Сатрларга сиғмаган сийрат

0
151
марта кўрилган.

Қаршимдаги ўрта бўй, кичик жусса, кенг пешонали кишини кўриб, очиғи, саросимада қолдим: мен излаган инсон чиндан ҳам шу одамми?! Ишонгим келмайди. Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор, тиббиёт фанлари доктори, профессор Холиджон Комилов билан учрашувга шайланган чоғда буткул бошқача хаёлда эдим. Кўз ўнгимда серсавлат, серсалобат, баланд курсида ястаниб ўтирган, теварагида неча-неча шогирдлар, ходимлар гирдикапалак, боқишлари, сўзлашлари кибрли бир киши жонланган эди. Аммо… рўпарамда оппоқ қалпоғи остидан мулойимгина боқиб турган шифокор тасаввурларимни буткул тўзғитиб юборди.

– Холиджон Маҳамаджонович, мен… – дея расмий, оҳанжама оҳангда ўзимни таништириб, мурод-мақсадимни айтарканман, қоғоз-қаламимни намойишкорона шайлаб қўйдим.

– Илтимос, – деди домла андак чимрилиб, – ака-укалардай гаплашайлик.

– Ҳа, албатта… – деб чайналдим сохта сипогарчилигим у кишига хуш келмаганини англаб.

Шу орада ходималардан бири олдимизга чой, қанд-қурс келтириб қўйди. Домлага аллақандай ҳужжатни узатиб имзо чектириб ҳам олди.

– Укажон, узр, – деб қолди бир маҳал Холиджон ака қимтиниб, – сиз кириб келган пайт бир беморни қараётган эдим. Шу иш чала қолди-да… Агар қарши бўлмасангиз, шу кўрикни охирига етказиб қўйсам… Ҳарҳолда, узоқдан мени атай излаб келган касал, уларни куттириб қўйиш инсофдан эмас, кейин иккимиз бафуржа суҳбатлашамиз.

– Бемалол, домла, бемалол.

– Унгача сиз чойдан ҳўплаб, жамоамиз фаолияти билан танишиб туринг, – деди Холиджон ака ялтироқ жилдли қалин альбомни олдимга қўйиб.

Альбомни шошилмай варақлашга тушдим. Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг офтальмология кафедраси ходимлари, дарс жараёнлари, амалий машғулотлар, ҳашарлар акс этган тасвирларга тўла экан. Мана, домланинг сурати! Муҳтарам Президентимиз қўлидан “Олтин юлдуз” нишонини олаётган пайт. Қувончли, унутилмас лаҳзалар муҳрланган!

Альбом варақлаб орадан анча вақт ўтиб кетганини билмай қолибман. Холиджон акадан ҳануз дарак йўқ. Бетоқатлана бошладим. Бир пайт ўша қанд-қурс келтирган ходима эшикдан яна мўралаб қолди.

– Кечирасиз, камчиликлар йўқми?

– Камчиликлар бор-да, домла қанилар? – дедим.

– У киши ҳали касалларни қараяпти.

– Домланинг бирламчи вазифаси малака ошириш ўқув ишларини ташкил қилиш, дарс ўтиш-ку, – дедим ажабланиб, – беморларга қараш масъулияти йўқ у кишида, шундай эмасми?

Ходима кулимсираб бош чайқади.

– Устозимиз олдида асло бундай дея кўрманг. Шифокор иш пайтида ҳам, дам олиш пайтида ҳам, уйида, тўй-ҳашамда бўлса ҳам шифокорлигича қолади, одамларни даволашга ҳамиша бурчли, деб у киши бизга ҳар куни уқтирадилар.

– Илтимос, мен кутиб қолганимни яна бир марта эслатиб қўйинг.

– Яхши, ҳаракат қиламан.

Ходима бош ирғаган кўйи эшикни ёпди. Бироздан сўнг Холиджон ака шошқин-тошқин кириб келди.

– Узр, меҳмон… ушланиб қолдим.

Мен у кишига синчков кўз ташларканман, профессор беморларга қарашга берилиб кетиб мени бироз унутганини, ҳойнаҳой, ходима кутиб қолганимни айтганидан кейингина ёнимга ошиққанини пайқадим.

Холиджон ака иш столига ўтираркан:

– Энди бемалол сўроққа тутаверинг, – деди кулимсираб.

