Суннат тўйидаги совғалар келиннинг отасига солинадиган солиқми?

0
89
марта кўрилган.

Халқимизда болани хатна қилишдаги маросим суннат тўйи деб аталади. Хатна қилингандан кейин эса зиёфат уюштириш одати бор. Шу ўринда савол туғилади: хўш, хатна қилиш суннатми ёки хатнадан кейинги зиёфат суннатми?

Хатна муносабати билан зиёфат қилиш аслида баъзи саҳобаларнинг одати, қилган ишларидир.

 

Ақиқа ва суннат бир-биридан фарқли

Солим (розияллоҳу анҳу): “Мен ва Нуаймни Ибн Умарнинг ўзлари хатна қилган ва бизга бир қўчқор сўйган. Мен Ибн Умарнинг бизнинг номимиздан қўчқор сўйганидан болаларга мақтаниб, ўзимча қувониб, шодланиб юрганман” (Имом Бухорий ривояти). Демак, суннат тўйи, яъни хатна муносабати билан қўй сўйиб, зиёфат бериш пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг суннатлари эмас, балки баъзи саҳобаларнинг одатлари экан. У зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ўзлари набиралари Ҳасан (розияллоҳу анҳу)нинг номларидан битта қўй сўйиб, ақиқа қилганлар.

Ақиқа фарзанд туғилгани муносабати билан сўйиладиган ҳайвон (одатда қўй) га айтилади. Бу хусусда пайғамбаримиз(с. а. в)дан қуйидаги ҳадиси шариф келтирилади: “Ҳар бир янги туғилган бола таваллуди муносабати билан етти кунлигида сочи олиниб, исм қўйилиб, ўтказиладиган ақиқа маросими билан гаров қилингандир”. Демак, ақиқа билан суннат тўйи бир-биридан фарқли амаллардир.

Афсуски, бугунги кунда халқимиз ичида суннат тўйи қиламан деб, дабдаба ва орзу-ҳавасга берилиб суннатни бидъатга алмаштираётганлар ҳам бор.

 

Келиннинг отаси – тўйнинг бош ҳомийси

Битта фарзандни хатна қилдириш суннатини бажариш учун суннатдан сўнгги исрофгарчиликларга йўл қўйилмоқда. Бундан ташқари, айрим ҳудудларда тўй баҳона келиннинг отасига буқа, тойчоқ ва бошқа солиқлар солиниб, бунинг орқасидан кўплаб келишмовчиликлар чиқаётгани ҳам аччиқ ҳақиқат. Аслида тўй қилаётган киши қуда томонга солиқ солишдан олдин ўйлаб кўриши керак: хўш, мен нима учун тўй беряпман, зурриёт кимники, менинг тўйим учун нега бошқа биров жабр тортиши керак? Ана шу саволларга виждони олдида адолатли жавоб берган киши қуда томонга оғирини ташламайди, бидъатларга, риёга берилмайди.

“Мен набирамни ёки ўғлимни тойга миндириб айлантираман, буни ҳамма кўриб қўйсин”, деб керилаётган кишилар бу хатти-ҳаракати билан бошқаларга ёмон ўрнак бўлаётгани, динимизга зид иш тутаётгани, неъматни исроф қилаётганини билишармикан?!

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман”, деб ваъда қилганидек, шукроналик кайфиятида юрсак, яна ҳам зиёдасига эришамиз. Аммо неъматларга шукр қилмасдан буйруқларни бажармай, қайтариқлардан қайтмасак, оятнинг давомида марҳамат қилинадики: “Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир” (Зарият сураси 56-оят).

 

Маҳалладошларга яхши ўрнак бўлайлик

Бойлиги етарли бўлганда ҳам неъматни исроф қилиш, нафснинг ҳавосига учиб, кўнгли тусаганидан қайтмаслик мусулмон одамга ярашмайдиган ҳол. Негаки, у билан бир маҳаллада яшаётган кишилар маблағи етса-етмаса, шундай дабдаба қилгиси келади, қарз олса-да, тўйни тўкин-сочин, “эсда қоларли”, бошқалар мақтайдиган даражада ўтказишга интилади. Натижа эса кундек равшан: қулоғигача қарзга ботади, ишлагани хорижга кетади, ўзини ўтга-чўққа уриб, охири соғлиғидан айрилади.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Аслида орзу-ҳавасга берилмасдан суннат қандай бўлса, шунга амал қилиб фарзанднинг келажаги учун бирор хайрли ишни қилиш мумкин-ку. Агар эҳсон қилмоқчи бўлсалар, динимиз кўрсатган кишиларга қилиш керак. Ана шунда бу амал ҳақиқий яхшилик, савобли бўлади.

Аллоҳ таоло ўз каломида: “Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар…” дея марҳамат қилган.

Агар бир амал шариатга зид бўлса, уни суннат деб атаб пайғамбаримиздан қолган пок амал номига доғ тушириб қўймайлик.

 

Хайрулла АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Хоразм вилоятидаги вакили

 

mahalladosh.uz

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.