Ижод лаҳзалари саодати

0
153
марта кўрилган.

Ишдан келган Очил бобо болалари қуршовида кечки овқатга ўтирди. Одатга кўра тўнғичидан кундалик юмушлар, ука ва сингилларининг юриш-туриши ҳақида сўроқлади.

Жавобдан кўнгли тўлди, шекилли, чап тирсагига ёстиқни тираб каттасига яна сўз қотди:

– Ашурали ўғлим, ниятингдан қайтмадингми?

Отанинг қатъий саволига тўнғич ўғил дадил жавоб қайтарди:

– Йўқ, ота. Мен, албатта, журналист ва ёзувчи бўламан. Дуо қилинг, ота, ниятимга етай.

Беш ўғил ва беш қизни оқ ювиб, оқ тараётган Очил бобо ўғлини чин дилдан дуо қилди. Ёз оқшоми осмонида порлаб турган юлдузлар ҳам ўн етти ёшли ўспирин ниятига хайрихоҳдек ҳар кунгидан чароғон милтилларди.

Йиллар ота дуосини ўз кафтида улғайтирди. Шу қаторида пойтахтга илм ва ижод истаб келган ёш қаламкаш орзуларига қанот берди. У ўқиди, изланди. Тинимсиз қалам тебратди. Натижада ижод унинг умр мазмунига айланди. Бугунгача кечган қизғин фаолияти мобайнида қаламни чин дўст билди, унга ҳаётини бағишлади.

Ёзувчи ва публицист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ашурали Жўраев ўнлаб шогирдлари қуршовида умрининг ана шу лавҳаларини ёруғ хотиралар билан ёдга олади. Биз, ёш ижодкорларга соҳанинг сир-асрорларини ўргата туриб, “Ижодкорни фақат қалами танитади”, дея такрорлашни канда қилмайди. Бу борадаги ўз тажрибалари билан ўртоқлашади.

Ашурали Жўраев билан “Гулхан” журнали таҳририятида бирга ишлаган йилларимни ҳозир катта соғинч билан эслайман. Ҳеч иккиланмай айтишим мумкинки, шу йиллар ҳаётимга ўзгача мазмун бахш этди. Бугун юрак ютиб ростини айтадиган бўлсам, устознинг қаттиққўллиги ва ўз ўрнида ғамхўрлигидан дунёни ва ижод сирларини тушуниб бордим. Дилкаш суҳбатларидан завқландим, шу билан бирга ўзим учун ҳаётий хулосалар ясадим.

Талабчан муҳаррир 2007–2013 йилларда республика болалар нашри – “Гулхан” журналига раҳбарлик қилди. Шу вақт давомида ҳақиқий болажон ижодкор ҳамда катта ташкилотчи, меҳрибон инсон эканлиги билан биз ёшларга ўрнак бўлди. Айниқса, жамоадаги барча ёш ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватларди. Уларнинг барча муаммосига оқилона ечим топарди. Ана шундай дамларда устознинг мулоҳазакорлиги, юзага келган ҳар бир муаммога босиқлик билан одилона ёндашиши, самимияти ва эзгу насиҳатлари касбимга, ҳаётга бўлган иштиёқимни ошириб борарди.

Устоз – болажон инсон. Таҳририятга ўзининг бирор ижодий машқини кўтариб келган жажжи қаламкаш борки, кўнгли тоғдек кўтарилиб кетарди. Аввалига шундоқ рўпарасида турган бош муҳаррирнинг салобатидан ҳайиқса-да, қисқа муддатда ширинсухан устознинг ҳақиқий дўстига айланарди. Устоз болага бола тилида гапирар, маслаҳат берарди. Ҳеч бир ўқувчининг машқларига тезда муносабат билдиришга ошиқмасди. Уларга катта ижодкорлардек муомала қилиб кузатиб қўйишлари ҳайрат ва ҳавасимни орттирарди. Бош муҳаррир хонасига кирган болакай борки устознинг меҳри – ширинликлардан бебаҳра қолмасди.

Устоз Ашурали Жўраев ҳозирда “Ўзбекистон” НМИУ директорининг нашриёт ишлари бўйича биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритаётган бўлса-да мудом болалар нашрлари билан бирга. Энди нафақат “Гулхан”, балки бошқа болалар нашрлари – “Ғунча” журнали, “Тонг юлдузи” ва “Класс!” газеталарининг ҳам чинакам маслаҳатгўйи, фикрдоши.

Бирор кишига меҳр қўйдингми, унинг туғилиб вояга етган уйи мудом сен учун қизиқ, сирли. Ўтган йили ижодий сафар билан устознинг киндик қони тўкилган, Навоий вилояти, Кармана туманида жойлашган Жалойир қишлоғига борганимда, аввало, у киши улғайган ҳовлини зиёрат қилдим. Катта ижодкорнинг ўйинқароқ болалиги ўтган йўлларни, боғларни кездим. Қайга бормай, гўё Очил бобонинг ўн қоракўзи атрофимда чопқиллаб юргандек бўлади. Ҳовлидаги дарахтлар, ўт ва майсалар устоз ҳақида яна нималардир ҳикоя қилиб бермоқчидек шамолга монанд тебраниб қўяди. Кўчага юзланиб, Жалойирнинг дилкаш ва содда одамлари билан суҳбат қураман. Каттагина ҳудудни эгаллаган қишлоқнинг қай бир кишиси билан гаплашманг, танангиз ҳузур топади. Ҳамроҳимиз – туман халқ таълими бўлими ходими Шаҳодат опа Ҳамидова Ашурали Жўраевни нафақат қишлоқнинг, балки туман, вилоятнинг фахрига менгзайди. “Юринг, сизни устоз таҳсил олган қишлоқдаги 14-мактабга олиб бораман. Сўзимнинг тасдиғини ўша ерда кўрасиз”, дея йўл бошлайди. Мустақиллик шарофати билан замонавий тусга кирган бу таълим муассасидаги иқтидорли ёшлар билан учраша туриб, Шаҳодат опанинг эътирофи самимийлигига амин бўламиз. Устозни ўз мактабининг чинакам ифтихори деб биладиган ўқувчилар у кишидан халқига, юртига меҳнати сингадиган инсон бўлиб етишиш учун сидқидилдан ўқимоқда, изланмоқда. Мактаб директори Нарзулла ака Раҳмонов бу ердаги устоз йўлга қўйган ажойиб анъана ҳақида шундай дейди:

– Ашурали ака ўзи ўқиган китобни жуда яхши кўради. Шу сабабли қайга борса, аввало, китоб билан ҳамқадам юради. Бир неча йиллар олдин мактабимизга келганида ўқувчиларимизнинг китобга бўлган меҳри ва иштиёқини кўриб, севиниб кетди. Ва уларга ўз шахсий кутубхонасидан совғалар улашди. Шу-шу одат бўлиб қолган: Ашурали ака қачон мактабимизга келса қўнжи тўла китоб. Жажжи китобсеварларнинг қувончини кўриб, ўзи ҳам ёш боладек севиниб кетади.

Устоз узоқ йиллик ижодий фаолияти давомида кўплаб бадиий, публицистик асарлар яратди ва яратмоқда. Айниқса, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида меҳнат қилган 1983–1996 йиллар давомида ҳақли равишда халқимиз меҳрини қозонди. Ўзининг долзарб муаммоларга бағишланган ўнлаб мақолалари билан минглаб муштарийлар ҳурматига сазовор бўлди. Ўз касбига фидойи А. Жўраев республиканинг барча ҳудудларида бўлиб, бир нечта журналистик суриштирувлари олиб борди. Турли хатарларга тик бориб, муаммонинг туб илдизларини аниқлашда жонбозлик кўрсатди. Биргина “Ҳамқишлоқларимга мактублар” номли сонма-сон эълон қилиб борилган чиқишлари натижасида халқимиз дунёқараши бойишига ва маданияти ўсишига туртки берди. “Ҳамқишлоқларимга мактублар”нинг кейинги сонларини кутиб яшайдиган одамлар кейинчалик ўз ҳаётидаги муаммолар ҳақида таҳририятга тинимсиз хат йўллай бошлади. Мазкур ташаббус натижасида халқимиз ҳаётидаги кўплаб муаммоларга ижобий ечим топилди.

А. Жўраев 1997–2007 йиллар мобайнида “Муштум” журнали ва “Афанди” газеталарига раҳбарлик қилиш асносида касбий эътиқодига содиқ қолди. Жамиятдаги муаммоларга энди сатирик усулда ёндаша бошлади. Устози Ўзбекистон халқ ёзувчиси, машҳур ҳажвчи Неъмат Аминов ижодий йўлини янада бойитди. Бу соҳада кўплаб ижодкорлар етиштирди. “Гулхан” журналининг “Муҳаррир суҳбати” рукни остида ҳам кўплаб долзарб мавзуларни кўтариб чиқди. “Шогирд бўлиш осонми?”, “Аҳвол қандай обуначи?”, “Мусиқа ва тарбия”, “Нима ўқияпсан, болакай?” каби ёшлар маънавияти ва таълим-тарбияси, мамлакатимиз мактаблари ҳаётига доир бир қанча мақолалари юртимиз ўқувчилари орасида баҳс-мунозаралар уйғотди. Юзага келган тўсиқларни бартараф этди.

Устоз А. Жўраев “Йўл бошида” (тўплам, 1985), “Тошбақалар пойгаси” (1986), “Юрак бўронлари” (1989), “Ўқ узган ким?” (1994), “Сенга кўнгил берсам” (1999), “Дил гавҳари” (2001), “Танимадинг-а?” (2005), “Саҳифага сиғмаган сатрлар” (2008), “Майсалар уйғонган тонг” (2010), “Онажон” (тўплам, 2013), “Конверт одам” (2015) каби бадиий ва публицистик асарлари орқали бугун минглаб, миллионлаб мухлисларига эга. Бир ўғил ва уч қизни вояга етказиб элга қўшган устоз ҳозирги вақтда ўн нафар ширин-шакар набиранинг севимли бобожониси. Анвар, Акбар ва Ферузахонлар бобосидан ҳар кеч бирор сабоқ олмаса уйқуга кўз юммайди.

Ўз касбининг чинакам фидойиси, сўз ва ҳажв устаси, биз каби шогирдларининг жонкуяр маслаҳатгўйи, меҳрибон устозимиз Ашурали Жўраев бугун умрининг олтмишинчи довонини қарши олмоқда.

Устоз! Шундай муборак кунда Сизни барча шогирдларингиз номидан самимий табриклаймиз. Илоҳим, мана шу шаҳдингизга, меҳнатсеварлигингиз ва ижодингизга кўз тегмасин. Умрингиз узоқ бўлсин, меҳрибон Устозим!

 

Фарҳод Эшмўминов

“Соғлом авлод” газетасининг 2016 йил 4 август сонида чоп этилган.

Манба: soglom.uz

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.