Мен профессор Холиджон Комилов узоқ йиллардан бери бошқариб келаётган офтальмология кафедраси тарихи ҳақида узундан-узоқ савол беришга чоғландим. Шу пайт стол устидаги шаҳар телефони туйқус жиринглаб қолди. Холиджон Маҳамаджонович менга айбдорона кўз ташлаб, узр сўради-да, гўшакни кўтарди.

Мен ён-атрофимга қизиқиш билан кўз ташладим. Очиғи, бу ер уч нафар фан докторига, ўттиздан зиёд фан номзодига устозлик қилган олимнинг, машҳур шифокорнинг иш кабинетидан кўра аълочи, интизомли ўқувчининг дарсхонасига ўхшайди. Эни уч, бўйи тўрт қулочча келадиган шинамгина ҳужра. Ўртада бир жуфт оддийгина иш столи, стуллар. Стол устида ҳар хил ҳужжатнамо қоғозлар, ёзув-чизув анжомлари саришталаб қўйилган. Девор ёнида мўъжазгина ойнаванд жавон. Жавон ичида турли-туман китоблар, дарсликлар, қўлланмалар кўзга ташланади.

Холиджон Маҳамаджонович ким биландир жиддий бир тарзда сўзлашиб бўлгач, гўшакни ўрнига қўйди. Юз-кўзлари тўла табассум, мамнуният, қувонч!

– Бизни табриклашингиз мумкин, укажон, ўтган ҳафта бир беморнинг кўзларини операция қилгандик, бугун врачлар боғловларини ечибди, натижа биз кутгандан ҳам аъло!

– Табриклайман, домла, – дедим у кишининг ҳайрату ҳаяжонидан ҳайратланиб.

Ажаб! Салкам ярим асрдан бери кўз касалликлари билан машғул, ҳар куни, ҳар ҳафта, ҳар ой неча-неча беморларни кўрикдан ўтказиб, неча-неча жарроҳлик амалиётига қўл урадиган офтальмология илми алломасини яна йўқотиб қўйдим. Айни пайтда қаршимда гўё эндигина клиника эшигидан ҳатлаб ўтган, бирор касалнинг кўзига илк бор малҳам томизган ва бу ишини оламшумул санаб чексиз ҳайрату ҳаяжонга чулғанган навниҳол талаба турарди!

– Ўта мураккаб, ўта нозик операцияни амалга оширган экансиз-да, – дедим ўзимча синчковлик кўрсатиб.

Ҳануз болаларча қувнаб турган Холиджон ака менга саволчан кўз ташлади.

– Нима учун бундай фикрга келдингиз?

– Чексиз ҳаяжону қувончингизни кўриб…

– Биринчидан, бизнинг соҳада мураккаб, нозик бўлмаган операциянинг ўзи йўқ. Қолаверса, мен беморга оддий бир дори ичираётганда ҳам ҳаяжонланаман, қувонаман.

“Бурч, масъулият ҳисси бор одамларгина худди шундай бўлади!” деган ўй ногоҳ хаёлимда ўтди. Худди шу чақин зарбидан ҳалиги содда, ғўр талаба тимсоли тумандай тарқаб, кўз олдимда яна улуғвор, фидокор, ўз касбининг билимдони, минглаб кишиларни кўз касаллигидан халос қилиб, қароғига нур бахш этган, камтар, ўз-ўзига талабчан шифокор Холиджон Комилов бутун инсоний хислатлари билан яна намоён бўлди.

Биз анча пайтгача суҳбатлашиб ўтирдик. Болаликнинг, талабаликнинг беғубор, бепоён дунёсига бориб келдик. Шифокорнинг сермашаққат, аммо шарафли ҳаёт йўлига назар ташладик.

 

***

Холиджон, ҳойнаҳой, отасига тортди. Отаси Маҳамаджон ака машҳур кўз касалликлари шифокори эди. Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида Тошкент давлат медицина институтида таҳсилни бошлаган Холиджон ажойиб кунларнинг бирида падари бузрукворига ўз аҳдини айтди: “Мен ҳам сиздай кўз шифокори бўламан”.

Маҳамаджон ака кулимсираб бош чайқади: “Мендек эмас, ўғлим, мендан ҳам зўр врач бўлинг. Лекин фақат орзу билан иш битмайди-да…”.

Холиджоннинг қарори қатъий эди. Эндигина институтнинг иккинчи босқичида ўқиётган талаба эртаси куни ўзи истаган кафедрага кириб борди: “Кўз касалликлари бўйича тўгаракка қатнашмоқчи эдим, – деди қимтиниб, – дарслардан сўнг бўлимларда иш ўргансам…”.

