Ёшлар ижоди: ўзлик, услуб, маҳорат

0
288
марта кўрилган.

Уч шоир, уч олам…

Шеър тоза, ғаразсиз юракдан оқаётган селдирки, ботиниб шарҳлашдан кўра ўқиб, қайта-қайта ўқиб, хаёл суриш, завқланиш ёқимлироқ. Аммо муайян бир шеърга, шоирга доир ўйлар жамланиб, яхлитланиб, кузатувларни ўртоқлашиш истаги туғилар экан. Мана шу истак туфайли тенгдош шоирлар ижодининг ўзига хосликлари, сўз қўллаш маҳорати, ижодий имкониятлари ҳақида баъзи мулоҳазалар қоғозга тўкилди.

Шоирлар – Шодмонқул Салом, Беҳзод Фазлиддин, Носиржон Жўраев ижодини қарийб ўн йилдан бери кузатиб-ўқиб келаман. Орада шеърга ошифталик, адабиётга муҳиблик бор. Қолаверса, касб тақозоси туфайли ўртамизда илиқ дўстона муносабат пайдо бўлди. Носиржон билан магистратурада, Беҳзод билан аспирантурада бирга ўқидик. Шодмонқул ака билан эса, одатдагидек, драматик, шеърбоп кайфият умидида ҳар муюлишдан, таниш-нотанишдан шеър ахтариб юрган дилгир пайтларида юзлашиб-дўстлашиб кетдик. Бу гапларни айтишдан мурод шуки, тақдир тақозоси билан бу уч шоирнинг қалб бисоти, кундалик ҳаёт тарзи, ижодий лабораторияси билан имкон қадар танишман. Шеърда шахсиятнинг бўй кўрсатиши, сатрлар узра сочилиб-ёйилиб, баъзан бўртиб туриши аён бир гап. Шу маънода Шодмонқул Саломнинг ҳассос лирик шеърларида ҳам, Ватан дея ёнишларида ҳам, тарихга, боболар руҳига мурожаатида ҳам муаллифни – чапани бир йигитни кўргандай-танигандай бўласиз.

Беҳзод Фазлиддиннинг шеърда қимтиниброқ, тортиниброқ, аммо кўнгилни аямай, оғриб-оғритиб дилдошлик қилишидан сезасизки, айни сатрлар муаллифи ўз ақидасида собит, қобил ва ҳалим бир инсон. Худди Евгений Онегин мисоли ўйчан, бироз олифтароқ, бироз такаббурроқ, ўта нозик дидли, ўта таъсирчан лирик қаҳрамон Носиржон Жўраевнинг феъл-атворига қай бир жиҳатлари билан яқин келади. Хуллас, уч шоир – уч олам, уч хил дунёқараш…

 

“Аммо ҳали яшамадим, ҳозирландим, чоғландим…”

Истеъдодли шоир Шодмонқул Саломнинг “Йўқ, ўттизга кирганим йўқ, бўлсам йигирмадаман”, деб бошланувчи шеъридан узиб олинган юқоридаги сатр, назаримда, унинг бутун ижодига тааллуқлидай: қарийб барча шеърларида ҳозирланиш, чоғланиш руҳи, нафаси бор. Нимага ҳозирланади, нимага чоғланади – бу энди бошқа масала, ҳар бир шеърнинг вазну даромадига тан…

Мен Шодмонқул Салом шеърлари ҳақида ўйлаганимда, айрим қофиядош сўзлар ва бир-бирини тақозо этувчи тушунчалар баъзан фожеий, баъзан юмористик мазмун касб қилганча беихтиёр хаёлимдан ўтаверади. Кейин ўша – “кулаётганда”, “бўлаётганда”, “тўлаётганда”, “қолаётганда” тўлиб-тошиб шеър ўқиётган қадрдон шоир сиймоси гавдаланади. Ажабки, унинг шеърий бисотига оҳангдош бу сўзлар реал ҳаётдаги рангпар лаҳзаларига ҳам қай бир жиҳатдан муқобил келади.

Шеърларида ҳам, гурунгларда ҳам фикрни яхлитлашга, гапга нуқта қўйишга шошмайдиган Шодмонқул Салом ана ўша ҳолатни шеърий дастхати, услубига айлантирган, десак, муболаға бўлмас. Унинг шеърларида жумлалар олисдан келади, ўқийверасиз; тарихлар айланади, тақдирлар турланади, ўқийверасиз; ўзликдан, “мен”дан бошланган поэтик тасвир ўзбекка, бизга туташади, ўқийверасиз; ана шундан кейингина, матн якунидагина шеърдаги ягона нуқта (.) қўйилади. Менга баъзан шундай туюладики, Шодмонқул Саломнинг шеърлари бошида, ўртароғида келадиган нуқта аслида ўринсиз, нокерак – гўё улар қандайдир яхлит қуйма; синтактик бўлиниш, айириш, нафас ростлаб ўқиш фикрни бўлади, маромни бузади.

