Ўғлим, болангга яхшиликни ўргатавер, ёмонликни ҳаётнинг ўзи ўргатади

0
54
марта кўрилган.

ОЛИМНИ ЙИҒЛАТГАН МАКТУБ

Болакайга мактабдан ўқитувчиси хат бериб юборди. Онаси мактубни овоз чиқариб ўқиб берди:

“Муҳтарама… хоним, сизнинг ўғлингиз даҳо! Бизнинг уни ўқитиш учун билим ва тажрибамиз етарли эмас. Сизга ўғлингизни нуфузлироқ мактабларда ва билимлироқ ўқитувчилар қўлида ўқитишни тавсия қиламиз. Ўғлингиз келажакда, албатта, буюк одам бўлиб етишади”.

Хатни ўқиб бўлгач, она ўғлини қучоқлаганча юм-юм йиғлади.

Орадан йиллар ўтиб, болакай улғайиб, элликни қоралаганда онаси оламдан ўтди. Руҳан эзилган, ҳаётнинг ногаҳоний зарбаси қаршисида довдираган синиқ бир кайфиятда онасидан қолган саноқлигина буюмларга кўз югуртирди. Даъфатан сарғайиб, четлари бироз идраган қоғозга кўзи тушди. Очди. Бу ўша бир пайтлар ўқитувчисининг онасига йўллаган мактуби эди. Ўқиш жараёнида хатнинг охирги сатрлари унинг кўз ёшлари билан намланди. Унда шундай сўзлар ёзилганди:

“Муҳтарама… хоним, сизнинг ўғлингиз ўта нодон, ўзлаштириши ғоят ачинарли. Бу бошқа ўқувчиларнинг билим олишига ўз таъсирини ўтказишидан мактаб маъмурияти хавотирда. Вақт борида бошқа мактаб ва бошқа ўқитувчи топинг, токим унинг ўзлаштириши мактабимиз юзига доғ бўлиб тушмасин. Кафолат бераманки, ўғлингиз келажакда ҳеч нарсага ярамайдиган нўноқ бўлиб етишади”.

Орадан йиллар ўтиб, ўша хатни ўқиб, кўз ёшларига ғарқ бўлган “болакай” машҳур олим Томас Эдисон эди…

Болалигимда “дунё совхоз идорасининг орқасида тугайди” деган ғўр тушунча билан яшардим…

4-синфда ўқиётганимизда туман маориф бўлимидан комиссия келди. “Комиссия бовалар” ташрифидан олдин “билмасвой”лар орқа парталарга, билағонлар олд парталарга жойлаштирилди. Кимга қандай савол берилиши-ю, қандай бийрон жавоб бериш кераклиги обдон ўргатилди. Мен ҳам билағонлар сафида жон-жаҳдим билан, тиришиб-тирмашиб ҳаракат қилдим. Ахир, комиссия бизнинг синфни “зўр” деб кетса, қандай яхши. Ўшанда жиндай улғайган шууримда “дунёнинг ҳамма ишида олдиндан режалаштирилган тартиб бор”, деган мусаффо тушунча шаклланган эди…

Дунё эса совхоз идорасининг орқасида тугамас, ҳамма ишда ҳам тартиб бўлавермас экан…

ЖАЙДАРИ ФАЛСАФА

Мен кейинчалик овозим дўриллаб, мўйлабим сабза урганда қанча дунёларни кашф қилдим ва тартибсизликларга гувоҳ бўлдим. Бироқ ўжар Архимеддай таянч нуқтасини топиб, ер шарини жойидан қўзғатишга ўхшаш уринишларим ҳам абас кетди.

Саксонни қоралаган отам бир гапни доим таъкидлайдилар: “Ўғлим, болангга яхши нарсаларни ўргатавер, ёмонини ҳаётнинг ўзи ўргатиб қўяди”. Соқоли оқарган отамнинг бу “жайдари фалсафа”сига яқин-яқингача кинояомуз қарардим. Инсон – ҳаёт уммонига ирғитилган нўноқ сузувчи. Ё уммонни маҳв этади ёки долғаларга дош беролмай сув тубига ғарқ бўлади. “Файласуф отам” шуни назарда тутдимикан?

Яшайверсанг, ўқийверсанг, кўп нарсани кўрар, билар экансан.

Франтсуз классиги Проспер Мериме атоқли ватандоши Ги де Мопассан ҳақида шундай ёзади:

“Франтсиянинг чекка провинтсияларидан ёшгина қизалоқ, Мопассан асарларини ўқиб, адибни ғойибона севиб қолади. Мопассан билан кўришмоқ истагида ёнган қизалоқ орзу оғушида ишқдан қанот боғлаб Парижга учади. Истак шу даражада кучли эди-ки, у дарёдан олиб ўтиб қўйишни ва Мопассан билан таништиришни ваъда қилган қайиқчига ўз борлиғини тортиқ қилишга ҳам рози бўлади. Ахир, у кимсан Мопассан билан танишади-ку! Келишувга биноан “ишқ лаҳза”ларидан баҳраманд бўлган қайиқчи “асл қиёфа”сини намоён қилади. У умрининг сўнгги лаҳзаларида савдойироқ бўлиб қолган Мопассаннинг ўзи эди”.

Жаноб Мерименинг ушбу асаридан сўнг ҳам Мопассан асарлари ҳамон севиб мутолаа қилинмоқда.

