Зоминдан ёзувчиликкача…

0
148
марта кўрилган.

Зомин. Ўриклисой. Ёзнинг айни чилласи. Лекин бу сойдаги ўриклар ҳали ғўра. Шарқираган муздай сой. Сув бўйида, сал наридаги айлана ўриндиқларда тўрт-беш қиз-ўғил қалдирғоч валфажрини қилиб ўтиради. Кимгадир Муҳаммад Юсуф илиқ гапирган, Йўлдош Сулаймон бир носир қизнинг асарига юқори баҳо берган, кечқурунги машваратда Абдулла Орипов ушбу семинар-машғулотлар Жиззах ёш ижодкорлари, умуман, Жиззах адабий муҳитига ижобий таъсир кўрсатаётгани, бу улар ижодида яққол акс этаётганини сўзлаган. Кимдир Иқбол Мирзонинг, бири Ҳалима Худойбердиеванинг назарига тушган. Бир ҳажвчи йигит Аҳмаджон Мелибоевнинг этагидан маҳкам тутган, Сурхон тоғларидан келган шоира қиз шахсан Сирожиддин Саййидга шеър дафтарини тутиб эътирофлар эшитмоқчи.

Ўтган вақт мобайнида Она ер неча марта эмранди, соғинган дўстларини бағрига олди. Илиқнафас, меҳрибон устозлар…

Зомин тоғларида булбуллар кўпайган.

Булбуллар, қумрилар, кабутарлар, зарғалдоқ, қарқуноқ, қулқунтой, кўккаптар…

Азим Суюн, Омон Матжон, Зебо Мирзо, Бахтиёр Генжамурод, Қўчқор Норқобил, Салим Ашур, Рустам Мусурмон, Умида Абдуазимова, Шарифа Салимова, Маҳмуд Тоир, вилоят ёзувчилар уюшмалари раҳбарлари, улар ўзлари билан олиб келган ёш ижодкорлар.

Албатта, бу бор-йўғи семинар, яъниким ижодий анжуман, демак, устозлар от тўдасига, пойгасига ўз тойчоғини солиш кайфиятида эмас, ринг ёки гилам устига ўз шогирдини чиқаришдек яккама-якка беллашув тарафдорлари ҳам эмас. Чунки шогирд – кўнгил розини куйловчи бир ижодкор, холос. Демак, ундан Ўзбекистон байроғини баланд кўтариш талаб қилинмайди, кўкракка шода-шода медал ҳам тақилмайди.

У авайлаб, сўз саралаб, не бир хавотир, не бир ҳаяжонда сардафтар тўлдирган – устозларга маъқул келиб, бир илиқ сўз эшитармикан…

Матбуот, телевидение, айниқса, адабий нашрлар мазкур адабий мулоқотларни анчага довур ёритишади, қатнашчилар суҳбатга тортилади, журнал муқовалари семинар иштирокчисининг хушвақт фотосуратлари билан безанади.

Семинарда йиллар давомида юзлаб ёшлар қатнашган. Улар орасида адабиётнинг чинакам фидойилари ҳам етишиб чиққанини қайд этиш зарур.

Бир муддат чегара ҳудудлар осойишталигини сақлаш мақсадида тадбир Бахмал туманига кўчирилганидан ҳам хабарингиз бор.

Аммо ғалвир сувдан кўтарилганда нима қолади?

Бўладиган гап ҳам шу, аслида.

Назаримда, ўнлаб йигит-қизлар Зомин семинари кашфиёти сифатида ўша кунларни эслайдилар. Кимдир шогирд, ким – устоз, у кунларни ширин хаёллар билан хотирлайди.

Шуларнинг ичида Баҳодир Абдураззоқ илиқ таассурот уйғотган. У қатнашчиларнинг нисбатан ёши каттароғи, шу боисдандир, ҳайдовчи ёнидаги ўриндиқда кетмоқда, ора-сира туйқус ҳайқириб шеър ўқиб қолишга ҳам ўзини ҳақли санар эди.

У менга оқсоқолми, устозми дея юкинган бўлса, бор-йўғи биргина панду насиҳатни қулоғига қуйиб олди: “Мадомики наср билан шуғулланар экансиз, шеърни йиғиштириб, кучни қора меҳнатга беринг. Сиз билан ўшанда гаплашса бўлади!”

Бу фикр Баҳодирга қай тариқа таъсир қилгани менга номаълум, аммо шундан кейин жиддий ёзувчига айланиб қолганига ўзим гувоҳман.