Шодмонқул ака шеърни қачон тугаллашни, асарга сўнгги нуқта қўйишни биладиган шоир. Баъзан гўзал тизмаларни ўқиш асносида авжидан бир парда олдин ёки кейин, самимият, поэтик тасвир сустлашган паллада тугалланган шеърларни илғаб қоласиз. Мана шу ҳолатни шоирнинг ўзи ҳам англаса ва бошлама билан тугалланма фикрни нафис боғлай олса, ана ўша шеърнинг манзил-макони китобжавон эмас, мутаассир қалб бўлади. Юқорида эслаганимиз – “Йўқ, ўттизга кирганим йўқ, бўлсам йигирмадаман”, деб бошланадиган шеърнинг сўнгги мисралари шундай: “Ҳеч ишонманг, сочларимни тунга бўяб олганман, Лек ўттизга кирганим йўқ, балки мингдадир ёшим”. Дастлабки банддаги ўкинч, ҳадик-хавотир беш банддан кейин келадиган якунда қатъий ишончга, келажак орзусига, мискин кайфиятдан фазилат ахтаришга алмашади. Бу мисрани қандай кайфиятда ўқисангиз, шунга монанд хулоса, маънони уқасизки, шоирнинг кўз илғамас сеҳргарлиги, усталиги, кайфият йўлдоши экани мана шундай пайтлари билинади.

Яна бир шеърни кўриб чиқайлик. У “Сирқирайди суягим, тилим қонар сўзлардан”, деб бошланади. Дастлабки сўзданоқ шеърда драма туғилди, энди шоир сизнинг кайфиятингизга йўлбошчи, сарбон – эргашасиз, ўқийсиз. Шоир кейинги сатрларда жамият билан қалбнинг муносабати ва мувозанатини элакдан ўтказа бошлайди. “Мангу тавоф этмоққа бардош”, “қорайган бир кўнгилга қуёш”, “ҳамдард, ҳамроз ё рақиб – элдош” бўлолмаслик ҳисси билан қоврилаётган лирик қаҳрамон якунда шундай хулосага келади: “Бир саркаш тулпордаман, ювош бўлолмаяпман”.

Аввало сатрда асосий маъно ташийдиган уч сўзнинг таъми, моҳияти ёқимли, чинакам шоирона – “Саркаш”, “Тулпор”, “Ювош”. Эътиборли жиҳати, бу сўзлар бир вақтнинг ўзида асл маъносида ҳам, кўчма маъносида ҳам истифода этилмоқда. Бундан ташқари, тулпорнинг эмас, тулпордаги моҳирнинг ювош бўлолмаслиги сатрга янада жозиба бағишлайди.

Шодмонқул Саломнинг бошқа шеърларида ҳам ана шундай таранглик, узвийликни кўришимиз мумкин. У “Онамга” шеъри аввалида “Тонгу шомнинг орасинда”, дея сўз айтади. Кейин яхлит бир монолог бошланади ва сўнгги ўн уч сатрни ўқиш асносида туйғулар бир маромда кўтарилиб, юксаклаб, авж пардаларга чоғишиб боради. Охиридаги сатрда “Мен онамни соғинганман”, деган оддийгина жумла билан шеър тугайди. Йўқ, шошманг, оддийгина жумла дедикми? Энди уни биринчи сатр билан кетма-кет ўқинг-чи? Маъно сал каттарди, юксалди, шундайми? Ана энди орадаги ўн уч сатр билан қўшиб бир нафасда ўқисангиз, сўнгсўзнинг жозибаси, унга юкланган мазмуннинг қамрови ортишини тасаввур қилиб кўринг. Шундай қилиб, шоиримиз жуда оддий усулда ўқувчи тафаккурини чархлайди. Лекин ана ўша “оддий” дея таъриф берилган усул, сўз йўли катта ижодий меҳнат ва истеъдод қувватининг ҳосиласидир.

