театр драматургни айблади, драматург танқидчини, театр директори бош режиссёрни, режиссёр режиссёрни, актёр актёрни. Шундай қилиб, театрдаги маънавий муҳит бутунлай издан чиқиб кетди. Ва ниҳоят, театр биз кўриб турган бугунги аҳволга тушиб қолди. Энди чора қидиряпмиз. Қидиришга қидиряпмиз-у, лекин ҳали ҳам “оҳу аравага қўшилгани”ча турибди-да.

 

– Тўғри, театрнинг ўзига хос хусусиятлари бор. Ҳар қандай асар саҳналаштирилгани билан санъат намунаси бўлиб қолавермайди. Балки, ёзувчиларимиз томошабин юрагига яқин асарлар етказиб берганида, “оҳуни аравага қўшиш”га ҳожат қолмасди. Шу ҳақида фикрингизни билмоқчи эдик.

– Бугун яхши замонлар келди, энди истаган мавзуда ёзаверамиз, деган гапни кўп эшитаяпмиз. Қаранг, яна мавзуга умид қиляпмиз! Ижод эркинлиги адабиёт ва санъат гуркираб ривожланиши учун кенг ҳаракат майдони берди, лекин талант бергани йўқ! Демак, бадиий кашфиёт даражасидаги асарларнинг салмоғи фавқулодда ошиб кетади, деб умид қилиш хомхаёлдир. Яхши ёзувчи яхши, ёмон ёзувчи ёмон ёзаверади. Қолаверса, “Асар театрда асар бўлади” деган гап бор. Қизиқ, ахир шунча йиллардан бери “асар театрда асар бўлиб” келяпти-ю, лекин негадир ишимизда силжиш йўқ. Бу шиор ўзини оқлаганда, яхши пьесалар масаласи ҳал бўлиб, театр санъати космик тезликда ривожланиб кетарди. Ваҳоланки, театр шундай мўъжизакор кучга эга экан, нега энди дуч келган ёмон пьесани олиб, бир-биридан зўр спектакллар яратмаяпти? Бўш ва ўртамиёна асарлар тиқилиб ётибди. Қаранг, муаллиф театрга пьесасини олиб келади, режиссёр “у ерини ундоқ қилиш керак, бу ерини бундоқ қилиш керак” дермишда, у шекспирона асарга айланармиш! Нега энди авторнинг ўзи бир йўла “у ерини ундоқ, бу ерини бундоқ” қилиб кела қолмайди? Ё пьеса ёзишни билмайдими? Демак, режиссёрдан қарзга ақл олмай туриб, ҳеч ким пьеса ёзолмас экан-да? Эътибор беринг, масаланинг моҳияти шу ерда! Қолаверса, бу қандоқ мушкул ишки, ҳеч кимнинг қўлидан келмаса?! Менимча, ҳар ким ўз ишини билиб, ҳалол бажаргани маъқул. Яъни предметни драматург, уни ифода этадиган воситаларни театр яратса, “оҳунинг аравасидаги юк” анча енгиллашади.

 

– Ҳозирги санъат институтида бўлажак режиссёрлар, актёрлар етишиб чиқади. Аммо ана шу олий билим даргоҳи битирувчилари орасида назаримизда, ҳали ярқ этган истеъдодлар кўзга чалинмаяпти.

– Тўғри, кадрлар масаласини ҳал қилмай туриб, театрни юксалтириш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Бу масала ўз-ўзидан соҳа ўқув муассасасига бориб тақалади. Яқин йилларда театрга кириб келаётган ёш актёрларнинг ишини кузатиб, ушбу даргоҳдаги ўқув-тарбия ишларини зудлик билан тубдан янгилаш керак, деган фикрга келдим. Аввало, талабаларнинг саводсизлиги одамни лол қолдирадиган даражада аянчли. Бир варақ таржимаи ҳол ёзса, камида ўн-ўн бешта имло хато бўлади. “Мутаассиб” нима дегани? “Тахлид” билан “тақлид” битта сўзми” деган саволларни эшитиб, улар учун ҳам сиз уялиб кетасиз. Хўп, мактаб яхши билим бермаган экан, институт-чи? Қабул жараёнида бўлажак талабанинг қайси жиҳатига қараляпти? Булар кадрлар тайёрлаш жараёнидаги жиддий масалалар.