Баҳодир Абдураззоқ 1974 йили Қашқадарё вилоятининг Муборак туманида туғилган. Ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида ўқиган. Қатор насрий ва назмий асарлари чоп этилган. У ўзини кўпроқ ёзувчи сифатида танитди. Адашмасам, “Ёшлик” журналининг 2010 йилги 6-сонида Баҳодирнинг “У” деб номланган қиссаси эълон қилинганди. Зомин семинаридан сўнг у билан тез-тез мулоқот қиладиган бўлдик. Баҳодир орқали қашқадарёлик яна яхши бир ёзувчи Жумақул Қурбонов билан танишдик. Ҳар иккиси ҳам адабиётнинг бугуни ва эртаси билан яшайдиган ижодкорлар. Кунларнинг бирида Баҳодир бир қисса ёздим, даҳшат, унча-мунча генийман деганлари ҳам ип эшолмайди, деб кимларгадир ишора қилди. Кўрайлик, опкелинг, дедим. Опкелгани “У” деган қисса эди. Чиндан ҳам, бақувват, воқеа бўлгулик асар эди. Таққослаш учун бир гап айтай: агар шу қиссадаги жой ва киши номлари, менталитети пича ўзгартирилиб, буюк Америка адиби Жек Лондоннинг янги таржима асари деб ўқувчилар ҳукмига ҳавола этилса эди, қойил, бехабар эканмиз, Жек Лондоннинг биз билмаган бундай улуғ асари бор экан, дея албатта эътироф этган бўлардик. Аммо уни мубораклик аллақандай Баҳодир деган танилмаган йигитча ёзгани, боз устига, адабиётда тез танилиш, тез обрў орттириш даъвосини қилмаётгани учун сервиқор олимларимиз жим туришди. “Ёшлик” журналининг ўша сони 6162 дона чоп этилган экан. Муҳтарам устозларнинг кўзлари тушмаган бўлиши мумкин эмас. Баъзан ижодкор тез танилиши учун кимнингдир қўлидан тутган бўлиши ёхуд баъзи адабиёт “кескирлари”нинг дид-фаросатига маъқул келиши шарт бўлар эди.

Баҳодир ўзи шахс сифатида қолипга тушмайди. Бунинг устига, ёзгани ҳам адибнинг “ностандарт” эканини ифода этиб турарди.

Адабий муҳит ўзи шунақа: мақталиши мумкин бўлган, у мақталса, бировга малол келмайдиган шахслар бор. Баҳодир Абдураззоқ 2011 йили жуда зўр икки ҳикоя, 2014 йили “Тўзон” деган ўта ғаройиб қисса эълон қилса ҳам, Адабиёт пинагини бузмади… Бу қадар совуққон бўлмаса ҳазрати Адабиёт…

“У” ҳам, “Тўзон” ҳам жуда катта шиддат билан ёзилган асарлар. “У” – қуллик, садоқат, ҳалоллик, жўмардлик, қон сурувчи бетизгин ахлоқ, маҳкумлик ҳақидаги гўзал ҳамда ёрқин асар. Қоронғилик, зимистон, иложсизликлар аро, вақтлар, чигалликлар аро ёруғлик оламига чиқмоқ, ёруғлик эса аслида йигит-қизни таъқиб қилиб келган улкан тузоқ… экан… Ўқигач, жуда ғаройиб таассуротларга берилиб кетасиз.

“Тўзон”ни ўқиганда ҳам худди шундай тўймай қоласиз…

Ҳар иккала асарда улкан тимсоллар мавжуд.

Уларни илғай билиш, ёзувчи кўзда тутган нуқтаи назарга осонгина етиб олиш мушкул.

Баҳодирдай ёзувчилар ҳар куни туғилавермайди, ҳар қандай адабиёт пешонасига шундай ижодкор битган бўлса, албатта, у адабиёт бахтлидир.

Эсимда, ўшанда Зомин семинари эди, Баҳодир оқ спорт майкасида эртанги кун адабиётини ўйлар эди, ҳайқиргиси келар эди, прозани ағдар-тўнтар қиламан, дерди, ҳали кўрасиз, ўн йил-йигирма йил ўтсин… дерди… Ва ўша вақт ҳам ўтди…

Адабиёт эса… Ернинг тўлғоғидай оғир бир жараён… Шунчаки яралмайди. Эҳтимол, у туғилар.

Ёш ижодкорларнинг шу пайтгача бўлиб ўтган Зомин семинарлари ҳамда яна қутлуғ қадамлар билан яқинлашаётган навбатдаги анжуман ҳақида ўйлаганда, кўнгилдан шу ўйлар кечди. Ва бу йилги семинар ҳам Баҳодирдай истеъдодли ёш ёзувчиларни кашф этишига умид боғладим.

 

Собир ЎНАР

 

Yoshlik”, 2017–6

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.