Демак, шеърнинг тузилиши ақлни, рационал тафаккурни чилпарчин қилиб, гўёки буткул янги олам очишга бемаъни уринишда эмас, аксинча, тахайюл кенгликларида ҳам мутаносибликни, фикрлар, туйғулар аро боғланишни маҳкам тутишда намоён бўлади. Эътироф этиш керакки, бундай яхлитлик шоир шуурининг эмас, ғайришуурининг маҳсули – атайлаб, ўйлаб, ҳисоблаб бундай шеър ёзиб бўлмайди. – Шодмонқул Саломнинг ўқувчиларга манзур, эътирофларга ноил шеърларида ана шундай хусусият бор.

 

“Қайси қиёфамда Сенга яқинман…”

Хоразм томонларда “Сувора” деган ашула тури, хониш йўли бор. Бир қарашда, нисбатан енгил туюладиган, бироз ўйноқи, савт бу қўшиқларни маҳаллий халқ ўзгача ардоқлайди, севади. Ҳофизларнинг давра қуриб баҳслашиши – “дийралишма”сида ҳам суворани ўзиб айтиш мезон саналади. Сувора матнида ирфоний оҳанглар, маънолар қат-қат – жанрнинг асосий белгиси мана шу. Сувора Хоразм қўшиқчилик анъаналарига хос, бошқа жойларда бу сўзни учратмайсиз.

Беҳзод Фазлиддиннинг Бобораҳим Машрабга мурожаат бўлиб жаранглаган “Ўртар” шеърида учраган ушбу сўзнинг миллийлашиши, маъно кўламининг кенгайиши, интеллектнинг намоён бўлиши каби мавзуларда мулоҳазалар туғилди. Хоразм санъатига хос сўз Наманганда туғилган шоирнинг шоҳ Машраб ҳақидаги шеърида ярақлаб турибди. Бошқа томондан олганда, бу – қаламкашнинг нозик дидидан дарак. Машраб бобо ижодига дохил битикка сўз танланар экан, ўзида ирфоний маънони англатган каломга, табиийки, эҳтиёж бор эди. Натижада шу битта сўз туфайли шеърнинг юки ортади, улуғ қаландарга яқинлик, вобасталик руҳи матнга сингади: “Томиримда куйлар оқар – сувораман”. Сатрнинг жозибаси унинг оддийлигида, гўё тилингизнинг учида турган гап айтилгандай, шеър мутолаасининг айни нуқтасига етганда шундай дейишга тараддудланаётган бир пайтингизда шоир олғирлик қилгандай туюлади. Бундай кайфият Беҳзод Фазлиддиннинг бошқа шеърларини ўқиганингизда ҳам сезилади. Хусусан, “Чигал саволлар” шеъри номига монанд равишда риторик саволлардан тузилган. Бошдан-охир сўроқдан иборат. Ўқувчига қандай қизиқ жиҳати бор?! У нега бу саволларни ўқиши керак?! Шоирга қўшилиб файласуфона хаёлларга берилсинми?! Йўқ. Масала бошқа… Беҳзод ўқувчи кўнглига мангу саволларни қайта муҳрлаш, моҳиятга ошифталик уйғотиш фонида битта гап айтадики, кейинчалик ушбу савол китоб мутолааси давомида сизга сарбонлик қилади. Қолаверса, шоирнинг бутун ижодига муаллиф ўзи таклиф этган тарзда назар ташлайсиз. “Шеъримнинг имони бутунми?” деб хитоб қилар экан, бошқа сатрлардаги саволларнинг, ўша чигал саволларнинг (“Адашдимми ишққа кўнглимни очиб?”; “Муштарак билдимми япроқ, илдизни?”) айни шеърга, умуман, шеъриятга алоқадорлиги ортади. Зотан, мантиқсиз шеърлар ҳам турли йўллар билан китобатга айланаётган пайтда ўзига, сўзига ишонган шоиргина ўқувчиларга дангал савол ташлаб, қиёслашга, баҳолашга ҳақли тарзда даъват қила олади. Услубининг соддалиги ва, айни пайтда, бадиий мақсаднинг кўламдорлиги, бу мулоҳаза кўнгилдан ўтгач, янада чуқурроқ англашилади.