Кўпинча ёш драматурглар ижодий семинарларига таклиф этишади. Дейлик, ўндан ортиқ драматургларнинг асарлари ўқилади, қизғин муҳокамалар бўлади, драматургиямиз масалалари, маҳорат муаммолари, пьесаларнинг саҳнага чиқишидаги айрим тўсиқлар ҳақида фикр алмашилади. Гап ошкоралик ва театрни янгилаш масаласига келганда, бир ғалати фактга дуч келаман. Пьесаларнинг жанри ранг-баранг, муаллифларнинг қизиқиш доираси кенг ва бадиият сирларини ўрганишга интилиш кучли. Лекин ижтимоий жасорат ва алоҳида журъатни талаб қиладиган битта ҳам асарнинг топилиши мушкул. Бу ҳам етмагандек, “Манави масала ҳақида ёзсак бўладими?”, “Анави гап қалтис чиқиб қолмадимикан?” қабилидаги гапларни эшитиб, ғалати аҳволга тушаман. Бундай эҳтиёткорлик, тўғрироғи, қўрқоқлик ёш драматургларимизда қаёқдан пайдо бўлди? Ўттизинчи йилларнинг жабрини тортмаган, “турғунлик йиллари”да жиддийроқ зарба емаган ўттиз-ўттиз беш ёшли пьесанависларимизнинг нега бунчалик тиззаси қалтирайди? Бу ўта эҳтиёткорлигимизнинг меваси эмасми?

Талабаларнинг замонавий ўзбек прозаси, шеърияти ва драматургияси билан танишуви ҳам тасодифий характерга эга: дўконда кўзи тушса олади, бўлмаса – йўқ. Актёр тилнинг нозик жиҳатларини яхши тушунадиган, ҳис қиладиган зиёли бўлиши керак эмасми? Халқ уни сўз устаси сифатида билади, эъзозлайди. Ўзингиз ўйланг, шу савод билан қанақа “уста” бўлиши мумкин? Институт педагоглари орасида: “Актёр классик асарда ўсади” деган гап юради. Йўқ, актёр классик асарда ўлади! Чунки классик асар деганда, сўзсиз бизда Европа ёки рус классикасини назарда тутиш расм бўлиб қолган. Шунинг учун диплом спектаклларига кўпроқ таржима асарлар танланади. Саҳнада ҳали суяги қотмаган, тажрибасиз актёрлар урф-одатлари, маънавияти, психологияси, руҳияти мутлақо бегона “ҳаёт” гирдобига ташланади. Натижада, улар худди қоронғида пайпасланиб юргандай тахминий фикрлайдилар, кино ёки театрда кўрган хатти-ҳаракатига кўр-кўрона тақлид қилишга мажбур бўладилар. Масалан, эшикдан кириб келган жаноб нега аввал қўлқопини ечиб шляпасига ташлайди-да, кейин хизматкорга узатади? Дуелга чақириш учун нега рақибининг юзига қўлқоп билан уриши керак? Нега ҳасса ёки стул билан эмас? Жавоб доим деярли бир хил бўлади: “Уларда шундай қабул қилинган”. Кўряпсизми, Европага оид бор билим битта “шляпага жой бўлиб кетяпти”!

 

– Хўш, аҳвол шундай экан, уни ўнглаш, изга солиш, янги драматургларни кашф этиш, амалий ёрдам бериш учун нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз?

