Кийиниш маданиятини ким қандай тушунади?

0
3792
марта кўрилган.

Зап замонлар бўлди-да! Бундан йигирма йиллар аввал “кийимингиз йиртилиб ёки сўкилиб кетибди” дейишса, уялиб ўзимизни панага олардик, шарманда бўлишдан чўчир эдик. Йиллар ўтиб, юз бераётган ўзгаришлар одамларимизнинг кийим борасидаги қарашларини ҳам кескин ўзгартириб юборди. Бугунги ёшлар атайлаб йиртиқ кийимларни кийишни, шу кийимларда никоҳ ва кечки базмларга боришни исташмоқда.

 

Йиртиқ кийимлар талвасаси

Йиртиқ шиму юбкалар, елкаси очиқ кўйлаклар, калта кийимлар шунчалик урфга кирдики, бундан ҳеч ким ажабланмай қўйди. Ҳатто, кексаларнинг ҳам кўзи ўрганиб бўлди, шекилли, аввалгидек танбеҳлар ҳам қулоққа чалинмаётир. Келинларимиз елкаси очиқ (баъзан белгача очиқ), енги йўқ тўй кўйлакларни кийишса ҳам уят ҳиссини туйишмаяпти. Буни кўриб турган ота-она, ҳатто, бўлажак эр ҳам жуфтининг “замонавий”лигидан хурсанд бўлибми ё гап уқтиролмаганиданми, шунга кўниб қўя қоляпти (асли эр кишида шарқона ғурур кучли бўлса, нафақат аёли, опа-синглисини ҳам ўз измига сола олади). Кимдир буни урф деб билса, кимдир замонавийлик дер, кимдир бировларнинг диққат марказида бўлишни истар, хуллас, ҳар кимни ўз истаклари бошқараётир. Аммо буларнинг барчасида “миллийликдан йироқлаштириш”ни мақсад қилган кўринмас куч устун келаётгандай…

Тан олайлик, бундай кийимларни ўз фарзандимиз кийганида ҳам койимасдан “майли, ёш, нима қилибди, кийса кийибди-да” деб оқлашга уринамиз. Баъзан ўзимизни шу кийимлар билан ажралиб туришимизни хоҳлаётгандек бўламиз. Ўта миллатпарвар бўлсангиз ҳам атрофдагиларга қараб, “ҳамма шундай юрибди-ку, эл қаторида” деган фикр хаёлингиздан ўтади. Миллат олдидаги масъулият эса бир зум унутилади.

Хўш, бунга ким айбдор? Бозори чаққон йиртиқ-ямоқ кийимларни пешма-пеш келтириб расталарни тўлдираётган сотувчими, замона зайлига қараб шуларни кийишга ошиқаётган ёшларми ёки ўзи ҳам миллийликни унута бошлаган ота-онами? Сотувчининг мақсад-вазифаси – қандай кийим-кечак бўлмасин, мўмай даромадга эга бўлиш. Уларни ҳам тушунса бўлади. Ахир, сотувчи талабга қараб иш тутиши кундай равшан-ку!

Бу билан сотувчини оқламоқчи эмасмиз. У ўз номи билан сотувчи. Касби сотиш… Бундай аҳвол ҳамма жойда ҳам шундай эмас. Қувонарлиси, ўзимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳозирча эвида. Масалан, дейлик, водий бозорларининг аёллар бўлимига кирсангиз, асосан узун кўйлаклар, турли-туман рўмолу-шарфлар кўзни қувонтиради. Четдан келаётган йиртиқ-ямоқ либослар, калта юбкаларни деярли учратмайсиз. Фарзанднинг юриш-туришидан тортиб, хулқи-одобию кийим-кечагигача ота-она тарбиясини бор бўй-басти билан намоён этиб туриши ҳаётда аллақачон тасдиғини топган ҳақиқат эканини ёдга олиш кифоя. Тўғри, катталарга қулоқ тутмай, ўзбошимчалик билан ёки атрофидаги ўртоқларига қараб, иш кўрадиган ёшлар ҳам бор. Бундай пайтда тарғибот катта рол ўйнайди. Тарғибот воситалари кенг тарқалган бугунги кунда улардан ўринли фойдаланиш ҳам яхши самара бериши кўп бор синалган усул. Шу маънода, телевидение энг кучли тарғибот воситаси бўлиб қолаётир. Аммо афсуски, бу фақат ижобий натижа бераётгани йўқ. Айрим хусусий каналлар билиб-билмай, ўз дастурлари – кўрсатувлар, филмлар, сериаллар, рекламалар орқали миллийликдан йироқ, анъаналаримиз ва қадриятларимизга зид ахборотларни тарғиб этмоқда. Биргина мисол, телеканалларимизни “безаб турган” кўпгина сериалларнинг мазмун-моҳияти менталитетимизга ёт, қарашларимизга зид. Актёрларнинг кийинишию ўзини тутиши ғашга тегадиган бир аҳволда – йиртиқ, танага ўта ёпишган, очиқ. Инсон визуал ахборотни эшитилган ахборотдан кўра тезроқ қабул қилиши аллақачон исботини топган. Юз марта эшитгандан бир марта кўрган яхши, деб шунга айтадилар. Ўсиб келаётган ёшлар ана шу қаҳрамонларни ўзи учун идеал шахс сифатида қабул қилмаслигига ким кафолат бера олади?