Шеър – драма, бинобарин, ҳар бир шоир ўзига хос услубда бадиият яратади. Беҳзод Фазлиддиннинг серсавол, ўкинчларга, араз-гина оҳангига эш шеърларини ўқир экансиз, драматик ҳолатнинг замини асосан лирик “мен”нинг оғриқларидан, тўқнаш келган ҳодисага таассуф ёки истиғфор айтишидан иборатлигини туясиз. Мана шу борада шоирдан гина қилишга ҳаққимиз бор. Яъни, адабиётда “мен”нинг юки оғирлашмас, назари улғаймас экан, ўқувчи қалби билан қандайдир умумийлик касб этмас экан, лирик қаҳрамон шеърхон учун бегона, учинчи шахс мисоли бўлиб қолаверади. Аслида, ҳар қандай шеърдаги драма ўқувчининг қалб дафтарига ҳам муҳрланиши керак. Шеърхон мутолаа жараёнида аввало ўзини, ўзлигини ахтаради. Қалб оғриқларига малҳам, эш бир кайфият топгиси келади. Беҳзод Фазлиддиннинг жуда кўп шеърларида кечинмалар хусусий мазмун касб этиб, тушуниш мавҳум бир пардада қолиб кетади. Фикримча, Беҳзод Фазлиддин ижодидаги бу ҳол ижодий маҳорат билан боғлиқ бўлса керак. Маҳорат сайқаллашгани, юксалгани сайин энг инжа туйғуни, энг нозик вазиятни, энг дақиқ фурсатни ҳам дилбар бир шаклда, самимият билан ўртоқлашиш малакаси пайдо бўлади. Беҳзод Фазлиддиннинг шеършунослар эътирофига сазовор бўлган, мухлислар тилига, дилига кўчган шеърлари кўплигини таъкидлаган ҳолда, шаклланаётган истеъдоднинг қирралари ҳақида тугал гап айтиш қийинлигини ҳам унутмаслигимиз зарур.

 

“Сен мени ўқидинг, кўксимни ёриб…”

Носиржон Жўраевнинг шеърларини деярли ёд биламан. Аксариятини биринчилардан бўлиб ўқиганман. Ўхшамаган мисраларини биргалашиб муҳокама қилганмиз, баҳслашганмиз. Аммо ҳар сафар янги бир шеър туғилганда ўртадаги тушунмовчилик тумандай тарқайди – яна мутолаа, яна муҳокама…

Носиржоннинг топган-қўллаган ташбеҳлари жуда серқатламлиликни, мутлақ ажралиб туришни даъво қилмайди. Кўз ўнгимизда кечаётган воқелик унинг нигоҳида поэтик маъно таший бошлайди: “Мушт тугсам – куртакдир, кафт ёзсам – япроқ”; “Киприк қоқишидан чиққай бир наво”; “Пешонамга омоч тортади кунлар”. Битта шеърда кўпи билан икки-учта ташбеҳдан фойдаланган шоир кейинги мисраларда туйғуларнинг ўзига, қалбнинг айтганига кўнади-қўяди. Фикрни ўраб-чирмаб, шира боғлатиб айтишга ошиқмайди.

Носиржоннинг назмдаги ёқимли тажрибаларидан бири образ яратишда кўринади. Унинг шеърларида дарпарда, стул, ёқа, куйлак, ўчоқ, ноябрь, август сингари турли тушунчалар бадиий образга айланади. “Оқшом уйга кирди ёлғизлик”, деб ёзади шоир. У уйга кириб, “диваннинг ярмига ўзини ташлайди”, кейин “худди улкан кўздек бақраяр кўзгу”, “кўкрак қафасини ланг очар шкаф”, “дарпарда ўралиб келади эзгин” – хуллас, уйда ёлғизлик руҳи кезиб юрибди. Шоир ана шундай манзарани усталик билан чизар экан, ўқувчини навбатдаги, янада оғирроқ бахтсизлик билан юзлашишга тайёрлаётган чиқади. “Ёстиқ ёш боладек кирар пинжига” деган сатр ўқувчи қалбини портлатади. Ана ўша манзарани кўз олдингизга келтиргачгина, фожеанинг кўламини чуқурроқ ҳис қиласиз. Бу номсиз, шонсиз одамга ва айни тасвирни бамайлихотир чизаётган мусаввир-шоирга таассуф қиласиз Аммо шеър буткул руҳсиз, умидсиз якунланганда, эҳтимол, муаллифдан ёзғирар эдик. Асар якунида узилар-узилмас сақлаб келинган умид ипи бўй кўрсатади:

 

Чорасиз кўз юмар – ухлар ёлғизлик,

Онаси қавиган кўрпа ёпиниб.

Туш кўрар. Тушида юрганмиш тирик

Аллақаёқларга кетган хотини…

 

Шеър якунидаги “тирик” деган сўз, услуб тақозосидан келиб чиқиб шарҳланса, бир дунё умидни, илинжни, ҳамдардликни ифодалайди. Шоир ҳикоя йўсинидаги оҳангни ўзгартириб, мушфиқ қиёфада кўрингиси – сўзлагиси келмайди, холос.

