Дон Кихот тимсоли

0
2510
марта кўрилган.

Атоқли испан адиби Мигель де Сервантес (1547–1616)нинг қаҳрамони Дон Кихот ёзувчининг ўзидан ҳам машҳур, десак муболаға бўлмайди. Ўз даврининг машҳур рицарлик романларига пародия тарзида ёзилган “Дон Кихотнинг саргузаштлари” асарида реаллик улуғланади. Бу боқий китоб яратилганидан сўнг рицарлик романларининг умри тугаб, реалистик насрга кенг йўл очилди. “Донкихотлик” атамаси деярли барча тилларда “соддадиллик”, “хаёлпарастлик”, “хомхаёллик” сўзлари билан ёнма-ён қўлланила бошлади. Асли, испан тилида ҳам “Don Quijote” сўзи “беҳуда орзуларга берилувчи, беғубор идеалист” маъносини англатадики, муаллиф асар қаҳрамони – Кехана исмли идалго(зодагон)га бу номни танлагани бежиз эмас.

Дон Кихот сермуболаға рицарлик романлари мутолаасига муккасидан кетиб, ахийри ўзи ҳам саргузаштлар иштиёқига тушиб қолади. У дунёни, ўз даври ва ҳаётини тубдан ўзгартиришни истайди. Бу йўлдаги уринишлари эса чаппасига айланиб, китобхонда беихтиёр кулги уйғотади. “Савобли” саъй-ҳаракатлари охир-оқибатда ёмонликка хизмат қилади. Шу маънода Дон Кихот эзгуликнинг омадсиз курашчисидир.

Дон Кихот ва Санчо Пансо комик жуфтлиги ўртасидаги тафовут воқеалар ривожи давомида яққол кўринади. Олижаноб хаёлпараст рицар ва содда муғомбир қуролбардори ўзаро қарама-қарши икки дунёқарашни ифодалайди. Адабиётшунос олим Узоқ Жўрақулов бу ҳақда:”… инсоннинг идеал дунёси ва реал дунё учрашган нуқтада фожиа – Ҳазрати Инсон фожиаси майдонга келади”, деб ёзади. Шу жиҳатдан Дон Кихот ҳаёт ва хаёлнинг кўринмас чегараларида адашган инсон қиёфасини намоён қилади.

Ҳар даврнинг ўз донкихотлари бор. Эҳтимол, шунинг учун ҳам бу образ бутун ер юзида ўлмас тимсолга айлангандир.

 

Дилрабо МИНГБОЕВА

 

“Ёшлик”, 2016 йил 2-сон

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.