– Бу борада ҳал қилиниши лозим бўлган ижодий муаммолар кўп, битта суҳбатга уларнинг ҳаммасини қамраб олиш мушкул, шунинг учун фақат баъзилари ҳақида тўхталмоқчиман. Режиссёр – драматург муносабати жуда мураккаб. Эскича қарашлар эса уни янада чигаллаштириб юборяпти. Масалан, айрим режиссёрлар фаолиятида турғунлик йилларидан мерос бўлиб қолган ўта эҳтиёткорлик анъанаси ҳамон давом этиб келяпти. Биз, одатда, театрлардан “воқеа” бўладиган асарлар кутамиз. Лекин кўп ҳолларда “воқеа”ни театр эмас, раҳбарият, жамоатчилик, матбуот яратишини ҳамма ҳам билмаса керак. Муаллифларнинг мавқеи ва лавозимига қараб талай асарларни “воқеа”га айлантирилган пайтлар кўп бўлган. Лекин асар аввало, режиссёрга, адабий эмакдошга, бадиий кенгаш аъзоларига, умуман, жамоага, томошабинга маъқул бўлиши керак. Театр санъати ривожига тўсқинлик қилиб келаётган битта жиддий сабаб кўпинча ижодий семинарларда, муҳокамаларда ёш пьесанависларнинг асарлари маъқул топилиб, “оқ йўл” берилади, лекин саҳналаштириш масаласида улар театрда ёлғизланиб қоладилар. Шу тариқа кўплаб қобилиятли ёшларимиз ё адабиётнинг бошқа турларига ўтиб кетишади ё умуман, ижод майдонини тарк этадилар. Дейлик, театрга янги драматург кириб келди. Биз уни қандай кутиб оламиз? Очиғини айтиш керак, бу масалада унчалик ҳам “меҳмондўст” эмасмиз.

 

– Театр саҳнасида намойиш этилаётган спектакллар адабий тил нормаларини қандай сақлаяпти? Умуман олганда, саҳна тили қандай бўлиши керак? Дунёнинг ривожланган мамлакатлари саҳнасида бу масалада қандай йўл тутилади?

– Халқимизда қадим-қадимдан кўп тилни билиш донолик аломати, маданият белгиси ҳисобланган. Лекин одам ўз она тилини мукаммал билгандан кейин бошқа тилларни ўзлаштириши осон кечади. Ахир, бошқа тилни ўрганиш учун қандайдир база бўлиши керакми? Айримлар рус тилини билганларни айблаб, айюҳаннос солади. Ваҳоланки, ҳаётга очиқ кўз, тиниқ идрок билан қарайдиган ҳар бир кишига рус тилининг нақадар улкан аҳамиятга эга экани кундек равшан. Лекин афсуслар бўлсинки, соф рус тилида гапироладиганларнинг кўпчилиги ўз тарихи, маданияти, урф-одати энг ачинарлиси, тилини яхши билмайди. Шу ўринда суҳбатимиз зерикарли бўлиб қолмаслиги учун бир латифасифат қиссани гапириб бермоқчиман. Очарчилик замонида бир рус кишиси нон излаб Ўзбекистоннинг Хўжақишлоқ деган масканига келиб қолибди. Бу ерда нуқул ҳожилар яшар экан. Ўзбек меҳр-мурувватли халқ эмасми, дарров рус кишисининг қорнини тўйғазишиб, кийим-кечак беришибди. Турар жой, омоч-кетмон билан таъминлашибди. Тил ўрганиб, урф-одатларга амал қилиб, буткул ўзбек бўлиб кетибди. Қишлоқда тўй-маърака бўлиб қолса, “Ҳў, Акбархўжа, фалончиникига тўйга, ҳў, Иванхўжа, фалончиникига тўйга!” дейдиган бўлишибди. Бир куни унинг ажали етиб, бандаликни бажо келтирибди. У дунёда Мункар-Накирлар ҳайронмиш: қаёққа киритамиз – жаннатгами, дўзахгами? Шунда улардан биттаси айтибди:

– Майли, жаннатга кираверсин, ўзбекча билмайдиган ўзбекларга таржимонлик қилиб юрар!..