Ижодкор маҳорат билан поэтик манзара чизар экан, шундай бир тасаввур қолдирадики, муаллифнинг ўзи ҳам тақдирнинг ўйинларига, тафаккур мавжланишига шунчаки бир гўянда. Шеърда муаллиф “мен”ининг иштироки матн сатҳиданоқ сезилмайди, бамайлихотир айтимчилик қилаётган қалб кўринади.

Носиржон Жўраевнинг ижодида, умумлаштириб айтганда, беором ўйларга ғарқ бўлганча ўзини ахтараётган инсон қиёфаси бор. Ўзини ахтарган одам эса манзил сари одимлаб бораверади.

 

Хулосадан бурунги ўйлар

Уч мусофир – қалб бисотини гўё қаландарнинг кашкулидай ортмоқлаб, адабиёт оламига кириб келаётган уч навқирон шоир ҳақидаги гапни, эҳтимол, шу нуқтада тугатиш мумкиндир. Бироқ ҳали баъзи мулоҳазаларни айтиш зарурати бордай…

Тасаввур қиламанки, Шодмонқул Салом тўлиб-қайнаб ёзади. Илҳом тошганда, шу фурсатда нима ёзишини ўзи ҳам билмайдиган алпозда қўлига қалам тутса керак, деган фикрдаман. Сезишимча, шоирнинг ўзида ҳам ана ўша ижодий тошқин пайтидан қўрқув ҳисси бор.

Беҳзод Фазлиддин аввал бир ғояни миясида пишитиб, етилтириб, кейин ўшанинг ўзинигина ёзади. Унинг шеърларида ижобий ёки салбий маънодаги оғиш, бир йўналишдан чекиниш қарийб йўқ. Демак, шеър қоғозга кўчишидан аввалроқ воқе бўлган. Энди фақат қалб тандиридан узиб олинса, бас.

Носиржон Жўраев эса шеърни ўйлаб ёзади. Унинг шеърларини ўқиётганингизда “Мана бу мисра айнан шундай туғилмаган бўлса керак”, деган хаёлга борасиз, шеърларда совуққон ақлнинг иштироки борлигини сезасиз. Ҳар бир сўзни, жумлани пишитиш, сўзларни чертиб-чертиб танлаш орқали шундай сатрлар яраладики, энди ўша мисрада лирика бор, драматик ҳол бор, бироқ ибтидоий дағаллик, савқи табиий йўқ – шеърга олифта камзул кийдирилган. Шу боис унинг шеърлари чарсиллаб туради.

Шеърни қандай ёзиш, қандай қайта ишлаш кераклиги ҳақида баҳслашиб, ижобий ва салбий жиҳатларини тарозига солиб бўлмайди. Ҳар бир шоирнинг ишлаш услуби – ўзи учун энг тўғри йўл.

Тенгдошларим ижодини салмоқлаш асносида муаллифининг услубини нисбатан равшан акс эттирган шеърлардан намуна келтирилди. Чунки, бир мутафаккир айтганидай, услуб – ўзлик демак. Услубсиз шаклбозлик ўқувчини ҳам, шоирни ҳам алағда ўйларга ошно қилади, холос. Ижодкорнинг ўз овози, фарқланиб турадиган сўз йўли бўлсагина, истеъдод тўла бўй кўрсатади. Бировга эргашиш, бегона йўлларда улоқиш умрнинг ҳам, истеъдоднинг ҳам заволидир.

Кўриб-кузатиб бораман – матбуотда, интернетда айрим тенгдош ижодкорларимиз ҳавола қилган “асар”лар даставвал мазза қилиб ўқилади. Негаки, жумлалар силлиқ, равон, қофия, туроқ жойида, айтилажак фикр, ғоя бор, аммо шоирнинг хос каломи, “Шу шеърни мен ёзганман”, дегандай билдиргиси, дастхати йўқ. Мана шундай “арзимас” камчилик туфайли ҳам баъзи шоирлар ўртамиёналигича қолиб кетади. Шодмонқул Салом, Беҳзод Фазлиддин, Носир Жўраев сингари бу ҳақиқатни аллақачон уқиб, муқаллид-шеърбозликдан чекиниб-тийилиб бораётган тенгқурларимиз ҳам сафдалиги адабиётимизнинг келгуси парвози янада юксак бўлишига умидлантиради.

 

Беҳзод ҚОБУЛ

 

“Ёшлик”, 2015 йил 9-сон

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.