Мутасадди раҳбар истеҳзоли кулди: “Биринчидан, бу ерда унақа тўгарак йўқ. Иккинчидан, сенинг қанақа соҳада мутахассис бўлишинг тўртинчи курсда маълум бўлади…”

Совуққон муносабат Холиджоннинг ҳафсаласини пир қилди. Мутасадди раҳбарнинг нохолис, нописанд гапларидан “Ўв, кўп ҳовлиқмагин, сандан барибир кўз шифокори чиқмайди”, деган маънони уқди.

Ёш талабанинг руҳи тушиб, кўнгли хижил тортди. Иккинчи жаҳон урушининг не бир талотўпларини кўрган, ҳарбий шифокор сифатида жанггоҳларда қатнашган Маҳамаджон ака ўғлидаги нохуш кайфиятни пайқаб, бир куни уни қаршисига ўтқазди: “Болам, ҳаётда ҳал бўлмайдиган муаммонинг ўзи йўқ. Ҳар қандай баланд чўққини ҳам забт этиш мумкин. Бунинг учун инсонга ақл ва ирода зарур, – дея насиҳат қилди Маҳамаджон ака, – уруш пайти баъзан айрим марраларни тик ҳужумга ўтиб, бир ҳамлада қўлга киритишга уринишлар кўп бўларди, аммо талофатдан бошқа нарсага эришилмаган. Шундай кезлар салоҳиятли саркардалар янги режалар ишлаб чиқишарди. Унга кўра, ўша марра ё қуршовга олинар ёки душман кутмаган тарафдан зарба бериларди. Оқибатда, кўзланган ҳудуд нисбатан енгил, кам талофатлар эвазига қўлга киритилган. Бу билан нима демоқчиман? Айтмоқчиманки, ҳаёт ҳам жанг майдонига ўхшайди. Кўпгина масалалар осон ва жўн кўринса-да, уни тик ҳужумга ўтиб, бир ҳамлада ҳал қилиб бўлмайди. Ақл ва иродани ишга солиш зарур. Муаммонинг қулай ва заиф жойини аниқлаб, ўша ердан ечим топиш мумкин. Энг муҳими, тушкунликка чап бериш, ноумид бўлмаслик керак…”.

Отасининг бу ўгитлари Холиджонга бир умрлик дастуриламал бўлди, ҳисоб. Офтальмология кафедрасидан ўксиб қайтгач, кўп ўтмай, орзусини амалга оширишга бошқа бир йўл топилди. Талаба Холиджон Комиловнинг тиришқоқлигини, тиб илмига чанқоқлигини кузатиб юрган асаб касалликлари кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Наби Мажидов ёш йигитни ўз йўналишига қизиқтириб қўйди.

“Кўз касалликлари ҳам асосан асаб толалари билан боғлиқ. Масаланинг айнан шу жиҳатини ўргансам-чи?!” деган ўй Холиджоннинг хаёлидан ялт этиб ўтди. Бу фикрни устозига, отасига айтди. Улар талабанинг нуқтаи назарини қўллаб-қувватлашди. Натижада Холиджон Комилов бош мия ва кўриш аъзоларини боғлаб турадиган асаб тизими муаммолари масаласида жиддий шуғуллана бошлади. Айнан шу мавзу кейинчалик унинг номзодлик, докторлик илмий ишларига ҳам асос бўлди. Ёш шифокор йўналишни ғоят оқилона, теран тушунча билан танлаган эди! Отасининг ўша ўгитлари бўйича таърифлаганда, забт этилиши зарур бўлган марранинг бошқа тарафига айланиб ўтиб, ҳеч кутилмаган ҳужум билан уни ишғол қилди! Навқирон иқтидор эгаси, Тошкент давлат медицина институтининг олтинчи босқич талабаси Холиджон Комилов нуфузли бир анжуманда ўзи ўрганаётган йўналиш бўйича маъруза қилиб, соҳанинг етук мутахассислари эътиборини қозонди, олқишларга кўмилиб кетди. Ҳатто, бир пайтлар уни эшигидан ноумид қайтарган мутасадди раҳбар ҳам Холиджоннинг заковатига тан берди. Аммо кейинчалик бу иқтидорли талаба офтальмология кафедрасида ишга қолишни сўраб келганида, институт раҳбарияти унинг илтимосини рад этди. Ноилож, олий таълимни аъло баҳолар билан тугаллаган Холиджон Комилов Республика кўз касалликлари шифохонасида врач ординатор сифатида иш бошлади. Шу баробарида Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида тадқиқотчи мақомида ўз илмий изланишларини давом эттирди. Орадан йиллар ўтди. Ниҳоят Холиджон Комилов тиббиёт фанлари номзоди даражасига эришиб, нейроофтальмология соҳасининг республикадаги илк мутахассисларидан бири бўлди. Албатта, биз бу кечмишларни қуруққина, сипогина сатрларда силлиққина, қисқагина баён этиб ўтаяпмиз. Аммо бу илмий-амалий фаолият замирида қанчадан-қанча машаққатлар, неча-неча уйқусиз тунлар, изтиробу ташвишлар ётгани Яратганнинг ўзига, шунингдек, қаҳрамонимизга аён.