Ўқувчига қўпол туюлмасин. Бу масалалар бевосита драматургиямизга ҳам тегишли бўлгани сабабли гапираяпман. Чунки айтиб ўтилган иллатларнинг нуқси пьесаларимизда бўртиб турибди. Пьесаларимизда яққол кўзга ташланадиган яна бир қусур – саводсизликдир. Синтактик, морфологик, орфографик, пунктатсион хатолар ғиж-ғиж. Бу масала билан узоқ ва жиддий шуғулландим. Аввалига, репертуар-таҳрир ҳайъатида асарлар таҳрир қилинса, бу иллатдан қутулиш мумкин, деб ўйладим. Сўнг ҳамма айб таълим тизимида, деган ўйга бордим. Кейин билсам, масаланинг илдизи жуда чуқур ва бутунлай бошқа ёқда экан. Кекса пьесанависларимизни-ку тушунса бўлади – аввал, араб алифбосида ўқиган, кейин лотин ва ниҳоят, кириллда ёзишга мажбур бўлган. Лекин, ёшларимиз-чи?

Баъзан телевизордан шундай спектаклларга кўзим тушадики, актёрларнинг бир хил оҳанг (интонатсия)да гапираётганини кўриб, бу одамлар қайси сайёрадан келиб қолибди экан, дея ёқа ушлашдан бошқа чора тополмайман! Ахир одам боласи бунақа тилда, бунақа оҳангда гапирмайди-ку! Ўзбек ҳам, рус ҳам, фаранг ҳам! Таржима асарларида тарбияланган ёш актёр театрга келиб жўнгина ўзбекча гапни ҳам сохта, ғализ оҳангларда гапирадиган бўлиб қоляпти. Чуқур, қамровли, бўлиқ миллий характерлар яратишни-ку, қўяверинг. Европа ва жаҳон классикасига актёрлик санъатини чуқур эгаллаб, катта тажриба тўплаб, ўша халқнинг маданияти, тарихи, миллий психологиясини ўрганиб, кейин қўл урган маъқул. Бу гапларни кўплаб ёш актёрларимизнинг театрга профессионал жиҳатдан “инвалид” бўлиб келаётганидан ташвишланиб гапиряпман.

 

– Театрга ҳам адабий жараёндаги каби кўпинча бошқа касб эгалари нима иш қилишини билмай, китоб чиқаришга иштиёқмандлар каби бирор асари саҳна юзини кўришга ҳавасмандлар ҳам қўлёзма кўтариб келса керак. Буларни эринмасдан муҳокама қиладиган, назокат билан бу иш уларни қўлидан келмаслигини тушунтирадиган танқидчилар негадир кўринмай кетди. Умуман, бугунги театр танқидчилигидан кўнглингиз тўладими?

– Театр танқидчилиги – кун тартибида турган энг чигал масалалардан бири. Агар матбуотда эълон қилинаётган тақриз, мақолаларни театр ва драматургиянинг ўзига хос жиҳатларини чуқур таҳлил этолмайдиган тасодифий муаллифлар ёзаётганини ҳисобга олсак, масала яна ҳам чигаллашади. Театр танқидчилигининг энг катта нуқсони мураббийлик хусусиятининг йўқлигида. Мутахассисларимиз мақолаларида ўргангулик гап йўқ, ҳаммаси маълум фикрлар. Кўпинча тақризлар асар сюжетининг қисқача баёни ва мунаққиднинг “униси яхши, буниси ёмон” деган баёнотидангина иборат бўлишига ўрганиб қолганмиз. Бу етмагандай, кўпчилик танқидчиларимиз халқ номидан, томошабин номидан гапиришни одат қилиб олган. “Буни томошабин кўрмайди”, “Бу ерида зерикади, анови жойида чалғийди”! Томоша залига кириб қарасангиз, аҳвол бутунлай бошқача: кўришяпти, зерикишмаяпти, ҳеч ким чалғиётгани ҳам йўқ.

