Озар шеъриятининг уч гавҳари

0
244
марта кўрилган.

Озарбайжон халқи адабиёт тарихига Маҳсатий Ганжавий, Ҳайрон хоним, Фотма хоним Камина, Ошиқ пари, Оғабегим оға, Хуршидбону Нотавон, Зайнаб хоним Ширвоний каби истеъдодли шоираларни берган. Улар орасида Маҳсатий Ганжавий, Ҳайрон хоним ва Нотавонлар алоҳида мавқега эгадир. Бу уч шоира созида инсон гўзаллиги, юрак туғёнлари ва ҳаёт завқлари ажиб оҳангларда янграйди.

XII аср озар шоиралари орасида Маҳсатий (“Моҳ асти” – “Ойсан” дегани) фазлу камол соҳибаси бўлиб, тарихий манбалар унинг илмпарвар хонадонда туғилгани, мукаммал таҳсил кўргани, истеъдодли рубоийнавис бўлиб етишганидан гувоҳлик беради. Отаси махсус мусиқашунос ёллаб, қизига мусиқа ва рақс илмидан ҳам сабоқ олишига шароит яратиб берган. Маҳсатий отадан барвақт айрилади. Ганжа хатибининг ўғли Амир Аҳмадга турмушга чиққунча саргардонлик ташвишларини бошидан кечиради. Унинг муҳаббати элга достон бўлади.

Маҳсатий хоним Хўжанд, Зинжан, Машҳад, Мариф, Балх шаҳарларида бўлди. Умар Хайём, Низомий каби устозлар билан ижодий мулоқотлар қилди. Тадқиқотчилар унинг “Амир Аҳмад” достонидаги Амир Аҳмад тилидан айтилган рубоийлари Умар Хайёмга тегишли деган гапни айтишади.

Ҳайрон хоним Дунбули XVIII асрнинг 80-йиллари ва XIX асрнинг 50-йиллари орасида яшагани маълум. У Озарбайжоннинг хушҳаво Нахчевон шаҳрида Канкарли Дунбули авлодига мансуб хонадонда туғилган, Русия – Эрон тўқнашувлари даврида Эроннинг Урмия кўли яқинидаги қишлоққа кўчирилган. Ҳайрон хоним ёшлигида саройда таҳсил олди, мумтоз шеърият анъаналарини ўрганди. Рўдакий, Саъдий, Ҳофиз, Урфий, Насирий, Навоий, Фузулий, Соиб, Қавсий каби устозлар ижодидан баҳраманд бўлди. Ночор халқнинг ғаму ҳасратига қайғудош бўлди. Ғазалларини озар тилида, форсийда, ширу шакар усулида ҳам ёзган. У Табризда вафот этган.

Нотавон (Хуршидбону) мусиқа ва шеърият гулшани Шушада, зиёли оилада дунёга келди. У Қорабоғ ҳокими Иброҳимхоннинг набираси, Маҳдиқулихон I нинг қизидир (Маҳдиқулихон II шоиранинг ўғли). Бибилари Гавҳар оға, Оғабегим оға (Эрон ҳукмдори Фаталишоҳнинг биринчи аёли) “Оғабажи” тахаллуси билан ғазаллар битган. Қизи Хонбика, ўғли Маҳдиқулихон “Вафо” тахаллуси билан ғазаллар ёзган. Нотавоннинг асл насаб-сулоласидан шоирлар кўп чиққан. У Нотавон, Хонқизи тахаллуслари билан элга машҳур бўлган, “Мажлиси-унс” шоиралар анжуманининг фаол ташкилотчиси бўлиб, уни моддий жиҳатдан таъминлаб турган. Бу анжуманда шоирлар, машшоқлар, навозандалар иштирок этар, Низомий, Навоий, Фузулий ғазаллари хусусида музокаралар ўтказилар, уларга назиралар бағишланарди, мажлис аҳлининг ижоди ҳам муҳокама этилиб, баҳоланарди. У нафақат шоира, балки моҳир наққош ҳам бўлган. Унинг саъй-ҳаракатлари билан Шушага сув келтирилган, ўша булоқ бугун ҳам “Хонқизи булоғи” деб аталади. Унинг ўғли Маҳдиқулихон Мир Аббос вафотига бағишлаб ёзган ҳазин ғазалларига ўнларча назиралар битилган.

Ушбу маълумотлар Навоийшунос олима, филология фанлари доктори, ўзбек адабиётининг муҳиби ва тарғиботчиси Жаннатхоним Нағиеванинг “Ўтли созлар, оташин сўзлар” мақоласидан олинди. Таржималар эса бу азиз инсоннинг менга совға қилган китоблари орқали амалга оширилди. Раҳматли Жаннатхонимдан миннатдорман. Аллоҳ ундан рози бўлсин!

 

Ойдин ҲОЖИЕВА

 

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2013–3

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.