Халқнинг китобхонлик даражасини қандай аниқлаш мумкин?

0
200
марта кўрилган.

Бошланғич синфда ўқиб юрган пайтларимда раҳматли Толиб Йўлдош билан бўлган адабий учрашувдан қаттиқ таъсирланиб юрганимни эслайман. Мактабимизда Солиҳа опа исмли кутубхоначи бўларди.

Китобларни қайтиб бераётганимизда, мутолаа таассуротларини билиш учун озорсиз бир имтиҳон ўтказарди. Шунинг учун кутубхонага йўл олаётиб, Солиҳажон опанинг олдиларида мулзам бўлиб қолмаслик учун ўқиган китобларимизни қайтадан бир кўздан кечириб олардик. Бу эса китобхон сифатида шаклланишимга баракали таъсир кўрсатган. Қолаверса, отамнинг ҳамсабоқ дўсти – Хоразм адабий муҳитида сезиларли овозга эга бўлган арузчи шоирлардан Орзу домла, Маҳбубий домланинг мунтазам ташрифлари, отам мулла Абдулҳакимдан олган сабоқларим ҳам бетаъсир ўтмаган. Отам араб, форс тилидаги диний китобларни мутолаа қилишдан ташқари, шеъриятнинг улкан мухлиси, Навоийфаҳм инсон эдилар. Мен адабиётимизнинг мумтоз намояндалари асарлари мутолаасини отам ёрдамида жуда барвақт бошлаганман. Дастлабки шеърий машқларимни физика фани ўқитувчимиз Назира опа Юсупова даъвати билан бошлаганим эсимда. Жумладан, қишлоғимиздан оқиб ўтадиган каналга бағишланган “Шовот” сарлавҳали шеърим эсимда:

Сержилва, севгилим сочига ўхшаш,

Жажжи дарёчам ўтар элимдан.

Шу канал орқали туркман элига,

Дўстлик саломи оқар дилимдан…

Жайхун ҳайбатидан ҳаволаниб ўсган ўқувчи-шоирга эни салкам юз метрча келадиган канал “жажжи дарёча” бўлиб туюлган шекилли, ўшанда.

Тасодифий одамларга адабиётда ўрин топилмайди. Адабиёт, хусусан, бадиий ижод бу – маҳкум одамларнинг иши. Адабиёт, бадиий ижод, қўшиқда куйланганидек, “Мен ҳам билмай кириб қолдим, чиқарга йўл тополмайман” қабилидаги йўлаклари чувалашиқ бир боғ эмас.

Бир халқнинг иккинчи халқдан афзаллик даражаси бир халқдан иккинчи халқнинг китобхонлик даражасидаги тафовутга тўғри пропорционалдир. Одамларнинг юрагида китобга ихлос уйғотсангиз, у бир йўлини қилиб, иккита тегирмон тошининг орасида ҳам китоб ўқийди. Кўп китоб ўқийдиганлар ҳаётнинг пешқадамларими ёки ҳаётнинг пешқадамлари кўп китоб ўқийдиларми? Бир қарашда, “товуқ олдин пайдо бўлганми ёки тухум?” деган масалага ўхшаш бу мушкул муаммо китобнинг фойдасига ҳал бўлмагунича, одамлар орасида китобхонлик кучаймайди. Аҳолининг китобхон қатлами нокитобхон қатламидан ҳам иқтисодий, ҳам маънавий жиҳатдан афзал бўладиган замонларда аҳолининг китобхонлик даражаси юксалади.

Бироқ китобхонликда ҳам китобхонлик бор. Ҳар жиҳатдан афзал китоблар бозори чаққонлашганда биз муддаога эришамиз. Менинг назаримда, бунинг учун биринчи навбатда хвостовчиликка чек қўйиш керак. Ҳаваскор матбаачиликнинг танобини тортиб, профессионал ноширликка кенг йўл очиш зарур. “Хвостовчилик” нима дейсизми? Абдулла Ориповнинг шундай мисралари бор:

…аммо топилади ҳали ҳам, тўғри,

аждоди Хвостов бўлган шоирлар.

Ўн еттинчи асрда Русияда “Хвостов” фамилияли ниҳоятда бадавлат одам бўлган. Бу одамнинг яхши бир босмахонаси ва ниҳоятда расво шеърнавислик қобилияти, тўғрироғи, ноқобиллиги бўлган. Босмахона фақатгина ўз эгасининг китобларини чоп қилиш билан шуғулланган. Оқибатда, полиграфик жиҳатдан аъло, бадиийлик нуқтаи назаридан расво китоблар ниҳоятда урчиб кетганки, шўрлик Хвостовнинг номи турдош отга айланган… Хуллас, бу масалада ҳаммамиз учун муаммо етарли.

Ҳомийлар, дейлик, ўз яқинларига, ўзларига бағишланган китобга пул сарф қилмасдан ҳақиқий бадиий асарларнинг чоп этилишига пул сарф қилсалар, ўз яқинларининг ҳам, ўзларининг ҳам тарихда номлари узоқ сақланишига ақллари етса, олам гулистон…

 

Матназар АБДУЛҲАКИМ

 

“Оила даврасида”дан олинди.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.