– Мен бир умр янгиликка, ҳурфикрлиликка интилиб яшадим, – дейди Холиджон Маҳамаджонович, – бусиз медицина соҳасини ривожлантириш мушкул. Аммо илгари сурилаётган илғор усулларни ҳамма ҳам теран тушуниб, қўллаб-қувватлайвермайди. Эскича қолипларга ўрнашиб олган кўпгина мутахассислар жон-жаҳди билан қаршилик қилишади. Шу йўл билан ўзларининг омонат обрўларини сақлаб қолмоқчи бўлишади. Худди шундай курашларда фақат ақл ва иродага таянганман. Отам насиҳат қилгандай, муаммо-машаққатларни кутилмаган тарафдан ечишга уриндим.

Дарҳақиқат, шундай. Тиббиёт фанлари доктори, профессор Холиджон Комилов қийинчиликларни сабот-матонат билан енгиб, ўз изланишларини давом эттирди, ўз илмий ғояларини назарий-амалий ечимлар билан дадил ҳимоя қилиб, катта доираларда исботлаб берди. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, истиқлол шарофатидан олимнинг меҳнат фаолияти гуркираб ўсди. Бу йилларда барча соҳалар каби тиббиёт йўналишида ҳам олиб борилган туб ислоҳотлар, муҳтарам Президентимизнинг, ҳукуматимизнинг халқ сиҳат-саломатлигига кўрсатаётган эътибори, ғамхўрликлари ўз самарасини берди. Юртимизга дунё тиббиётининг энг илғор, энг замонавий анъаналари кириб келди. Профессор Холиджон Комилов ҳам мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиб, компьютер технологияларини кўз касалликларини аниқлаш, даволаш тизимига кенг жорий қилиб, юксак натижаларга эришди. Хусусан, клиник офтальмология, нейроофтальмология, кўз микрохирургияси каби соҳалар ривожига беқиёс ҳисса қўшди. Бугунги кунда айнан Холиджон аканинг интилишлари, бевосита раҳбарлиги остида республикамизда кўз касалликлари ташхисининг энг илғор, энг замонавий усуллари қўлланилмоқда. Кўз касалликларини тезкор аниқлаш, компьютер периметрияси, компрессиз тонография сингари усулларни қўллаш, кукумазим, фраксипарин, тиклид, иммуномодулин, лагоден, аллоплант каби дориларни даволаш ишларига татбиқ этиш шулар жумласидандир. Бир сўз билан таърифлаганда, тиббиёт фанлари доктори, профессор Холиджон Комилов тиббиётнинг офтальмология соҳасида ўз мактабини яратди! Ҳассос шифокор юқорида санаб ўтилган самарадор усуллар ёрдамида шу кунгача минглаб оғир беморларни кўрикдан ўтказди, даволади, зим-зиё қароқларга нур бахш этиш йўлларини топди.