Масалан, пьеса ёки спектаклларни баҳолашда қандай ўлчовлар билан ёндашамиз, ҳеч эътибор берганмисиз? Муҳокама қилинаётган асар ёмон бўлса, одатда биз унинг мавзуси муҳимлигини, долзарб муаммолар кўтарилганини гапирамиз-да, кейин камчиликларига ўтамиз: тил чатоқ деймиз, характерлар йўқ, конфликт суст деймиз, композитсион тарқоқлик ва сийқа сюжет асарнинг бадиий қимматини тушириб юборган, деймиз. Бу, ахир, асар йўқ деган гап-ку! Қаранг, мавзу бор, муаммо бор, лекин асар йўқ! Бу ҳам етмагандай, бемазадан-бемаза пьеса ҳақида “қайта қуриш руҳидаги асар бўпти” деган мақтовларни эшитамиз. Ваҳоланки, бундай пьесаларнинг қайта қуришга мутлақо алоқаси йўқ, персонажлар саҳнага чиқиб олиб, “демократия”, “ошкоралик” деган терминларни гапиради, холос! Шу сабабдан драматургиямизда (ўз навбатида, театрларимизда ҳам) мавзу чайқовчилиги чидаб бўлмас даражада авж олиб кетди. Аксарияти “ниҳоятда муҳим проблема кўтарилибди” деган баҳо олиб, саҳна юзини ҳам кўряпти. Шу пайтга қадар “ёпиқ” саналган мавзулар: гиёҳвандлик, одам савдоси, диний экстремизм (кўп ҳолларда ислом динимизни ёмон отлиқ қилиш эвазига), СПИД ҳақида бадииятдан маҳрум, қуруқ фактлар қалаштирилган “асарлар”га кенг йўл очилиши жуда ташвишли ҳолдир. Халқ театрга мавзу ёки проблема учун эмас, томоша кўргани келишини англаб етиш наҳотки, шу қадар мушкул бўлса?! Умуман, асарларга баҳо беришда драматурглар эмас, театршуносларимиз хато қилишмоқда. Улар мақтаган спектаклга томошабин кам тушади, танқид қилинганига билет тополмайсиз. Томошабинимиз ҳам шу руҳда тарбияланган – нимани кўришни яхши билишади.

 

– Театр ҳар доим эзгулик ва ёвузлик, Раҳмон ва шайтон ўртасидаги кураш саҳнаси бўлиб келган. Лекин бугун, томошабин таассуроти билан айтганда, саҳнада “ёмонлар” ва яхшилар”нинг қиёфаси кўринмай қолди. Шу жиҳатдан, унинг ҳам вазифаси хиралашди. Шу пайтгача, саҳна асарлари инсоннинг эзгулик ва ёвузлик тасаввурларини тарбиялаш билан шуғулланиб келарди. Зотан, театр юқоридан таъкидлаганимиздек, ибратхона. Лекин айни кунда бу образларни иккинчи даражали деб ўйловчилар ҳам йўқ эмас. Сиз бунга қандай қарайсиз?

– Уф-ф… Мен учун энг оғриқли масалага келдик… Яратилаётган ижобий қаҳрамон бирам яхши, бирам мўмин, бирам одобли, бирам билимли, бирам ширинки, бўғиб ўлдириб қўйгинг келади! Ижобий қаҳрамонларимиз аллақачон “қариб қолган” бўлса ҳам ўжарлик билан уларни ушлаб турибмиз ва янги-янги нусхаларини яратаётирмиз. Улар бирон-бир ижтимоий фойдали иш қилаётганлари йўқ. Аксинча, ё насиҳатвозлик, ё баландпарвоз гаплар билан томошабинни театрдан совутмоқда. Сув қоғозга ўралган бу қаҳрамонлардан бир оғиз янги гап эшитмайсиз. Ҳатто, актёрлар ҳам ижобий ролларни ўлганининг кунидан ўйнайди, кўпроқ салбий ёки бошқа характердаги ролларни талашишади. Аҳвол шу даражага етдики, “ижобий қаҳрамон” билан “ёмон асар” деган тушунчаларнинг ўртасига ҳеч тортинмай тенглик аломатини қўйса бўлаверадиган бўлиб қолди. Бугун ижобий қаҳрамон эмас, халқнинг ижтимоий фаоллигини оширишга хизмат қиладиган қаҳрамонлар керак. Бизни ўйлашга мажбур қилсин, дунёни англашимизга ёрдам берсин, асримизнинг энг оғир касаллиги – “ақлий ялқовлик”дан қутқарсин. Бу ишларни мавзуга санъаткорона ёндашув орқали амалга оширса бўлади.

