Бу кунларнинг қадри кўп улуғ

0
185
марта кўрилган.

Чет элда яшаётган бир миллатдошимиз она қишлоғига меҳмон бўлиб келади. Қўлини пешонасига соябон қилиб, булутларга бўйлашган қорли чўққиларга тўймай термулади. Қариндош-уруғларнинг суҳбатини дам кулиб, дам йиғлаб эшитади. Энг қизиқ воқеа эртаси эрталаб юз беради. Таомилга кўра, мезбоннинг “Яхши дам олдингизми?” деган саволига меҳмон кутилмаган ва одамни ҳаяжонга соладиган жавоб беради:

– Ўттиз йилдан бери бундай хотиржам, мириқиб ухламаган эдим! Сизлар нақадар бахтлисизлар-а!..

Нега, ахир? Шунақаси ҳам бўладими? Инсон боласи ўттиз йил бадалида бир тун ҳам одамдай бўлиб ройиш ҳордиқ чиқаролмаслиги, дунё ташвишларини орқага ташлаб, осуда ухлай олмаслиги мумкинми? Унда яшашнинг, тирикликнинг мазмун-моҳияти йўқолади-ку!

Тафсилот кейин аён бўлади. Меҳмон яшаётган мамлакат узоқ йиллардан буён уруш гирдобида ёнар, ота уч ўғли билан навбатма-навбат том устида пойлоқчилик қилиб чиқаркан. Хонадон аҳли қачондир биз томонларга ҳам хатар етиб келади, деган ҳадик билан ҳар лаҳзада кўчиб кетишга шай яшаркан.

Бу ҳолатни тинч-осуда яшаётган халққа ҳеч ким меҳмончалик теран тушунтириб беролмаслиги аниқ. Чунки у аллақачон маънан йўқликка юз тутган умридан эмас, ортида қоладиган фарзандларининг тақдиридан, келажагидан безовта эди.

– Сизларнинг эртанги кундан кўнглингиз тўқ. Болаларингиз ўқиб, билим олаяпти. Фан-техника ютуқларини ўзлаштириб, дунёга чиқаяпти. Уларнинг интилишини давлатнинг ўзи қўллаб-қувватлаяпти. Менинг зурриёдларимнинг эртаси учун ким қайғуради?!

Меҳмоннинг андуҳли суҳбатини эшитган борки, ҳали-ҳануз шу воқеани таъсирланиб айтиб беради ва гап охирида “Тинчлигимизга кўз тегмасин!” деб илова қилади.

Тинчлик, осойишталик – энг улуғ, энг азиз, дунёнинг бор сарвату зеварига алишиб бўлмас неъмат эканини бугун барча юртдошларимиз жуда яхши билади. Халқимиз яқин ва узоқ минтақаларда содир бўлаётган қуролли тўқнашувлар, этник ва диний низоларни кузатиб, юртимизда изчил олиб борилаётган миллатлараро бағрикенглик ва тотувлик сиёсатининг туб моҳиятини тушуниб етгани фикримизни тасдиқлайди. Президентимиз Ислом Каримов шу йилнинг    9 май куни Хотира майдонида оммавий ахборот воситалари вакилларига берган интервьюсида таъкидлаганидек, инсоният тарихидаги энг мудҳиш ва бешафқат, беҳисоб йўқотишларга олиб келган урушни бошидан кечирган халқимиз доимо битта фикр билан яшайди: бундай ёвуз офат ҳеч қачон қайтмасин, остонамизга яқин келмасин. Бизга тинчлик керак, омонлик керак. Одамларимиз ҳар қандай давраларда, тўй-маъракаларда Яратгандан аввало шуни сўрайди.

Қалб кўзи очиқ, шуури бутун одам борки, Ўзбекистоннинг, ўзбек халқининг бу кунларга оёқ узатиб, бамайлихотир етмаганини яхши идрок этади. Зеро, йигирма беш йил ичида ўтган ҳар бир кунимиз йилларга татигулик ишларга бой бўлди. Мустақилликкача ўтган кунлар халқимиз тарихидаги энг аламнок саҳифалар эканини катта авлод вакилларидан эшитганларим асосида биламан. Айниқса, амакимнинг ҳикоялари менга чинакам “ўтмишдан эртаклар” бўлиб туюлади.