– Мустақиллик юртимиз тарихида туб бурилиш ясади, – дейди домла кўзларида ифтихор туйғулари порлаб, – Истиқлол аввало халққа эрк ва озодлик берди. Илгари бировларга қарам эдик. Эртаю кеч уларнинг қош-қовоғига қараб ўтирардик. Бу ҳол, айниқса, тиббиёт соҳасига салбий таъсир кўрсатган эди. Мен кўпинча кеча ва бугунни хаёлан қиёслайман. “Ким эдигу ким бўлдик?!” деган саволга ўринли жавоб топаман. Кечагина, яъни яқин ўтмишда ҳатто оддийгина дорилар ҳам камёб эди. Беморлар қониқарли муолажа илинжида собиқ Иттифоқ марказига қараб чопишарди. Бугун манзаралар буткул бошқача! Ўзбекистонда тиббиёт шахдам одимлар билан ривожланмоқда. Бу борадаги силжишлар жаҳондаги энг тараққий этган давлатларникидан қолишмайди. Ҳатто яқин атрофимиздаги мамлакатлардаги кўплаб беморлар шифо истаб бизларга мурожаат этишмоқда. Улар юртимиз тиббиёт тизимига ҳавас билан қарашади.

Албатта, бу ҳали ҳаммаси эмас. Жумладан, шаҳар ва туманларимизда ташкил этилган “Тез ёрдам марказлари”, қишлоқ врачлик пунктлари ҳақида қувончу ғурур билан гапиришимиз мумкин. Чунки бундай муассасалар бошқа мамлакатларда деярли учрамайди. Шу ўринда алоҳида қайд этиш жоизки, соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари шунчаки, ўзимизни, ўз имкониятларимизни кўз-кўз қилиш, кимларгадир мақтаниш учун амалга оширилаётгани йўқ. Барчасининг замирида инсон манфаатларини кўзлаш, фуқаролар саломатлигини ҳимоя қилиш каби эзгу мурод-мақсадлар ётибди. Мамнуният билан эътироф этиш жоизки, бошқа соҳаларда бўлгани каби тиббиёт йўналишида ҳам ҳалол ва фидокорона меҳнат қилиб жамиятимиз равнақига улкан ҳисса қўшаётган шифокорлар, олимлар Юртбошимиз, ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирлаб келинмоқда. Тиббиёт фанлари доктори, профессор Холиджон Комиловнинг Президентимиз фармонига кўра 2006 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланиши, 2012 йилда эса “Ўзбекистон Қаҳрамони” олий унвонига мушарраф бўлиши фикримизнинг якқол далилидир.

***

Суҳбатимиз давомида Холиджон ака тағин бир неча марта соатига ўғринча кўз ташлаб қўйди. Мен ўзимни кўриб-кўрмасликка олдим. Ишқилиб, энди етар, иш-ишимизга қўзғаламиз, деб қолмасин-да, деган хаёлга бораман. Гурунгимиз менга жуда мароқли туюларди. Холиджон Комилов сиртдан оддий, камтар-камсуқум, сокин кўринса-да, у кишининг сийратида, ички дунёсида илму дониш, чин шарқона ахлоқ, инсонпарварлик, ватанпарварлик туйғуси тоғ шаршарасидай жилваланиб турганини теран ҳис этдим. Суҳбат давомида яна бир карра амин бўлдимки, бу инсоннинг шу кичкина жуссасига тоғдек чўнг ишонч, қоядек мустаҳкам, метин ирода, собитлик жо бўлган экан.

– Одам бировларга озгина бўлса-да фойдаси тегишини ҳис этса, бардошига бардош қўшилади, – дейди Холиджон ака ўйчан. Худди шундай неъмат ато этгани учун ҳам Аллоҳга минг-минг шукроналар айтаман. Ҳаётда шундай одамлар учрайди, ишинг тушиб ёнига борсанг, пайсалга солади, мушкулинг бошқа томондан ҳал бўлса, ҳаммасини ўзим қилдим, дея аюҳаннос кўтаради, тағин баъзи бировлар бор – ёлғончи, каззоб, қўлидан келадиган яхшиликни ҳам бошқаларга раво кўрмайди. Худойим ана ўша тоифалардан қилиб қўймагани учун ҳам шукрона айтаман.

Бир пайт эшик қия очилди-ю, тағин тезгина ёпилди. Домла менга хижолатомуз кўз ташлади.

– Узр… мени кутишяпти, малака оширишга келган гуруҳга дарс ўтишим керак. Кейинги сафар сиз билан суҳбатни яна давом эттирамиз.

Биз қўзғалдик. Ичу ташим алланечук ёп-ёруғ эди. Англадимки, тиббиёт фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Холиджон Комилов нафақат кишилар кўзига нур бахш этувчи, балки кўнгилларни ҳам зиёга тўлдирувчи инсон экан.

 

Луқмон БЎРИХОН

 

“Ёшлик”, 2016 йил 4-сон

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.