Икки томчи асал тоти

0
266
марта кўрилган.

ёхуд буюк уммонда оқаётган сомон парчаси

 

Ҳаёт – шошқин бир УММОН кабидир. У бир қа­расангиз, тўлиб-тошиб, пишқириб, ҳовлиқиб, бир қара­сангиз, сокин, маҳзунгина оқади. Бу баҳри уммон бағрини қанча чақмоғу тўфонлар, довулу қуюнлар титмаган, қанча гирдобу бўронлар тилка этмаган… Ҳа, буюк уммоннинг дарди ҳам, қувончи ҳам БУЮКдир. Инсон эса унинг юзасида қалқиб юрган СОМОН ПАРЧАсига ўхшайди. Денгиз тўлқинлари қаёққа етак­ласа, оқим қайси томонга бошласа, ўша ёққа қараб кетаверади. Сув юзасида қалқиб кетаётган сомон парчасининг тақдири, албатта, аянчлидир. Чексиз қудрат олдида унинг ожизлиги унга ўзини тақдир ҳукмига топширишдан бошқа имконни беролмайди. Аммо тўлқинлар қаърида оқаётиб ҳам қалбини тирикликка, ҳаётга бўлган ишонч, МУҲАББАТ тарк этмайдиганлар бор…

Лев Толстойнинг «Иқрорнома»сида бир ҳи­коят кел­тирилган. Унда даҳшатли йиртқич таъқибидан қочиб келаётган сайёҳ кўҳна қудуқдан паноҳ топади. У қудуқ ичидаги бир ўсимлик илдизига осилиб турар экан, қудуқ тубида оғзини очиб турган улкан аждаҳога кўзи тушиб, даҳшатда қолади. Қараса, осилиб турган илдизини ҳам сичқонлар кемираяпти… Энди сайёҳнинг тирик қолишига ҳеч қандай нажот йўқ. Бироқ шунга қарамай, у ўзи осилиб турган ўсимлик япроғида ялтираган икки томчи асални ялаяпти… Ҳа, бу АСАЛ – ҳаёт, тириклик рамзи. Асални еган сайин егиси келаверганидай, ҳаётда яшаган сайин яшагиси келади кишининг. Сайёҳ АЖАЛ қаршисида турган бўлса ҳам, ҲАЁТга талпинади. Гарчи ҳаёт шаъми сўнаётган, умри тобора охирлаб бораётган бўлса-да, тепасидаю остида, ҳатто қаршисида гизлаб турган ЎЛИМ билан курашгиси келади. Олдидаги ҳаётнинг шунчалик даҳшатли эканлигига қарамай, тириклик аталмиш бебаҳо неъмат уни оҳанрабодек ўзига тортаверади.

Айтишларича, инсон дунёдан кўз юмаётган ма­ҳали яна “Бир лаҳза яшасам…” деркан, дунёдан тўй­маскан… Сайёҳнинг ҳолати ҳам худди шундай.

Кўпчилигимиз умримизнинг асосий қисмини чумоли сингари майда ташвишларга ўралашиб, ҳаётнинг буюк тотини сезмай яшаймиз. Дунёнинг мағзи-мо­ҳия­тини, нега туғилганимиз-у, нега яшаётганимизни анг­ламаймиз. Умр эса шошқин дарё сингари тўлиқиб, шошиб оқаверади.

Шарқнинг буюкларидан бири Саъдий Шерозийдан «Ҳаёт, умр нима?» деб сўраганларида, у шундай жавоб берган экан:

Дунёга келдим-у, бордим бозорга,

Кафанлик олдим-у, қайтдим мозорга.

Ҳа, ҳар бир инсон бу бозор дунёга келаркан, вақти соати етганда бир парчагина матодан ўзгасини ўзи билан олиб кетолмайди. Бу дунёдан топганимиз, олиб кетадиганимиз ана шу бир парчагина матодир.

Сувда оқиб кетаётган сомон парчаси, эҳтимол, онгу шуурсиз, тафаккурсиз, дунёқарашсиз бир МОДДИЯТдир. Бироқ унинг ҳам ҳаётда ўзига яраша вазифаси, мақсади бор. У дастлаб дон бўлиб, ерга экилган, донни инкор этиб – майса, майсани инкор этиб – бошоқ, бошоқни инкор этиб, охири сомон бўлган… Демак, унинг маънавий-руҳий асосида эзгулик бор: у ҳам инсонларга нон, ҳайвонларга емиш ва ҳоказо вазифаларни бажарган. Афсуски, биз онгли мавжудотлар – ақл-тафаккур соҳиблари бўлатуриб, орамизда мақсад-муддаосиз яшовчилар, келиб-кетганини ҳеч ким сезмайдиганлар қанча. Яна шундай тоифа ҳам борки, улар ҳаётда ўз маслаги, эътиқоди, қадри учун ҳар қандай дарғаларни ҳам кечиб ўтишга тайёр. Аммо юқоридаги тоифа кишилари доим уларнинг устидан мағзава ағдаришга, қора тикан каби йўлларида тўсиқ бўлишга ҳаракат қилганлар. Ундайлар ўз манфаатлари йўлида қанча-қанча қонли урушлар, кулфатларни келтириб чиқаришмаган… Бунга тарихда минглаб мисоллар топилади. Айниқса, буюк адиблар, алломалар, саркардалару халқ назаридаги ҳукмдорларнинг долғали ўтмишига назар солсак, улар айнан мақсадсизлар, маслаксизлар, такаббурлару мунофиқлар дастидан азоб чекишган. Азалу абад қонуни бўлган ЭЗГУЛИК ва ЁВУЗЛИК ўртасидаги кураш кўпинча ғирром ғалаба билан тугаган. Бундан, ёвузлик ҳамиша эзгулик устидан ғолиб, деган хулоса чиқармоқчи эмасмиз. Ёвузлик ғалабаси инсоният бошига ҳамиша кулфатлар келтирган. Эзгулик эса, борлиққа умидбахш куч бағишлаб, инсониятни гўзаллик, маънавий-руҳий камолот сари етаклаган. Эзгуликни шиор қилиб олган ШАХСлар номи асрлар оша башарият ёдида сақланиб келмоқда. Шундай экан, биз – МУТЛАҚ ҲАҚИҚАТ изми остида юрган ТАФАККУР СОҲИБлари ҳаётимиз боғини эзгулик гуллари-ла безайлик, токи бу гуллар ифори бутун борлиққа таралиб, ОЛАМни эзгулик ҳиди тутиб кетсин.

 

Зарина РАҲМОНОВА,

ЎзМУ тадқиқотчиси

 

“Ёшлик”, 2011 йил, 10-сон

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.