 

– Шунақа асарларни санъат асари деб саҳнага олиб чиқса бўлаверадими? Ўзи театрларимиз репертуарида сабоқ оладиган асарлар борми?

– Ютуқларимиз ҳам бор, албатта. Лекин қўлдан бой берган имкониятларимиз бир неча ўн баробар ундан кўпдир! Шуниси алам қилади…

 

– Илгарилари адабиёт дарслигида драматик асарларга кенг ўрин бериларди. Бу ўз ўрнида мактаб ўқувчиларнинг нутқини ўстирар, масъулиятини оширарди. Масалан, ўқувчилар орасида Алишер Навоий ёки Гули образида кўринган болаларда ўзгача руҳият пайдо бўлар ва қолганлар ҳам саҳнада танилган Алишер ролини ўйнаган болага бошқача муносабат пайдо бўларди. Бу ўз-ўзидан театр ҳақидаги тасаввурларни бойитиб, саҳна асарларига бўлган муносабатини шакллантирарди. Негадир ҳозир ўрта таълимда бу масалаларга эътибор берилмаяпти.

– Илгарилари адабиёт дарсликларида драматик асарларга алоҳида эътибор бериларди. Ҳазрат Навоий, Мирзо Улуғбек драмаларини ўқиб, вояга етган инсонларда театрга бўлган муносабат ҳозир ҳам бошқача. Лекин бугунги кун драматургиясининг мавзулар кўлами торайиб қолгандек туюлади. Масалан, жадидчилик, мустақиллик даври қаҳрамонлари ҳали тўлалигича очиб берилмаган. Кейин мумтоз асарларга кам эътибор бераяпмиз. Яқин-яқинларгача олтинчи ё еттинчи синф адабиёт дарслигида “Темир хотин” пьесасидан парча босилиб турган эди. Менга номаълум сабабларга кўра “Темир хотин” асари адабиёт дарслигидан ҳам олиб ташланди, Фарғона театрининг шу номдаги спектаклини Ўзбекистон телевидениесида намойиш қилиш ҳам тақиқлаб қўйилди. Бу адабиёт дарсликларида пьесаларнинг чоп этилиш масаласи. Энди умуман, драматик асарларнинг нашри жўнлигидан, бу ҳақида мен гапирсам ношукурлик бўлар, негаки, пьесаларим босилиб турибди. Лекин бу билан муаммо ҳал бўлмайди-да. Ҳеч бўлмаганда, адабий нашрларимиз ҳар кварталда биттадан пьеса босишса, йилига саккизта асар пайдо бўлар экан. Саккизта яхши пьеса топилади. “Пьесани ўқишмайди” деган гап нотўғри. Дўконларда чанг босиб ётган китобларнинг ҳаммаси ё поезия, ё проза. Энг ёмон пьесалардан иборат энг ёмон китобни топиб кўринг-чи. Ҳамма гап сифатда. Яқин-яқинларда ҳам “Замон кўтарса-ку, не-не асарларни ёзиб ташлардим-а” деган гапларни кўп эшитардим. Мана, “кўтарадиган” замонлар келди, лекин қани ўша асарлар? Юрагида дарди бор ижодкор ўша вақтларда ҳам айтадиган гапини айтган, ҳозир ҳам айтяпти.

 

– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

 

“Ҳуррият” мухбири

Адиба УМИРОВА

гурунглашди.

 

“Ҳуррият”дан олинди.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.