 

Акс эътироф

Зукко ўқувчи хориж сериалларию актёрларини танқид қилишдан аввал, ўзимизнинг шоу-бизнес олами вакилларига ҳам бир назар ташланг деяётган бўлса, ажаб эмас. Дарвоқе, бу масалада баъзи юлдузларимиз алоҳида “эътироф”га сазовор. Негаки, клипларда суратга тушаётган айрим санъатимиз вакиллари (санъаткор сўзининг юки оғир) очиқ-сочиқ, калта-култа кийинишда бошқаларга яхшигина ўрнак бўлаётганини ҳам яширишга ҳожат йўқ. Сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун бир-иккита мисол келтира қолайлик. Шу кунларда каналларимизда қайта-қайта намойиш этилаётган Райҳон Ғаниеванинг “Ҳамма жам”, Нилуфар Усмонованинг “Кел иккимиз” қўшиқларига олинган клипларда кийиб тушган либосларини кўргандирсиз. Минглаб-миллионлаб томошабин қаршисида пайдо бўладиган юлдузларимиз, аввало, ўзларини, сўнг бошқаларни ҳурмат қилиши лозим эмасми?! Улар бундай “маданият” ортидаги таҳдидни тушунишмасмикин? Назаримизда, улар ё миллат олдидаги ўз масъулиятини билмайди ёки бу миллатдан ўзини айри ҳолда кўради.

 

Ўз бозоримизни қачон ўзимиз эгаллаймиз?

Кийиниш маданияти ҳақида сўз очар эканмиз, ҳали бу борада қилинажак ишлар кўплигига амин бўламиз. Хўш, кўпгина ёшларнинг диққатини, ақлини ўғирлаган ажнабий кийимлардан воз кеча оламизми? Афсуски, ушбу кийимларни йўқ ҳам, инкор ҳам қила олмаймиз. Аммо бугунги ўзбек миллий модасини тарғиб қилишимиз мумкин. Аслида, дунёнинг етакчи дизайнерлари ўзбекларнинг атласидан қўшиб-чатиб, ўз номи билан либослар тақдим этаётганини, бизнинг оддий эски ковушларимизга сал ўзгартириш киритиб, мода оламининг энг юқори чўққисини забт этаётганини ҳамма ҳам билмаса керак. Энг сифатли ипак толалари, пахта толаси ўзимизда етиштирилса-да, ҳалиям сифатли кийим маҳсулотларини бошқа давлатлардан олиб келяпмиз. Узоққа бормайлик, айни пайтда биргина Қирғизистонда ишлаб чиқарилган кийим-кечаклар дизайни ва сифати билан эътиборимизни тортмоқда. Ҳозирги кунда Туркия ва Бишкек енгил саноат маҳсулотлари ўзбек бозорларида етакчи ўринни эгаллаб келаётганини ҳам ҳаммамиз кўриб турибмиз. Наҳотки, ўзбек мутахассислари ҳеч бўлмаса ўзимизнинг бозорларни ҳам забт эта олмаса?!

Ўзбек дизайнерлари сифатли ва бежирим кийимларни таклиф этмас экан, фарзандларимиз “йиртиқ” кийимларга ошно бўлиб қолаверади. Ёшлар онгли равишда буни ўзлари инкор этмас экан, барча саъй-ҳаракатларимиз бесамар бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Кийиниш маданиятини йўлга қўйиш ва самарага эришиш учун эса, биринчи навбатда, ўзбек модаси ривожланиши ва тараққий этиши керак. Тўғри, жаҳон подиумларида ўз дизайнерлик ишини намоён этиб келаётган мутахассисларимиз бор ва бундан мамнунмиз. Аммо бу ҳали бозорни эгаллаш ва ўзбек истеъмолчисининг талабини қондириш даражасида эмас. Шундай бўлиши керакки, одамларимиз Туркия маҳсулотига қизиқиш билдиргани каби ўзимизнинг дизайнерлар ишига ҳам эҳтиёж сезишсин. Ўзбек модаси илгарилаб борсагина, бошқа мамлакатлар ўз “ғайриоддий” урфи билан бизни ишғол этолмайди. Соҳанинг энг яхши мутахассислари ўз ишлари билан тез-тез кўриниб турсалар, мақсадга мувофиқ бўларди. Бу масалада юқорида таъкидлаганимиздек, телеканалларимизнинг хизмати катта бўлиши лозим (айни пайтда “Менинг юртим” телеканали орқали дизайнер Шаҳзода Муҳаммедова махсус кўрсатув олиб бораётганини ҳам қайд этиш зарур. Аммо кўрсатувнинг номидан бошлаб, махсус меҳмон учун тикиладиган кийимларнинг миллийликка алоқаси йўқ). Бундан ташқари, ўзбек модаси кунлари мунтазам ташкил қилиниб, телевидение орқали намойиш этилиб бориши, реклама ва бошқа дастурларда либосларга алоҳида эътибор берилиши ҳам ёшларимизни оз бўлса-да, маданиятсизликдан асраб қолади, деб ўйлаймиз.

 

Ҳулкар АБДУЛЛАЕВА,

Республика Маънавият ва маърифат маркази бош мутахассиси,

Холида ФАЙЗИЕВА,

“Ҳуррият” мухбири

 

“Ҳуррият”дан олинди.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.