– Арафа куни чоллар бирор кайвониникида йиғилиб, ҳайит намозини қаерда ўқишни муҳокама қиларди, – гурунгини бошлайди амаким. – Бир-икки соатлик машваратдан кейин бир тўхтамга келиниб, ҳамма уй-уйига тарқаларди. Оқсоқоллар бола-бақраси олдига бориши билан товушини баралла қилиб кампирига хитоб қиларди: “Кампир, эрта азонлаб пайшанба бозорга жўнайман. Келин-невараларингга бирор нарса керак бўлса, тайинлаб қолсин!” Бошқа хонадондан яна бир мўйсафиднинг овози янграб қоларди: “Қўшни қишлоқлик Эрдонабой тўй қилди, лойгарчиликда боролмадим. Мусурмон чопағон ҳам невараларини суннат қилдирди, унинг олдидаям одам уятли бўлди. Эртага шуларникига бориб, “Тўй қуллуқ бўлсин!” қилиб келаман. Хуржунга ул-бул солиб қўйинглар”. Шу йўл билан чоллар ўзларини эҳтимолий хатардан ҳимоялаб, уйқуга ётишар, эртасига азонлаб кимдир отда, кимдир эшакда йўлга чиқарди. Турли сўқмоқлар билан айланиб келган оқсоқолларнинг йўли ҳеч кимнинг хаёлига келмаган, кўздан пана овлоқ жойда туташар, ими-жимида ибодат адо этилиб, ҳамма айтган манзилига жўнарди. Иймон-эътиқодни асраш шу қадар мушкул, ҳадисларда айтилганидек, чўғни кафтда тутиб турган билан баробар даврлар эди. Рўза кунлари ўроққа чиққан қишлоқ аёлларини бригадир, раислар “Рўзангни оч!” деб қамчилаганини энамдан кўп эшитган, ўзим ҳам кўрганман. Кейин билсам, бундай воқеалар фақат бизнинг қишлоқда эмас, бошқа жойларда ҳам бўлган экан.

Юртимизда 17 йилдан буён 9 майнинг Хотира ва қадрлаш куни деб нишонланиши замирида боболаримиз бошдан ўтказган машаққатли даврларни ёдга олиш, бугунги тинч-тотув, осуда, фаровон ҳаётимизнинг қадрига етиш каби маъно-мазмун ҳам мужассамдек туюлади, назаримда.

Хотира ва қадр тушунчаси ҳақида сўз кетганда бири эскича хат-саводи, озгина илми туфайли умрбўйи таъқибда яшаган, иккинчиси фашизмга қарши курашиб, қонли жанггоҳларда бебаҳо ёшлигини, чимилдиқ кўрмай нобуд бўлган икки навқирон акасини, беғубор туйғуларини йўқотган, урушдан оғир таассуротлар билан қайтган боболаримга хаёлим кетади.

Отамнинг отасини эслолмайман. Онамнинг отаси мени бошқа набираларидан айрича яхши кўргани аниқ-тиниқ ёдимда. Унинг медаллари кўп эди. Ҳаммаси сандиқда сақланарди. Бироқ бирор мактабми ёки муассасага уруш фахрийси сифатида чақирилса, доим желаги кўксига “Жасорат” медалини тақиб борарди.

– Бобо, бобо, нимага фақат шу медалингизни тақиб юрасиз? – деб сўрардим.

– Чунки бу медаль ўзимизники-да, – дерди бобом.

– Нима бошқа медалларингиз бировникими? – тағин ижикилаб сўрардим.

Кейин билдимки, бобомнинг ҳамма орден-медали тўккан қони, чеккан азияти эвазига берилган. Бироқ “Жасорат” мустақил юртимизнинг медали бўлгани боис ҳам бобом учун қадрли эди.

Халқимиз азалдан тинчликсевар, уруш-жанжалга муросасиз бўлгани тарихдан яхши маълум. Зеро, вақти замонида инсониятни кўп безовта, бесаранжом қилган фашизмга қарши боболаримизни отлантирган ҳам шу туйғу эдики, бугун улар эришган ғалабани биз, авлодлар шоён нишонлаймиз. Кўкрагимизни тўлдириб, тинчлик ҳавосидан тўйиб-тўйиб симирамиз. Бугунги кунларга шукрона, эртанги кунга ишонч билан яшаймиз.

 

“Ёшлик” журналининг 2016 йил 5-сонида чоп этилган.

 

Хайриддин МУРОД

1986 йили туғилган. ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультетини тамомлаган. Мақолалари республика матбуотида мунтазам чоп этилади.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.