Пиримқул Қодировнинг “Авлодлар довони” асарида ёзилишича, Гоа оромини забт этмоқчи, шу билан бирга, Акбаршоҳ давлатини ичдан емирмоқчи бўлган португаллар Алберт Перейрони Бобурийлар саройига йўллашади. Перейро ўз исмини Алибекка ўзгартириб, ҳатто ислом динини қабул қилади ва шаҳзода Салимнинг энг ишончли одамига айланади. Пировардида португаллар ўз сиёсий мақсадларига етадилар. Ҳиндистон ичидан емирила бошлайди.

Ёлғон оиладан бир ёки бир неча шахс воситасида жаҳон саҳнасига кўчади.

ДИПЛОМАТИЯ ВА ХАНЖАР

Собиқ АҚШ президенти Рузвелт дипломатия ҳақида шундай фикр билдирган эди: “Дипломатия – табассум ила куракка ханжар санчиш санъатидир”. Рузвелт бобонинг бу иқтибоси АҚШнинг ҳанузгача дунёга ҳукмронлик қилиш даъвосида, қатъий позитсиясида акс этиб келмоқда. Таҳлилчи ёки шарҳловчи эмасман, лекин бир нарсани аниқ биламан, айни даврда кўпгина мамлакатларнинг алламбало блоклару ташкилотларга интилиши жаноб Рузвелтнинг чиройлигина ёлғони ҳосиласи ҳамдир.

Мактабда илк география дарсида мени таажжублантирган нарса географик харита бўлганди. Гарчи географлар ер шарини жанубий ва шимолий ярим шарларга бўлиб тасвирлаган бўлсалар-да, мен бу тасвирни йиллар ўтиб, аниқроғи ёшим қирқни қоралаганда, бошқача “кашф” қилдим. “Кашфиётим”да харитадаги икки паллага бўлинган ер шари тасвири остида тарози бор эди… Тарозики дунёни мувозанатда ушлаб турувчи, тарозики паллалардан бирининг думалаб кетмаслиги учун посангиси ортида дунёдаги тугамайдиган тартибсизликлар ҳам ўзига хос вазифа бажарувчи.

ҲИЙЛАЙИ ШАЪРИЙ

Ростгўйликка чорлаб ёзилган китоблар, ҳатто рисолаларни ҳам қўшсак қанчалик улкан “тоғ” пайдо бўлишини тасаввур қилинг. Бу даъватда дину шариатнинг салмоқли ўрни бор. Шу ўринда яна зиддиятга дуч келамиз. Шариатда ораси бузилган одамларни яраштириб қўйиш учун ёлғон ишлатиш мумкин. Эҳтимол, бу қарама-қаршиликмас, изндир? Изндир-ки, адиб ўафур ўулом ёзган “Ҳийлайи шаърий”ларга йўл очиб берувчи.

Демак, ер шари борасида менинг “кашфиёт”имда жон бор. Дунё яралибдики, ҳар бир ҳолатнинг, ҳар бир нафснинг зидди бор. Бир-бирига зид бўлган тушунчалар, назариялар ер шарини икки палласига бўлиниб олиб, тарозини мувозанатда ушлаб турмасмикан?

Хўш, ёлғон фақат ҳалокатга элтадими? Тасаввур қилинг. Янги йил кечаси уйингизга Қорбобо ташриф буюрди. Ўша-ўша қолипдаги жумлалар, ёдаки репликалар ҳамда унинг совға халтаси билан бирга хонадонингизга ўзгача шукуҳ киради. Энди ўйлаб кўринг: Қорбобо шартта кийимларини ечса-ю, қўшнингизми, жиянингизми бўлиб чиқиб, сиз билан ўтириб чой ичса. Ҳа-а! Ҳафсалангиз пир бўлдими? Болаларингиз кўзидаги қувончдан эса асар ҳам қолмайди. Ёлғон ишлатиш керакмас экан, унда одамлар Қорбобони ўйлаб топган. Қорбобо қиёфасида ҳаётдан изланган овунч мужассам, холос. Гўдак ҳам билади Қорбобо ёлғон персонажлигини.

ТАНАЗЗУЛ ВА ТАРАҚҚИЁТ

Отам мени “учирма” қилганда ҳам, ҳаёт аталмиш уммоннинг қирғоқларига келганимда ҳам, дунёга бошқача назар ташлашни билмасдим. Бир неча долғаларга дуч келиб, қирғоқдан анча ичкарилаганимда эса дунёнинг совхоз идорасидан жудаям-жудаям нарида тугашини, минглаб, миллионлаб совхоз идоралари жамланса атиги биргина нуқтадек жой бўлишини англадим. Бетартибликлар эса дунё ичра ўрнатилган тартиблар экан.

Орадан қарийб қирқ йил ўтиб униқиб кетган мактубни топиб йиғлаган буюк физик Эдисонга онаси болалик чоғида ўқитувчисининг хатидаги сўзларни рўйирост ўқиб берганида эҳтимол, дунё буюк олимнинг кашфиётларидан бебаҳра қолармиди. Хўш, Эдисон нега йиғлаганди?

Балким долғаю пўртаналардан омон қолиб, уммон узра ёнган маёққа биргина ёлғон билан етиб келгани сабабдир? Балки ҳаётда муқаррар адолат йўқлигини англаганидандир?

ўоялар ўзгараверади, мафкуралар ўзгараверади, бироқ ҳар икки ҳолда ҳам ёлғоннинг муқаррарлиги аён. Инсоният бор экан, ёлғон бўлади. У нафақат ҳалокатга, баъзида буюк ишларга ҳам қодир.

 

Абдумансур ҒАФФОРОВ,

журналист

 

uzhurriyat. uz

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.